Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Пул ўз аҳамиятини йўқотган кун – оддийлик ҳақида эссе

Пул ўз аҳамиятини йўқотган кун – оддийлик ҳақида эссе

фото: theidealist.ru/valueofmoney

Тошкентга келиб оёққа тургунимизча, саккиз жойга кўчганмиз. Ижарада турган уйларимиз доимо текин бўлган, сабаби шароитсиз жойлар эди. Бири чала қурилган, бири ташлаб кетилган, бирига шунчаки қоровул керак. Шароитли уйда яшашга пулимиз йўқ эди. Ҳа айтганча биргина уйга ижара ҳақи тўлаганмиз. Уйнинг эгаси холани илк марта кўрганимдаги таассуротим: одми, ранги унниққанроқ кўйлак кийган, пойафзали ҳам урфдан қолган эди. Кейинчалик бу аёлнинг фарзандлари йўқлигини, аммо чоли билан жуда аҳил эканлигини билдим. Уйини бизга пулини қачон топсак бўлиб-бўлиб бериш шарти билан сотганининг ўзи бир мавзу... аммо гап бу ҳақда эмас. Эр-хотин олий маълумотли бўлишига қарамай, жуда одми яшаши, одми кийиниши ва оддий овқатланишида эди. У пайтлари мен пулим кўпайса қиммат ресторанларда овқатланишни, бренд кийимларни кийишни орзу қиладиган, тўлиқ бахтни мана шунда деб биладиган фикрда эдим. Одми кийинган чол ва кампир эса кўзимга хасис ва ўзини яхши кўрмайдиган одамлардек кўринган, анча пайтгача уларнинг туриш-турмушининг маъносини тушунмаганман...

Бугунги дунё-чи?

«Харид қил, кўпроқ истеъмол қил» деб бақиради. Рекламалар, блогерлар, ҳатто дўстлар, қариндошлар ҳам, гўёки одамлар бир-бирини ҳаваслантириш, ҳасадлантириш ёки замонавий тилда айтганда мотивация бериш учун пойга ўйнаётгандек: янги гаджетлар, мода кийимлар, ресторанлар, зиёфат ва гап-гаштаклар. Ҳаётнинг мана шу ғилдирагида айланмасангиз гўёки замондан орқада қолиб кетгансиз...

Лекин бу қандай ҳаёт? 

Йиллар давомида шундай бир нарсани англадим: камроқ билан яшаш мумкин экан. Ҳа, кўпроқ ишлаб, кўпроқ сарфлашни орзу қилган пайтлар ҳам бўлган. Аммо вақт ўтиб борган сари ҳаёт менга бошқа ҳақиқатни ўргатди – тежамкор яшаш бу камбағаллик эмас, бу ўзини, ҳаётни, атрофдагиларни яхши тушунишдир. Лекин бу нарсани ҳамма ҳам бирдек қабул қилмайди. Кимдир тежамкор сўзини эшитса, дарров камбағалликни, ҳатто хасисликни тасаввур қилади. Мен эса тежамкорликни ички дунё билан боғлагим келади.

Тежамкорлик – маданиятми ё маънавият?

Узоқ йиллар давомида ўргандим: кам нарса билан яшаш нафақат мумкин, балки ҳаётни енгиллаштирадиган бир неъмат экан. Тўқчилик ва йўқчиликни кўрган авлодман. Ҳамма нарса етарли бугунги кунда мен ҳув ўша юз грамм арзон сариёғни, хашак чойни олган кунларимни эслайман. Балки ўшанда қачонлардир фаровон кунларим келишини кутиб энтиккандирман ҳам. Аммо ўша кунлар келди, мен ўйлагандек завқ-шавққа тўлиқ эмас эди бу кунлар. Демак на йўқлик на тўқлик инсонни ўзи истагандек бахтли қила олмайди. Пулинг бор бўлиб моддиётдан устун турган кунингдан ўзингни бахтли ҳис қилиш бошланаркан. Бу на йўқликда фаровон ҳаёт келишини кутганингдагидек энтикиш ёки пулинг бўлганингда ўзингга истаган нарсани раво кўрганингдаги оний қувончдан бошқачароқ туйғу. Тежамкорлик – мен учун шунчаки фақат сарф-харажатни камайтириш эмас...

У онгли танловми?

Бу дегани, ҳар бир тийин қаерга кетаётганини билиш, ҳар бир харид ҳақида ўйлаш ва энг муҳими – ҳақиқий эҳтиёжни орзу-истакдан ажрата билиш? Масалан, менда битта севимли сумка бор. Ҳар йили янги модага эргашмайман, шу сумкани тутаман. У ишончли, мустаҳкам ва қулай. Яъни мода менга хизмат қилмайди, мен ҳам модага хизмат қилмайман.

Тежамкорлик – бу камбағаллик эмас. Бу бойликка бошқача қараш. Тилла тақинчоқларни эмас, хотираларни йиғиш.

Тежамкорликни онгли танлаган кунимдан бошлаб ҳаётимдаги ҳар бир «йўқ» – бошқа бир «ҳа» учун жой бўшатди. Янги кийим ва янги пойафзалларга йўқ десам, яқинларим, фарзандларим билан саёҳатга «ҳа» дейман. Масалан қиммат косметикага «йўқ» десам, эҳтиёжманд одамга совға олишга «ҳа» дейман. Менимча, бугунги кунда тежамкорлик фақат иқтисодий масала эмас. У – маданият. У – эркинлик. У – қалб тарбияси.

Яқинда бир дугонамникига меҳмонга бордим. Туппа тузук ошхонадаги қозонларидан воз кечмоқчи. «Йўқ, шошма, дедим, сенга нимаси ёқмаяпти. Ҳали янгидек, шунчаки сен телевизордаги рекламаларга алданаяпсан», дедим. Дидро эффекти ҳақида эшитганмисан...

Дидро эффекти ёхуд қизил халат қулига айланган файласуф

18 асрда яшаб ўтган француз файласуфи Денис Дидрога бир куни қизил халат совға қилишади. Ҳаммаси шундан бошланади. Янги халат шкафдаги эски буюмлар орасида ўзини жуда ноқулай «сезади». Дидро шу халатга мослаб мебелларни – аввал столни, диванни, кейин гиламни, ҳатто картинкаларни алмаштиришгача боради. Қарасаки, бу занжирнинг кети узилмайди. Анчагина пул сарфлайди. Шунда у айтади: «Мен эски халатимнинг эгаси эдим, янги халатнинг қулига айландим! Эски халатим билан хайрлашганимдан афсусдаман.»

Сен пул бўлгандан кейин ишлатиш керак-да деб ўйлайсана, дейман унга. – Тўғри  пулни биз сарфлаш учун топамиз, аммо меъёрдан ошиб кетса аниқ мақсадларимиздан чалғиймиз – битта янги маҳсулот бошқа харидларни эргаштириб келади.

Масалан, сен бу йил янги пальто олмоқчисан, пулни шунга режалагансан. Аммо янги пальтонгга этик тўғри тушмаётгандек, ярашмаётгандек туюлади. Янги этик сотиб оласан. Қарабсанки унга сумка мос келмаяпти – сумка оласан. Шундай қилиб сен режаланганидан кўра кўпроқ пул сарфлайсан.  Биласанми ҳаётдаги кераксиз нарсалар ва ортиқча анъаналардан халос бўлиш, сен илгари ҳеч қачон бошдан кечирмаган бахтни топишга ёрдам беради. Буни минималистча турмуш тарзи дейишади, дейман ўртоғимга астойдил билағонлик қилиб.

Минималист турмуш тарзи нима?

Бу фақат керак бўлган нарсалар билан яшашни ва кераксиз нарсаларни ташлашни англатади, керак бўлмаган нарсаларни сотиб олмасликни ўргатади. Минималист кўп кийим-кечак, янги жиҳозни сотиб олмаслик, энг сўнгги гаджетга эга бўлмаслик ёки каттароқ уйга эга бўлишни хоҳлаш истагидан халос одам.

Кичкина уйда яшашни афзал кўрадиган, озгина кийим-кечакка ва кам жиҳозларга қаноат қиладиган минималистлар бор, баъзилари эса атроф-муҳитга камроқ чиқинди чиқариш учун минималист бўлади. У бирор нарсани сотиб олишга қарор қилишдан олдин ўзидан сўрайди: «Бу нарса менга ҳақиқатан ҳам керакми?»

Минималист турмуш тарзида яшаётган одамнинг кўпроқ пулга эга бўлиш имкони бор. Унинг заҳирада пули борми демак молиявий стрессдан ҳоли. Чунки у фойдасиз нарсаларни сотиб олишдан қутулган, яъни у пулини узоқ муддатли, фойдали, қиммат нарсага сафрлаши мумкин.

Минималист уйни тозалашга ҳам кам вақт сарфлайди. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ўртача америкалик хонадонда бир одам ойига камида 24 соат уй тозалайди. Агар одам камроқ нарсага эга бўлса, у тозалаш ишларига ҳам камроқ вақт ажратади. Уй тозалашдан ортган вақтини самаралироқ ва муҳимроқ юмушлар учун сарфлайди.

Катта, данғиллама уй катта жойни англатади, демак уни тўлдириш учун ҳам кўп нарса харид қилиш керак. Катта, нарсалари кўп хонани тозалаш учун ортиқча вақт ва куч талаб этилади. Биз ўзимизни чарчатиш ва тозалашга кўпроқ вақт кетказамиз, яъни керак бўлмаган нарсаларга пул сарфлаймиз. Бу мантиқий эмас, яъни биз ўзимиз учун ўзимиз ноқулайликни яратамиз.

Мутахассислар ортиқча нарсаларнинг ҳатто соғлиққа зарарини аниқладилар. Юқори қон босими, депрессия, уйқу ва овқатланиш тартибидаги ўзгаришлар, бош оғриғи, чарчоқ, овқат ҳазм қилиш муаммолари шулар жумласидан.  Минималист бўлиш фақат ўз манфаатинг учун эмас, яъни сен бу билан она заминга ёрдам берасан. Камроқ нарсага эгалик қилиш орқали биз чиқиндилар ва чиқиндихоналарни камайтиришга ҳисса қўшамиз. Биз яшаётган она сайёрани авайлаш бизнинг моддий истакларимиздан кўра муҳимроқдир. 

Мен гапиравердим, гапиравердим у ҳар ҳолда жим эшитди, кейин «ҳаааа, деди чўзиб ўзимизнинг жайдаричасига айтсак пишиқлик, тежаб тергаш-да.»

Тежамкорлик, минималистик ҳаёт ҳақида кўп ёздим ва таниш-билишлар орасида шу фикрни ўртага ташладим, кам нарса билан ҳам бахтли бўлиш ҳақида гапирсам, баъзилар эшитади, аммо ҳалиям одамлар гапиради деган иддаодан қутула олмаётган аёллар қиз узатиш арафасида 10 талаб кўрпа, 10 талаб ёстиқ, чинни идиш, сарпо суруқ ичида адашиб улоқиб юрибди.

Баъзида улардан сўрайман: «онангиз ҳам емай-ичмай сизга кўрпа тўшак қилган, ишлатмаганларингиз ҳам борми?»

Улар «нимасини айтасиз аввалгидай бола ҳам кўп эмас, ётиб қоладиган меҳмон ҳам, лекин шу тахмон-тахмон кўрпа-кўрпача қилиш урф-одатда энди нима қилайлик», деб жавоб беришади. Мен учун эса мана шу тахмондаги кўрпалар ишлатилмаган, бирор эзгуликка хизмат қилмаган пулларга ўхшаб кўринади...

Минималист ҳаёт тарзи, тежамкорликни қўллаб-қувватлай бошласангиз сизни биладиган, билмайдиганлар шундай хулоса қилишади:  «у камбағал ёки зиқна...». Савол туғилади: менга кимнинг баҳоси муҳим, жавоб эса жуда оддий – ўзимники.

Сиз сарф-харажатларингизни назорат қилишни бошлашингиз одамларга самимийроқ бўлиш учун имкониятини беради. Яқинларингиз билан вақт ўтказиш учун бренд кийимлар, янги машиналар, ресторанлардаги тўйлар керак эмас. Онгли ҳаётни танлаган кунингиздан бориб-бориб атрофингизда ўзингизга мос одамлар қолади, қачонлардир тарк этганлари қайтади, ҳатто қаттиқ боғланганларингиз кетади.

Шундай кунларнинг бирида...

Атрофимга яна бир пайтлар йўқчиликда топишган дугоналарим пайдо бўлди. Орадан йигирма йил ўтиб-а. Бу орада бир-биримизни йўқотдик. Ҳар биримиз бола-чақа ташвиши билан овора эдик. Ҳаммамиз ўқидик, ишладик, йўқчиликни кўрдик, моддий тўкинликка эришдик. Бир-биримиздан узилганимизнинг сабаби кўнгилларимизда самимий суҳбатлар эмас моддий тўкинлик ташвиши бўлгандир. Аммо орадан вақт ўтиб англаб етдикки у ҳаёт биз учун эмас. Худди йўқчилик давридагидек яна бирлашдик, кимларгадир айтсанг ишонмас, ҳеч биримизга тўкин ҳаётимиз қизиқ эмас эди.

«Янги кийим кечак, янги идиш товоқ қизиқ бўлмай қўйганига анча бўлган, ҳозир ҳеч нарса олмайман, дейди – Комила опа бир суҳбатимизда. – ишонасизми ўнта косам бор етиб ортади, онамдан қолган мен учун қадрли, шуни англадимки ортиқча нарсалар мияни чалғитаркан... Онам раҳматли ёш ўтиб кетди, идиш-товоқларининг саноғи йўқ эди, қаерларда қолиб кетди, билмайман, шунча нарсага имкон топди, аммо соғлиғига маблағ топилмади. Ҳаётни енгиллаштириш учун харид қилиш шарт эмас экан. Аксинча, кам нарса билан кўп нарса қилиш – бу ҳаётнинг энг катта санъати. Ҳозир даромадим бор, ёлғиз бошим билан фарзанд тарбияладим, ортиқча пулим бўлса бозорга чопмайман, ваҳоланки мен топаётган пул ҳозирги урфдаги идиш-товоқ, кийим-кечак, қиммат ресторанларга бемалол етади, аммо булар нимагадир ҳузур бермай қўйган... кимгадир ёрдам беролсам, эҳтиёжманд одамнинг кўзи кулганини кўрсам, нарсалик бўлгандек қувонаман...»

Қачонлардир мен ҳам уй қуриш орзусини мақсад деб билганман. Қиммат мебель, замонавий маиший техника, безакли пардалар – менинг тасаввуримда уй шундай бўлиши керак эди. Лекин энди биламан: уй – у жой эмас, балки ҳаловат топадиган маскан. Уй тинчлик ва самимийлик бор жой.

Биз уй қурдик, кам пул билан, кам буюм билан. Бироқ у ерда кўпроқ бахт, кўпроқ сукунат, кўпроқ «ўзимни топдим» деган ҳис бор.

Энди мен кўпроқ яшашга ҳаракат қилмайман, яхшироқ яшашга ҳаракат қиламан. Яхшироқ дегани кўпроқ нарса эмас, яхшироқ дегани камроқ ташвиш, яхшироқ дегани кўпроқ маъно, кўпроқ хотиржамлик. Бир ой, икки ой, бир йил ўтди қарасам, кам нарса билан яшаш менга осонроқ, ҳатто қулайроқ. Бир хил кийим, бир хил идиш, бир хил диван – лекин ҳар куни хотиржамлигим ўсгандан ўсди.  Ҳиссиётларим тарқоқ эмас, орзуларим аниқ.

Шундай пайтлар бўлади: бозорга чиқсам, янги идишлар, рўзғор буюмлари ёки кийим-кечакларни кўраман. Қалбим шивирлаб қўяди: «ол», дейди. Лекин у овозга бошқа овоз қарши чиқади: «Бу қувонч узоққа чўзилмайди, кейин уям ётади бир бурчакда ивирсиб, сенга шу керакми?»

Ҳа, бу осон эмас. Исрофни чеклаш учун инсон ўз нафси билан дўстлашиши керак. Ҳар «йўқ» – бу катта «ҳа»га йўл очади: қарз олиш учун  «йўқ», – ички хотиржамлик учун «ҳа». Кундалик майда нафсларга «йўқ», – келажакдаги мақсадга «ҳа». Мен шундай яшашни танладим. Ва буни кичик ғалаба деб биламан. 

Ўзига тўқ аёлни биламан. Ҳар куни кўраман: одми кийимда бошқаларга ўхшамайди. Ҳатто баъзан ўйлайман, балки маломат қиламан: «эҳтимол у хасисдир, пулни ўзидан аяйди…»

Кеча яна уни кўриб қолдим. Аёл қўлида эскироқ сумкаси… банкка кирди. Демак ўйладим, омонатга пул қўяди, бир хил одамлар шунақа емай-ичмай пул йиғадия, мен тежамкорликни тарғиб қилсамда, бундай хасисликни оқламайман.

Бошда аҳамият бермадим. Кейинроқ билишимча: у банкка пул қўяркан ва... йиғилган пулларини бемор болаларга бериш учун касалхонадан бемор қидираркан... интернетда пул сўраётганлар тиқилиб ётибди, дейишса аёл, биринчидан интернетни унчалик тушунмайман, иккинчидан ишонмайман, учинчидан касалхонада мен аниқ беморларга дуч келаман, ҳар сафар уларни кўрганимда пул ҳаётимдаги энг аҳамиятсиз нарсага айланади...

Йўқ, у бой эмас. У ҳаётдан кўп нарса талаб қилмайди. Унинг кўзларида «менга яна керак» деган чексиз талаб йўқ. Унда «менга шу кифоя» деган сўзсиз қаноат бор.

Шунда англадим: баъзилар учун эҳсон – бу сарф, бировлар учун эса – бахт, ҳузур. У пулни ўзини хурсанд қилиш учун эмас, бошқани шод қилиш учун тежайди. У кам истайди, лекин кўп бахт улашади. У берган ҳар бир сўм – нафaқат беморнинг табассуми, балки ўз юрагидаги эзгуликни ойнада кўришдир.

Аёлда шундай завқ кўрдимки, унинг қалбида яхшилик қилиш худди бренд сумка тутишдек эмас, ундан ҳам юқорироқ ҳиссиёт бўлиб «ёнади». Ана шу завқ – энг гўзал завқ.

Сўнги русмдаги сумка эса… у аллақачон унутилади. Чунки модалар ҳам, нархлар ҳам, дунё ҳам ўзгариб туради. Аммо яхшилик унутилмайди.

Эссенинг бошида эсингиздами бизни ижарага қўйган аёлнинг эски пойабзалини кўриб, ичимда «шуям яшашми» деб ўйлаганим, мазза қилиб яшаш ўрнига фақат уй олаверарканда деб ичимда ёзғирганман. Яқинда эшитдим вафот этибди –  барча уйларини  уч нафар етим болага мерос қилиб қолдирибди. Балки унинг тежаб яшашидан мақсади аввалданоқ кимларнингдир ҳожатини чиқариш бўлгандир. Бу оддий яшаш, кам нарсага қаноат қилиш, ўзига ортиқча нарсаларни раво кўрмаслик, балки ўзининг бойлигини бошқаларга  ёрдам сифатида бериш қарорини қабул қилиш – бу хислат ва ҳаётни янгича идрок этиш эди.

Эссени тугатиш арафасида ижтимоий тармоқларда охирги марта қанча пулга кийим олдингиз деган сўровга бир аёл, 400, 500 долларга олдим, ўзимни севаман ва бу учун пулни аямайман, деб ёзгани эътиборимни тортди. Кимдир 400 долларлик кўйлакни «ўзини севиш» деб қабул қилар, ҳаётнинг қисқалигини рўкач қилиб, кўнгли тусаган ҳар бир нарсага беаёв пул сочар. Унинг хаёлида, кийим қанчалик гўзал бўлса, руҳ шунчалик шод, ҳаёт шунчалик гўзал бўлиб кўринар. Бундай қарашда жон бордир, аммо менинг кўз олдимда бутунлай бошқа манзаралар намоён бўлади. Оддийгина чит кўйлак кийган, лекин қалби чексиз меҳр ва бағрикенгликка тўла Нафиса опа каби инсонлар... Улар бемор ва етим болаларнинг нажот фариштаси эмасми?

Масалан Комила опа онасидан эсдалик бўлиб қолган чинни косаларда меҳмон кутади. Марҳума онасини ҳар бир косага қўл теккизганда, қалби тўлиб, муҳаббат билан эслайди. Умуман олганда, эски буюмларда хотира, сабр ва шукр яшайди. Қалбан бой одамлар ҳеч қачон арзон кийимда ўзларини камситилгандек ҳис қилмайдилар. Улар учун қиммат кийим эмас, балки олижаноблик муҳимроқ. Улар учун ўзини севиш – бу нафақат ўзини, балки атрофдагиларни ҳам қадрлаш, уларнинг дардига шерик бўлиш, уларга яхшилик улашишдир. Улар озгина нарса билан ҳам чексиз бахтли бўлиш мумкинлигини теран англайдилар. Ва энг гўзал, энг таъсирли эртаклар айнан шундай инсонларнинг қалбида яратилади, айнан шундай инсонлар ҳақида ёзилади...

Бир инсоннинг тежамкорлиги, оддий, ҳашаматсиз яшаши бошқалар учун нажотга айланади: сиз учун ўз аҳамиятини йўқотган пул эҳтиёжманд учун қимматли кўмакка айланади. 

Сизнинг-чи, сизнинг ҳикоянгиз борми? Ўзимдан ортса саховат қиламан деган эмас, ўзимга кам сарфлаб эҳтиёжмандни хурсанд қиламан деган одамлар ҳақида ҳикоялар ёзишни, айтиб беришни истайсизми?

Барно Султонова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг