Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Уддабурон Йохан Кройф ва айёр Пеле ҳақида

Уддабурон Йохан Кройф ва айёр Пеле ҳақида

Йохан Кройф

Фото: «Sports.ru»

1974 йилги Жаҳон чемпионатида Беккенбауэр, Мюллер ва Брайтнер каби юлузлари билан мезбон Германия Федератив Феспубликаси футболчилари ғолиб чиқишди. Бироқ кўпчилик энг кучли жамоа деб, шубҳасиз, Голландия миллий терма жамоасини тан олишди. Афсонавий мураббий Ринус Михелс Ғарбий Германияда ўша даврнинг энг кучли универсал футболчилари — Крол, Нескенс, Ренсенбринклар орқали тотал футболни намойиш этиб, ҳаммани лол қолдирган эди.

Ҳар бир голланд футболчиси ўзига хос истеъдод соҳиби бўлиб, уларни бошқа бири билан солиштириб бўлмасди. Аммо, асосий юлдузни танлашга келганда, барча бирдек фикрни билдирарди — Йохан Кройф. У турнир давомида 3 гол киритди ва ўзининг такрорланмас айланма финтини намойиш этди. Ўша даврнинг юлдузи ҳисобланган Йохан фақатгина майдондаги ҳаракатлари билан чекланиб қолмади. Чемпионатдан олдин унда яхшигина молиявий ҳомийлар пайдо бўлган, унинг футболкаси гигант-брендлар «Adidas» ва «Puma» классик қарама-қаршилигининг бир бўлагига айланди.

Чемпионат бошланишига оз вақт қолганида Голландия футбол федерацияси «Adidas» билан ҳомийлик шартномасини имзолади ва жамоанинг тўқ сариқ рангли либосларида спорт фирмасининг анъанавий уч чизиғи пайдо бўлди. Бу ҳақда терма жамоа футболчиларига маълум қилинмади. Кройф бу хабарни эшитгач жуда ғазабланди. Сабаби футболчининг бошқа бир спорт компанияси — «Puma» билан шахсий шартномаси бор эди. «Puma King» бутсаларида майдонга тушадиган футболчи рақобатчи-бренднинг футболкаларидан фойдалана олмасди.

Ана шундай қалтис вазиятдан Йохан сихни ҳам, кабобни ҳам куйдирмай, усталик билан чиқиб кетди. Икки томон амалдорларига ҳам имконият қодирилмади. Барчаси жуда оддий ҳал қилинди: Кройф футболкасидаги чизиқлардан бирини олиб ташлади ва унинг принциплари ва пуллари ўзида қолди.

Йохан Кройф ҳақиқатан ҳам Рудолф Дасслер томонидан асос солинган фирмани жуда яхши кўрарди. Голландиялик юлдуз фаолиятининг катта қисмида эндиликда унинг номи билан ёнма-ён эсланадиган «Puma King» бутсаларида тўп тепди. Ваҳоланки, мазкур модел 1970 йилдаги Жаҳон чемпионати финалида кимсан Пеле томонидан айёрона тарза реклама қилинган эди. Ўшанда «футбол қироли» бутсасининг ипини боғлаб олиш учун ҳакамдан бир неча сония сўрайди. Тасвирга олиш режиссёрлари эса воқеани, шу билан бирга, «Puma» логотипини йирик планда дунёга намойиш этади...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг