Ўзбекистонликлар энди Швецияда ишлаши мумкин бўлади
Ўзбекистон ва Швеция ўртасида «Миграция ва мобиллик тўғрисида»ги битим ҳамда миграция ва мобиллик бўйича пилот дастурни амалга ошириш юзасидан Қўшма декларация имзоланди.
Мазкур ҳужжатлар ўзбекистонликлар учун Швецияда қонуний ишлаш, ўқиш ва яшаш имкониятларини тартибга солувчи давлат томонидан кафолатланган ҳуқуқий механизм ҳисобланади.
Битим доирасида тиббиёт, техника, хизмат кўрсатиш ва парваришлаш соҳаларидаги малакали мутахассисларни Швеция меҳнат бозорига тайёрлаш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилади. Шунингдек, ўзбекистонлик номзодларни швед иш берувчилари билан боғлаш механизмлари яратилади.
Ҳужжат талабалар, докторантлар ва ёш тадқиқотчилар учун академик алмашинув имкониятларини кенгайтиришни ҳам кўзда тутади. Бундан ташқари, миграция дастурлари иштирокчилари ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қўшимча кафолатлар жорий этилади.
Шу билан бирга, виза тартибларини соддалаштириш ва дипломатик паспорт эгалари учун 30 кунлик визасиз режимни жорий этиш белгиланган. Ноқонуний миграция, одам савдоси ва ҳужжатларни қалбакилаштиришга қарши қўшма механизмлар ҳам кучайтирилади.
Маълум қилинишича, Халқаро миграция ташкилоти иштирокида амалга ошириладиган пилот дастур доирасида Швеция меҳнат бозори эҳтиёжлари ўрганилади, шунингдек, швед тили ва касбий тайёргарлик дастурлари йўлга қўйилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter