Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Зеленский Россиянинг яширин режасини очиқлади

Зеленский Россиянинг яширин режасини очиқлади

Фото: Getty Images

Россия Беларус ҳудудига баллистик қурилмалар жойлаштириб, Украинанинг ғарбий қисмига ҳужум уюштирмоқчи. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский оммавий ахборот воситаларига маълум қилди.

«Улар Беларус ҳудудига ретрансляторлар ўрнатиб, ушбу коридордан фойдаланган ҳолда дронлар ҳужумини кучайтирмоқда. Беларус ҳудудида баллистик тизимнинг ўрнатилиши эса мамлакатимизнинг бутун ғарбий қисми учун таҳдид саналади. Бу Беларусни тўғридан-тўғри урушга тортиш демакдир. Бу хатарлидир», — деган Украина етакчиси.

Украина Беларусни Россияга босқинчилик урушида кўмак кўрсатишда айблаб келмоқда.

Украина томонига кўра, Беларусдаги 3 000 дан зиёд корхона Россияга ракета ишлаб чиқариш учун эҳтиёт қисмларни етказиб бермоқда. Беларус, шунингдек, ўз ҳудудида «Орешник» баллистик ракеталарини жойлаштирган. 2025 йилдан Беларус корхоналари Россияни ушбу қурол учун зарурий компонентлар билан таъминламоқда.

Украина бош прокуратураси Беларус президенти Александр Лукашенкога қарши жиноят иши очиши мумкинлиги ҳам хабар қилинган.

Россия Украинага қарши ҳужумларни кучайтирмоқда. Сўнгги кунларда ракета ва дронлар ҳамласи оқибатида камида 10 киши ҳалок бўлган, 70 киши жароҳатланган. Кўплаб ёнғинлар, вайронагарчиликлар қайд этилган.  

Вазият қалтис бўлиб турган паллада Киевнинг яқин иттифоқчиси АҚШ билан муносабати таранглашмоқда. Украина раҳбарияти АҚШ каби кучли ҳамкорини йўқотгани сабабли ўзини хиёнатга учрагандек ҳис қилаётганини айтган. Бироқ мамлакат таслим бўлиш ёки «ўз юртини сотиш» ниятида эмас.

Боз устига, Илон Маскка тегишли SpaceX компанияси Украина ҳарбийлари фойдаланаётган Starlink сунъий йўлдош алоқаси тизимига чеклов жорий этган. Янги чеклов учувчисиз учиш аппаратларини бошқаришга салбий таъсир кўрсатгани айтилмоқда.

Вашингтон Киевдан Россия нефт базаларига зарбаларни тўхтатишни талаб қилмоқда.

Москва Украинага нисбатан агрессив сиёсатдан воз кечмаслиги ойдинлашмоқда.

Россия таҳлика ва саросима уйғотиш учун Европа давлатларига ҳам ҳужум уюштириши эҳтимоли мавжуд.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг