Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қатарга қарши баҳс олдидан жамоанинг ҳолати ҳақида маълумот берилди

Қатарга қарши баҳс олдидан жамоанинг ҳолати ҳақида маълумот берилди

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец ва футболчимиз Одилжон Ҳамробеков Қатарга қарши учрашув олдидан матбуот анжуманида иштирок этди.

«Ҳар бир босқичда бўлгани сингари бизни олдинда қийин баҳс кутиб турибди. Учрашувга яхши тайёргарлик кўрдик. Биз ўз кучимизга ишонамиз.

Диёр Холматов Таиландга қарши терма жамоадаги дебют учрашувини ажойиб тарзда ўтказди. Шахсан мен учун бу сюрприз бўлди. Машғулотлар давомида, айниқса, Дубайдаги йиғинда ўзини кўрсата олган эди. Лекин эртанги баҳсда Холматов майдонга тушадими ёки йўқ буни вақт кўрсатади.

Ҳали жамоа билан учрашмадим. Ҳолат яхшиланган деб умид қиламан. Жароҳатланганлар бўйича деярли ҳеч нарса ўзгармаган, бироқ бетоб ўйинчиларимиз соғайиш арафасида.

Асосий вазифам жамоани тайёрлаш, мен уларга ишонаман. Қатарга қарши тўғри ўйин қуришимиз шарт. Рақиб биздан қўрқиши керак бўлган жиҳатларимиз ҳам етарлича. Натижа ўйинчиларнинг ҳаракатларига, ўша пайтдаги вазиятлар, жароҳатлар ва яна бошқа кўплаб жиҳатларга боғлиқ. Аввал таъкидлаганимдек, бор эътиборим олдиндаги баҳсга қаратилган, қолгани кейин маълум бўлади. Бизда яхши ўйинчилар етарли. Чорак финалга қадар етиб келдик, буёғига йўқотадиган нарсамиз йўқ», деди Сречко Катанец.

«Турнирдаги навбатдаги учрашувимиз, амалдаги чемпион ва мезбон Қатар терма жамоасига қарши бўлиб ўтади. Улар ўз мухлислари қаршисида ўйнашади. Бу жамоада иқтидорли ва тажрибали футболчилар бор. Шунга қарамасдан ушбу учрашувга тайёрмиз. Биз фақат Акром Афиф ва Алмоаз Алига эмас, балки бутун жамоага қарши ўйнаймиз. Уларни тўхтатишга ва олдимизга қўйган мақсадимизни амалга оширишга ҳаракат қиламиз.

Диёр билан бир клубда фаолият юритганмиз. У иқтидорли футболчи, бироқ марказда мен билан бирга ўйнаган жамоадошларимни солиштириш нотўғри, ҳар иккисининг ўзига яраша устун жиҳатлари бор.

Мухлислар билан тўлган стадионда футбол ўйнаш биз учун қийинчилик туғдирмайди. Бутун диққат эътиборимизни яхши натижа кўрсатишга қаратамиз», деди Одилжон Ҳамробеков.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг