Ортиқча кийим – ортиқча ташвиш. Бир футболка тарихи
Дунёда ишлаб чиқарилаётган ҳар бир футболка учун 2 700 литр чучук сув ишлатилади. Бу бир одам истеъмол қиладиган 2,5 йиллик сув деганидир.
Биз киядиган кийимнинг йўли пахта даласидан бошланади. Кейин тола, ип ва газлама ишлаб чиқарилади. Сўнгра бўяш ва тикиш. Ҳар босқичда сув, энергия ва кимё сарфланади. Матони тайёрлаш ҳали ҳеч нарса эмас – уни бўяш вақтида бўёқ ва кимё оқава сувга қўшилиб, яна ўша биз истеъмол қиладиган дарёларга оқади.
⦁ Дунёда ҳар йили тахминан 92 миллион тонна кийим-кечак чиқиндиси ҳосил бўлади.
⦁ Бу ҳар секундда битта чиқинди ташувчи юк машинаси дегани.
⦁ Фақат 1 фоиздан камроқ кийим қайта ишланиб, янгисига айлантирилади.
⦁ Ҳар йили тахминан 500 миллиард доллар кийим чиқиндиси туфайли йўқолади. Тушунишингиз учун, бу 50 та камбағал давлатнинг бир йиллик ялпи ички маҳсулотига баробар.
Дунё бўйича кийим сотуви 2000 йилдан 2015 йилгача икки баравар ўсди. Лекин фойдаланиш муддати 36 фоизга камайди. Яъни кўпроқ ишлаб чиқарилмоқда, камроқ кийиляпти.
Бу рақамлар шунчаки рақам бўлиб қоларди, агарда уларнинг табиатга етказадиган зарари бўлмаганда.
⦁ Тўқимачилик соҳаси йилига 1,2 миллиард тонна иссиқхона газини чиқаради. (Дунёдаги ҳамма учиб юрган самолётлар ва денгизда сузиб юрган кемалар чиқарган иссиқхона газини қўшиб ҳисоблаганингизда ҳам шунча бўлмайди. Кийимнинг иқлим ўзгаришига таъсири самолёту, кемаларникидан кўпроқ).
⦁ Кийим-кечак саноати туфайли ҳар йили океанга ярим миллион тонна пластик ташланади. Бу 50 миллиард пластик идишга тенг. (Шунча пластик идишдан занжир ясалса, Ер сайёрасини экватор бўйлаб 287 марта айлантириб ўраб чиқиш мумкин.)
⦁ БМТ маълумотига кўра, дунёдаги оқава сувларнинг 20 фоизи тўқимачилик бўёғидан чиқади.
Ўзбекистонда вазият қандай? Юртимизда одамларнинг даромади ўсиб бормоқда. Халқимиз яхшироқ кийиниш имконига эга бўлди. Аммо бу тўкинчилик ортидан исроф ҳам кириб келмоқда. Савдо марказларидаги «акция»лар туфайли арзон деб олинган кийим-кечак кўпинча жавонда қолиб кетмоқда.
Фараз қилайлик, юртимизда 37 миллион одамнинг ҳар бири йилига битта ортиқча футболка олади. Бу 37 миллионта дегани. Бу рақамни 2 700 литрга кўпайтирсак 100 миллиард келиб чиқади. Яъни тахминан 100 миллион куб метр сув биз киймайдиган футболкага сарфланмоқда. Бу эса тахминан 2,5 миллион кишининг бир йиллик сув истеъмолига баробар. Биз фақат футболка ҳақида гаплашдик. Жавонларда қанча кўйлак, шим, пальто ва бошқа кийимлар тахланиб ётибди.
Юртимиздаги маиший чиқиндида тўқимачиликнинг улуши йилига 55 минг тоннагача етади.
Хўш, бу масалаларга ечим борми? Бор!
1. Томчилатиб суғоришни кенг жорий этиш. Натижада 18 фоиздан 42 фоизгача сув тежалади ва ҳосилдорлик 10–19 фоизга ошади.
2. Қайта ишлаш. Эски кийимдан янги ип ва газлама тайёрланади.
3. Чиқиндисиз ишлаб чиқариш. Мато қолдиқларидан турли маҳсулотлар тайёрланади.
4. Сув тежайдиган бўяш технологиялари ва сифатли бўёқлардан фойдаланиш. Бунда оқава сув камаяди.
5. Сифатли кийим олиш ва «иккинчи ҳаёт» маданиятини жорий этиш: алмашиш, ижара, таъмир!
Экология - ҳар биримизнинг ҳаёт тарзимиз бўлиши лозим. Бунинг учун ҳар бир сотиб олинган кийимга «70 марта кийиш қоидаси»ни жорий этиш шарт. Олишдан олдин ўзингиздан сўранг: бу кийимни камида 70 марта кияманми?
Аслида биз азалдан тежамкор халқ бўлганмиз. Диний ақидамиз ҳам, аҳлоқий турмуш тарзимиз ҳам шунга асосланган. Бир тарихий мисол келтирсак, Чорсу яқинидаги Хўжа Аҳрор валий масжидини ҳаммамиз яхши биламиз.
Манбаларда келтирилишича, XV асрга тегишли ушбу масжид мато парчаларидан тушган даромад эвазига қурилган. Хўжа Аҳрори Валий мато қолдиқларини қайта ишлатиб, қуроқлардан чопон, дўппи, дастурхон, белбоғ, кўрпа тайёрлатган. Улардан тушган пул тўлиғича масжид қурилишига йўналтирилган.
Яқин-яқингача ҳам деярли ҳар бир хонадонда қуроқ дастурхон ёки кўрпача албатта бўларди.
Ёдингизда турсин - энг яхши кийим янги харид қилингани эмас, жавонингизда турганидир. Кейинги сафар савдо марказига боришдан олдин кийим жавонингизни очинг. Яхшилаб қаранг, балки сизга ҳеч нарса керак эмасдир.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter