Aichi-Nagoya-2026: ўзбекистонлик икки спортчи допинг гумони билан вақтинча четлатилди
Aichi-Nagoya-2026 Осиё ўйинларида иштирок этаётган Ўзбекистоннинг икки спортчиси — Павел Эйгел ва Нодирбек Шавкатов допинг текширувида тақиқланган моддалар аниқлангани сабабли вақтинча четлатилди. Бу ҳақда Халқаро тест агентлиги (ITA) маълум қилди.
Каноэ спортчиси Павел Эйгелдан 23 сентябр куни Японияда мусобақадан ташқари назорат пайтида олинган намунада триметазидин моддаси аниқланган. У WADA тақиқланган моддалар рўйхатида S4 — гормон ва метаболик модуляторлар тоифасига киритилган ва доимий равишда тақиқланган.
Аралаш яккакураш спортчиси Нодирбек Шавкатовдан эса 22 сентябр куни олинган намунада мельдоний аниқланган. Бу модда ҳам WADA рўйхатида доимий тақиқланган моддалар қаторига киради.
Ҳар икки спортчи иш якуний ҳал этилгунига қадар вақтинча четлатилган. Бу даврда улар Осиё ўйинлари доирасида мусобақаларда қатнашиш, машғулот ўтказиш, мураббийлик қилиш ёки бошқа спорт фаолиятида иштирок этиш ҳуқуқига эга эмас.
ITA маълумотига кўра, ҳар икки ҳолат бўйича жараён ҳали давом этмоқда. Шу боис спортчилар допинг қоидасини бузгани ҳақида якуний қарор ҳозирча чиқарилмаган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter