Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев ва Си Цзинпин ўртасида музокаралар бўлиб ўтди

Шавкат Мирзиёев ва Си Цзинпин ўртасида музокаралар бўлиб ўтди

Фото: Президент матбуот хизмати

Бишкек шаҳрида ўтаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзинпин билан музокаралари бўлиб ўтди.

Учрашув аввалида давлатимиз раҳбари Хитой етакчисига Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан йўллаган самимий табриги ҳамда Ўзбекистон – Хитой кўп қиррали муносабатларини мустаҳкамлашга қўшаётган шахсий ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди.

Келгуси йилда мамлакатларимиз ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 35 йил тўлади. Ушбу қутлуғ санани кенг нишонлаш бўйича тадбирлар дастурини тайёрлаш таклиф этилди.

Сўнгги йилларда икки томонлама муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Барча даражаларда алоқалар изчил мустаҳкамланиб, сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва технологик ҳамкорлик ривожланмоқда, маданий-гуманитар алмашинувлар кенгаймоқда.

Томонлар ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги тизимли стратегик мулоқотни давом эттириш ва парламентлараро алоқаларни янада чуқурлаштириш муҳимлигини таъкидладилар. Ўзбекистон “ягона Хитой” сиёсати ҳамда “уч ёвуз куч”га қарши қатъий курашни доимий қўллаб-қувватлаши қайд этилди.

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Ўтган йили икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 18 миллиард долларга яқинлашди. Келгусида унинг янада ўсишига ишонч билдирилди.

Яқин йилларда товар айирбошлаш ҳажмини 30 миллиард долларга етказиш бўйича янги маррани белгилаш таклиф этилди. Шу мақсадда саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни кўпайтириш ҳамда Ўзбекистон корхоналарининг Хитойда ўтказиладиган савдо кўргазмаларида фаол иштирокини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар давом эттирилади.

Амалдаги қўшма инвестиция лойиҳалари портфели қарийб 60 миллиард долларни ташкил этмоқда. Ўзбекистонда 6 мингдан ортиқ қўшма корхона фаолият юритмоқда.

Энергетика, кимё саноати, металлургия, қурилиш материаллари ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, транспорт ва инфратузилма, қишлоқ хўжалиги ҳамда юқори технологиялар соҳаларида саноат кооперациясининг истиқболли йўналишлари белгиланди. Рақамли иқтисодиёт, тоғ-кон саноати, минерал ресурсларни ўзлаштириш ва қайта ишлаш соҳаларидаги “ўсиш нуқталари” кенгайтирилади.

Технологик шерикликнинг ёрқин намунаси сифатида “BYD” компанияси билан электромобиллар ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик қайд этилди. Ишлаб чиқариш қувватлари ва маҳаллийлаштириш даражасини ошириш режалари қўллаб-қувватланди.

Хитой компанияларига Ўзбекистон ҳудудларидаги қўшма саноат зоналарида ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил қилишда янада фаол иштирок этиш таклиф қилинди.

Хитойнинг етакчи молия институтлари билан ҳамкорликни янада ривожлантириш ва уларнинг мамлакатимиздаги лойиҳалардаги иштирокини кенгайтиришдан манфаатдорлик билдирилди.

Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик юқори баҳоланди. Ўзбекистон анъанавий ва муқобил энергетика соҳаларидаги шерикликни кенгайтириш ҳамда Хитой компанияларини тинч атом лойиҳаларига жалб этишдан манфаатдор.

Ҳудудлараро алмашинувлар фаол ривожланмоқда. Ўзбекистоннинг барча вилоятлари Хитой провинциялари билан фаол ҳамкорлик қилиб, кўпгина қўшма лойиҳаларни амалга оширмоқда. Май ойида Сиан шаҳрида учинчи Ҳудудлар форуми бўлиб ўтди.

Транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” стратегик темир йўлини қуриш ишлари самарали давом эттирилмоқда. Мазкур йўналиш Евроосиё транспорт экотизимининг муҳим бўғинига айланиши ҳамда “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасидаги ўзаро боғлиқликни янада кучайтиришига ишонч билдирилди.

Музокаралар давомида туризм ва гуманитар алмашинувларни кенгайтириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Визасиз тартиб амал қилмоқда, икки мамлакат шаҳарлари ўртасидаги авиақатновлар географиясини кенгайтириш ва парвозлар сонини кўпайтириш режалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон ва Хитой маданият марказларини очиш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Йил якунига қадар Хитойда Ўзбекистон маданияти кунларини ўтказиш режалаштирилган. 2027-2029 йилларга мўлжалланган маданий тадбирлар дастурини қабул қилиш таклиф этилди.

Илм-фан, таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳаларидаги ҳамкорлик мунтазамлик касб этган. “Лу Бан устахоналари” ва Конфуций институтлари фаолияти ҳамда ҳудудларда қўшма таълим лойиҳаларини ривожлантириш ишлари давом эттирилади.

Хитой тилини ўрганишни, олий таълим муассасалари ўртасидаги таълим дастурларини янада кенгайтириш ҳамда юртимиз ёшларининг Хитойда таҳсил олиши учун квоталарни оширишдан манфаатдорлик билдирилди.

Космосни ўзлаштириш ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари қаторида қайд этилди.

“Хитой – Марказий Осиё” форматидаги минтақавий шерикликни янада чуқурлаштириш ва унинг келгуси йилда Хитойда бўлиб ўтадиган учинчи саммитига тайёргарлик кўриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Президенти Хитой Раисини мамлакатимизга ташриф билан келишга таклиф этди. Учрашув ҳар доимгидек ишонч, очиқлик ва дўстлик руҳида ўтди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг