Ўзбекистон 2027 йилда МДҲга раислик қилади: Мирзиёев устувор йўналишларни белгилаб берди
Ўзбекистон 2027 йилда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига раислик қилади. Президент Шавкат Мирзиёев МДҲ давлат раҳбарлари саммитида мамлакат раислиги даврида устувор бўладиган йўналишларни белгилаб берди. Кенгайтирилган таркибда ўтган йиғилишда саммитнинг фахрий меҳмони — Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён ҳам иштирок этди.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон раислиги даврида аниқ ва сезиларли натижа берадиган масалаларга эътибор қаратилишини таъкидлади. Булар иқтисодиёт, янги технологиялар, транспорт, хавфсизлик, таълим, илм-фан ва инсон салоҳиятини ривожлантириш йўналишларини қамраб олади.
Ўзбекистоннинг МДҲга раислиги «МДҲ — ишонч ва умумий тараққиёт макони» шиори остида ўтади. Айни пайтда раислик концепцияси ва тадбирлар режасини ишлаб чиқиш якунланмоқда. Унда 100 дан ортиқ аниқ тадбирни амалга ошириш кўзда тутилган.
Президент Ҳамдўстлик доирасида сиёсий мулоқотни сақлаш ва мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, дунёдаги вазият тобора мураккаблашаётган шароитда давлатлар ўртасида ҳар қандай масалани хотиржам муҳокама қилиш, бир-бирини тинглаш ва барча учун мақбул ечимларни излаш имкониятини сақлаб қолиш муҳим.
Иқтисодий ҳамкорликда асосий эътибор саноат кооперациясига қаратилиши таклиф қилинди. МДҲ давлатларининг ишлаб чиқариш салоҳияти, ресурслари, технологиялари ва бозорларини бирлаштириш, қўшма ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ҳамда барқарор етказиб бериш занжирларини йўлга қўйиш барча иштирокчилар учун каттароқ иқтисодий самара бериши қайд этилди. Шу билан бирга, мамлакатлар ўртасидаги савдога халақит бераётган тўсиқларни бартараф этиш зарурлиги айтилди.
Рақамли ва илғор технологиялар ҳам Ўзбекистон раислигининг устувор йўналишларидан бири бўлади. Шавкат Мирзиёев муҳим минераллар, сунъий интеллект, роботлаштириш, янги материаллар ва замонавий энергетика технологиялари соҳаларида МДҲ давлатлари биргаликда ўз компетенцияларини ривожлантириши ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириши кераклигини таъкидлади.
Транспорт соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Марказий Осиё Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасидаги муҳим транспорт тугунига айланиб бораётгани қайд этилар экан, транзит тартиб-таомилларини соддалаштириш, қулай, хавфсиз ва иқтисодий жиҳатдан манфаатли йўналишларни шакллантириш зарурлиги билдирилди.
Хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш ҳам Ўзбекистон раислигининг асосий йўналишларидан бири сифатида белгиланди. Президент терроризм, экстремизм ва кибержиноятчилик каби таҳдидлар аллақачон алоҳида давлатлар чегарасидан чиқиб кетганини таъкидлади. Айниқса, оддий фуқаролар, бизнес, банклар ва давлат тизимларига бевосита таъсир қилаётган кибержиноятчиликка қарши ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилиши айтилди.
Шавкат Мирзиёев инсонлар ўртасидаги алоқаларни ҳам энг муҳим йўналишлардан бири сифатида кўрсатди. Талабалар, ёш мутахассислар, олимлар, тадқиқотчилар ва ижодий касб эгаларининг мулоқот қилиши, бир-биридан ўрганиши ва қўшма лойиҳаларда иштирок этиши учун имкониятларни кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.
«Бутун фаолиятимиз марказида инсон, унинг қадр-қиммати, манфаат ва имкониятларини рўёбга чиқариш туриши керак. Фақат ана шундагина МДҲ таълим олиш, меҳнат қилиш, янги лойиҳалар яратиш, шериклар топиш ва ўз келажагини қуриш мумкин бўлган макон сифатида қабул қилинади», деди Президент.
Саммит якунида МДҲ доирасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларига оид битим ва қарорлар тўплами имзоланди. Ўзбекистон эса 2027 йилги раислик даврида Ҳамдўстликда ўз самарадорлигини кўрсатган механизмларни сақлаб қолиш ва янги ечимлар талаб этилаётган йўналишларга қўшимча суръат беришни мақсад қилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter