Айбдор топилди! Йўғон ичак саратонининг бошқа аъзоларга тарқалиши сабабчиси маълум бўлди (видео)
Олимлар йўғон ичак саратони ҳужайраларининг организмнинг бошқа қисмларига тарқалишига имкон берувчи ҳужайравий механизмни аниқлашди.
Массачусетс технология институти (MIT) тадқиқотчилари ўтказган тадқиқотга кўра, саратон ҳужайралари одатда шикастланган тўқималарни тиклаш учун хизмат қиладиган тизимдан ўз манфаати йўлида фойдаланади — оқибатда ўсма жойлашган ҳудудидан ажралиб чиқиши ва бошқа аъзоларга тарқалиши мумкин.
Саратон ҳужайралари тикланиш тизимидан фойдаланади
Тадқиқотчилар йўғон ичак саратонининг турли моделларини ўрганиб, бошқа аъзоларга тарқалган саратон ҳужайраларида YAP1 томонидан бошқариладиган генлар фаолроқ эканини аниқлаган.
Одатда ичакда жиддий шикастланиш ёки инфекция юзага келганда, тўқиманинг ўзини тиклашига ёрдам берадиган махсус ҳужайравий дастур ишга тушади. Саратон ҳужайралари ҳам ана шу тикланиш ва таъмирланиш дастурини ўзлаштириб, ундан фойдаланади. Бу эса ўсманинг ривожланиши ва бошқа аъзоларга тарқалишини осонлаштиради.
Касалликнинг ёғли овқатланиш билан боғлиқлиги
Тадқиқотнинг муҳим натижаларидан бири овқатланиш ва саратоннинг тарқалиши ўртасидаги боғлиқликдир.
Тадқиқотчилар ёғ миқдори юқори бўлган овқатланиш сичқонларда серамид деб аталадиган ёғ молекулаларининг ишлаб чиқарилишини оширишини аниқлаган. Бу молекулалар одатда YAP1 оқсилининг фаоллашишини чеклаб турувчи механизмни издан чиқариши ва оқсилнинг ҳужайра ядросига кириб, тегишли генларни фаоллаштиришини осонлаштириши кузатилган.
Оқибатда саратон ҳужайралари ўзларининг тарқалишига ёрдам берувчи тикланиш дастурини янада фаол ишга тушира олган.
Тадқиқотчилар, шунингдек, сичқонларда YAP1 оқсилини ёки серамид ишлаб чиқаришда иштирок этувчи айрим генларни нишонга олганда, йўғон ичак саратонининг жигарга тарқалиши сезиларли даражада камайганини аниқлаган.
Янги даволаш усуллари учун асос бўлиши мумкин
Олимлар олинган натижалар йўғон ичак саратонининг тарқалишининг олдини олишга қаратилган янги даволаш усулларини ишлаб чиқиш учун асос бўлиши мумкин, деб ҳисобламоқда.
Тадқиқотчилар, айниқса, серамид ишлаб чиқаришда иштирок этувчи бир қатор ферментларга таъсир қилувчи дориларни ишлаб чиқишни режалаштирмоқда.
Бироқ серамидлар соғлом тўқималарда ҳам муҳим вазифаларни бажаради. Шу сабабли келажакда ишлаб чиқиладиган даволаш усуллари фақат саратон ҳужайраларидаги ушбу механизмни нишонга олиши керак.
Тадқиқотчилар мазкур тадқиқот натижаларини ҳозирча беморлар учун овқатланиш бўйича тавсия сифатида қабул қилиш мумкин эмаслигини ҳам таъкидламоқда. Чунки ҳозирги босқичдаги хулосалар асосан ҳужайравий моделлар ва сичқонларда ўтказилган тажрибаларга асосланган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter