Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Давлат бошқарувида ягона рақамли платформа жорий этилади

Давлат бошқарувида ягона рақамли платформа жорий этилади

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат бошқарувида ягона интеграциялашган рақамли платформани жорий этиш, стартаплар экотизимини ривожлантириш ва телекоммуникация соҳасида тадбиркорлик муҳитини яхшилашга бағишланган тақдимот Президент Шавкат Мирзиёевга намойиш этилди.

Сўнгги йилларда мамлакатда рақамли давлат хизматлари кенгайиб, давлат идораларида замонавий ахборот тизимлари жорий этилди. Бунинг натижасида Ўзбекистон БМТнинг «Электрон ҳукумат» рейтингида 24 поғона юқорилади. 2030 йилга қадар мамлакатни мазкур рейтингнинг энг кучли 30 давлати қаторига олиб чиқиш мақсад қилинган.

Маълум қилинишича, жорий йил якунига қадар рақамли хизматлар сони 880 тага, улардан фойдаланувчилар сони эса 15,5 миллион нафарга етиши кутилмоқда. 2024 йилда бу кўрсаткичлар мос равишда 525 та хизмат ва 4 миллион фойдаланувчини ташкил этган.

Тақдимотда давлат органларидаги маълумотлар базалари ва ахборот тизимлари тарқоқ ҳолда шакллангани, бу эса таҳлил ва қарор қабул қилиш жараёнларида ягона ёндашувнинг етишмаслигига сабаб бўлаётгани қайд этилди.

Шу муносабат билан давлат бошқарувининг ягона интеграциялашган рақамли платформасини босқичма-босқич жорий этиш таклиф қилинди. Тизимда ҳудудлар иқтисодиёти, инвестициялар, экология, хавфсизлик, аҳолини қийнаётган муаммолар, маҳаллалар фаровонлиги, фазовий маълумотлар ҳамда объектлар ягона рақамли муҳитда жамланади.

Платформа сунъий интеллект технологиялари асосида маълумотларни таҳлил қилиб, ҳудудлардаги муаммоларни эрта аниқлаш, қарорлар ижросини мониторинг қилиш, ресурсларни самарали тақсимлаш ва давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш имконини беради. Президент жорий йилда ушбу тизимни Тошкент шаҳрида, 2027 йилдан эса барча ҳудудларда жорий этиш зарурлигини таъкидлади.

Тақдимотда товар ва хизматларнинг ягона миллий таснифлаш тизимини ишга тушириш ҳам таклиф этилди. Бу тадбиркорлар учун бюрократик жараёнларни қисқартириш, давлат идоралари ўртасидаги маълумот алмашинувини соддалаштириш ва статистик ҳисоботлар аниқлигини оширишга хизмат қилиши қайд этилди.

Шунингдек, миллий навигация тизимини яратиш, 2030 йилга қадар АТ экспортини 5 миллиард долларга етказиш, 5 мингта стартап ташкил этиш ва 2 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш режалари тақдим этилди. Телекоммуникация соҳасида лицензиялаш тартибини соддалаштириш, янги уйларни юқори тезликдаги интернет инфратузилмаси билан лойиҳалаш ҳамда соҳада тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича қатор таклифлар маъқулланди.

Президент мутасаддиларга давлат идоралари маълумотларини интеграция қилиш, рақамли хизматлар сифатини ошириш, киберхавфсизлик ва шахсий маълумотлар ҳимоясини таъминлаш, шунингдек, хусусий сектор учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича аниқ топшириқлар берди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг