Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Ўзбек орзуси»: унга қандай эришилади? Лойиҳани таниқли тадбиркорлар ҳам қўллаб-қувватлашяпти

«Ўзбек орзуси»: унга қандай эришилади? Лойиҳани таниқли тадбиркорлар ҳам қўллаб-қувватлашяпти

Фото: «Xabar.uz»

«Ўзбек орзуси» лойиҳаси ҳақида ОАВда эълон қилингач, аҳолининг компютер саводхонлиги ва инглиз тили бўйича билимларини оширишга ўз ҳиссасини қўшиш ниятида бўлган 65 нафар волонтёр лойиҳага қўшилди.

Лойиҳа раҳбари Тимур Аллаяровнинг маълум қилишича, «Ўзбек орзуси» ўзининг дастлабки натижаларини кўрсата бошлаган.

«Аввалига биз волонтёримизга имкон қадар кўпроқ ахборот ва билимларни беришни режалаштиряпмиз, ахир улар лойиҳанинг асоси ва таянчи ҳисобланишади, — деди Тимур. — Бугунги кунга қадар волонтёрларимиз учун иккита махсус тренинг ўтказдик. Уларга Мюнхен университети докторанти иштирокида баҳсли ҳолатларга ечим топиш ва шахсни шакллантириш, шунингдек электрон ҳукумат тизимидан фойдаланиш бўйича тайёрланган дастур таништирилди. Авваламбор, биз волонтёрларимизни электрон ҳукумат тизимининг тўлақонли фойдаланувчисига, таҳлилий ва ижодий фикрлайдиган, психологиянинг асосий тушунчаларига эга истиқболли мутахассисларга айлантиришни истаймиз. Шу мақсадда жорий йилнинг 20 январида «Ўзбектелеком» АК кўмагида «Республикада фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни ривожлантириш истиқболлари» мавзуида махсус конференция ташкил этмоқчимиз.»

Эътиборлиси, юртимизда муваффақиятли фаолият олиб бораётган тадбиркорлар ҳам ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлаш ташаббуси билан чиқишмоқда. Улар лойиҳа доирасида кам таъминланган ва қийин шароитли ёшларга ўз билимлари ва тажрибасини улашиш ниятидалар. Мисол учун Ҳасан Мамасаидов (Dekos раҳбари) ва Зафар Ҳошимов (Korzinka.uz супермаркетлари раҳбари) бизнесни ташкил этиш бўйича маҳорат дарслари ўтказишга тайёрлигини билдирган.

Лойиҳанинг тажриба талқини «Ўзбек орзуси» волонтёрларининг махсус тайёргарлиги якунланиши билан Тошкент шаҳрининг Сергели туманида ишга туширилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ушбу лойиҳага Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда «Ўзбектелеком» АК кўмагида мамлакатимизнинг фаол ёшлари билан биргаликда кам таъминланган оилалар ҳамда қийин шароитли ёшларга компютер саводхонлигини ўргатиш ва инглиз тили бўйича махсус курсларни ташкиллаштириш мақсадида асос солинган.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг