Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон қиймати 720 миллион доллар бўлган халқаро иқлим инвестициялари дастурида иштирок этади

Ўзбекистон қиймати 720 миллион доллар бўлган халқаро иқлим инвестициялари дастурида иштирок этади

БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси Томонларининг 31-конференцияси (COP31) доирасида саноатни декарбонизация қилиш, яшил технологияларни ривожлантириш ва иқтисодиётнинг иқлим ўзгаришига чидамлилигини оширишга инвестициялар жалб этишга қаратилган "Transformation Pathways Initiative" (TPI) халқаро дастури тақдим этилди.

Умумий қиймати 720 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи дастур 2026-йил октябрь ойида Яшил иқлим жамғармаси (GCF) Кенгаши томонидан маъқулланган. Ушбу маблағнинг 187 миллион доллари GCF томонидан молиялаштирилади, қолган 533 миллион доллар эса қўшма молиялаштириш ҳисобидан жалб этилиши режалаштирилган.

Ўзбекистон дастур қамраб олган ўнта давлат қаторидан жой олди. Дастур Осиё, Африка, Европа ва Лотин Америкаси мамлакатларини қамраб олади. Ташаббус БМТнинг Саноатни ривожлантириш ташкилоти (UNIDO) ҳамда "Finance in Motion" халқаро инвестиция компанияси иштирокида амалга оширилади.

Дастурнинг асосий мақсади ривожланаётган мамлакатлардаги корхоналарга энергия тежамкор технологияларни жорий этиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш, иссиқхона газлари ташламаларини камайтириш ва ишлаб чиқариш жараёнларини модернизация қилиш учун узоқ муддатли иқлим молиялаштиришидан фойдаланиш имкониятини яратишдан иборат. Бунда саноат корхоналари, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, иқлим ўзгаришига чидамли агросаноат озиқ-овқат тизимларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Молиялаштириш корхоналарга тўғридан-тўғри инвестициялар киритиш ва кредитлар ажратиш, жумладан, маҳаллий молия муассасалари орқали амалга оширилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш, иқлимга таъсирини баҳолаш ҳамда корхоналарнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш учун техник ёрдам кўрсатиш ҳам назарда тутилган.

Дастур глобал миқёсда амалга оширилиши натижасида 31 миллион тоннадан ортиқ CO₂ эквивалентидаги иссиқхона газлари чиқиндиларини қисқартириш, шунингдек, 1,4 миллиондан ортиқ кишининг иқлим ўзгаришига чидамлилигини ошириш кутилмоқда.

Ўзбекистон учун ушбу ташаббусда иштирок этиш саноатни модернизация қилиш, ресурсларни тежайдиган технологияларни жорий этиш ва яшил иқтисодиётни ривожлантиришга халқаро капитал жалб қилиш бўйича қўшимча имкониятлар яратади. Хусусан, тўқимачилик, кимё ва қурилиш саноати корхоналарида энергия самарадорлигини ошириш, тақсимланган қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш, айланма иқтисодиёт технологияларини жорий этиш ҳамда агросаноат мажмуасини модернизация қилиш истиқболли йўналишлар сифатида кўрилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси халқаро ҳамкорлар билан биргаликда манфаатдор вазирликлар, тижорат банклари ва саноат корхоналарини жалб этган ҳолда дастур доирасида инвестиция лойиҳалари портфелини шакллантириш имкониятларини кўриб чиқмоқда.

Ўзбекистоннинг "Transformation Pathways Initiative" дастуридаги иштироки иссиқхона газлари ташламаларини қисқартириш, энергия самарадорлигини ошириш ва иқтисодиётни паст углеродли ривожланиш моделига ўтказиш бўйича миллий устувор вазифаларга мос келади. Дастур мамлакатнинг иқлим бўйича мажбуриятларини бажариш ва барқарор ривожланишга хусусий инвестицияларни жалб этишда қўшимча халқаро молиявий восита бўлиб хизмат қилади.

Маълумот учун, "Transformation Pathways Initiative" (FP328) — 2026-йил октябрь ойида Яшил иқлим жамғармаси томонидан маъқулланган халқаро инвестиция дастури. Унинг умумий молиялаштириш ҳажми 720 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Дастур имтиёзли иқлим молиялаштириши, хусусий инвестициялар ва техник ёрдамни бирлаштиришни назарда тутади. Алоҳида мамлакатлар учун ажратиладиган молиялаштириш ҳажми инвестиция лойиҳаларини шакллантириш ва танлаб олиш жараёнида белгиланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг