«Ўзмиллийбанк» таълим соҳасида тадбиркорларга кўмак кўрсатмоқда
«Ўзмиллийбанк» АЖ томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Андижон вилоятига пресс-тур ташкил этилди. Куни кеча сафарнинг биринчи куни тафсилотлари эълон қилинган эди.
Пресс-турнинг иккинчи кунида ҳам банкнинг молиявий кўмагида Андижон вилоятининг сервис соҳасида амалга оширилган янги лойиҳалари билан таништирилди. Жумладан, вилоятнинг Избоскан туманида янгидан барпо этилган 120 ўринга мўлжалланган мактабгача таълим муассасаси 2023 йилнинг сентябрь ойида иш фаолиятини бошлаган. Умумий лойиҳа қиймати 5 млрд сўм бўлган ушбу муассасасани жиҳозлаш мақсадида тадбиркор банкнинг молиявий кўмагидан фойдаланди.
-Аслида, бу ҳудудда боғчага бўлган талаб ниҳоятда катта, - дейди тадбиркор Дилобар Жабборова. - Шу боис ўзим таълим соҳасидаги кўп йиллик тажрибамдан фойдаланиб, мактабгача таълим муассасаси очишга қарор қилдим. Махсус лойиҳа асосида замонавий боғчани қурдик ва Ўзмиллийбанк ажратган имтиёзли кредит асосида уни жиҳозладик. Ҳозирда 120 нафар болага 8 нафар тарбиячи рус ва ўзбек тилларида таълим беради. Гимнастика, инглиз тили тўгараклари ҳамда логопед-психолог болажонлар билан алоҳида шуғулланади.
Дилобар Жабборованинг мақсадлари фақат шу эмас. Яқин йилларда хусусий мактаб очиш истагида эканлигини ва бу борада Ўзмиллийбанк билан ҳамкорлик қилиш таклифини ҳам маълум қилди.
Ҳозирда вилоят иқтисодий кўрсаткичларида хизматлар соҳасининг улуши ҳар қачонгидан ортиқ. Маълумот учун, Андижон вилоятида 2022 йилда аҳоли жон бошига кўрсатилган хизматлар ҳажми 5,95 млн сўмни ташкил этган бўлса, 2023 йил якуни билан 109,0 фоиз ўсишга эришилиб, кўрсаткич 6,49 млнга етказилди. Бу кўрсаткичлар бўйича Асака туманида 2022 йилда аҳоли жон бошига кўрсатилган хизматлар ҳажми 4,24 млн сўмни ташкил этган бўлса, 2023 йил якуни билан 106,8 фоиз ўсишга эришилиб, кўрсаткич 4,52 млнга етказилди.
Пресс-тур иштирокчиларининг сўнгги манзили «Ўзмиллийбанк» АЖнинг Андижон вилоят Асака банк хизматлари маркази бўлди. «Ўзмиллийбанк» АЖ Андижон вилояти Асака банк хизматлари маркази 1998 йил январда ташкил этилган бўлиб, ҳозирда 32 нафар профессионал мутахассислар мижозларга сифатли банк хизматларини кўрсатиб келмоқда.
Асака банк хизматлари маркази томонидан жами 50,1 мингта мижозларга хизмат кўрсатилади. Шундан 48,3 мингтаси жисмоний шахслар ва 1,8 мингтаси юридик шахслар ҳисобланади. Жисмоний шахсларнинг жами депозит қўйилмалари 8,8 млрд. сўмни ташкил этади. Тўлов пластик карточкаларидан фойдаланишда қулайликлар яратиш мақсадида жойларда 2 та банкомат, 182 та савдо терминаллари дислокация қилинган.
Асака банк хизматлари маркази томонидан ўтган 2023 йил давомида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 84,1 млрд сўмдан ортиқ кредитлар ажратилди. Бунинг натижасида 70 нафарга яқин янги иш ўринлари яратилди.
Фуқароларнинг яшаш шароитларини яхшилаш, уй-жой билан таъминлаш учун давлат дастурлари доирасида ҳамда банкнинг ўз маблағлари ҳисобидан бирламчи ва иккиламчи бозордан уй-жой харид қилиш учун 140 нафардан ортиқ фуқароларга 42 млрд сўмдан ортиқ ипотека кредитлари ажратилиб, 140 нафардан ортиқ оилалар янги уйларга кўчиб кирдилар.
530 нафардан ортиқ жисмоний шахсларнинг маиший эҳтиёжлари учун, жумладан автотранспорт воситаси сотиб олиш, уй-жойларини таъмирлаш, тўй ва бошқа оилавий маросимларини ўтказиш, таълим олиш ҳаражатларини қоплаш учун 14,4 млрд сўмдан ортиқ кредитлар ажратилди.
Бугунги кунда «Ўзмиллийбанк» АЖ Андижон вилояти Бош бошқармаси таркибида 3 та БХМ (Андижон амалиёт БХМ, Асака БХМ, Мархамат БХМ), 4 та БХО (Шахрихон БХО, Пахтаобод БХО, Избоскан БХО ва Қўрғонтепа БХО) мавжуд.
Бундан ташқари, аҳолига валюта амалиётларида қулайликлар яратиш мақсадида вилоят ҳудудида банк хизматлари марказига тегишли 21 та валюта айирбошлаш шохобчаси ва 24/7 режимда хизмат кўрсатувчи 3 та автоматлаштирилган валюта айирбошлаш шохобчаси (банкомат) хизмат кўрсатмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, «Ўзмиллийбанк» нафақат мижозлар учун, шунингдек, мамлакатимиз иқтисодиёти равнақи учун ҳам ўзини масъул деб билади. Асосийси, янги ташаббус ва илғор таклифли юртдошларимизни ҳар доим молиявий қўллаб-қувватлайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter