Нега биз биргина илмий тадқиқотга кўр-кўрона ишонмаслигимиз керак?
Янгиликлар лентасини варақлар экансиз, фан ва саломатликка оид хабарлар сизни тез-тез чалғитиши мумкин: бир ҳафта кофе фойдали дейилса, кейинги ҳафта у юракка зарар деб айтилади.
Aeon нашрида чоп этилган таҳлилий мақолада таъкидланганидек, вақт ўтиши билан янги илмий тадқиқотларнинг бир-бирига зид бўлиб туюлиши бизни қайси далилларга ишонишни билмаслик ҳолатига солиб қўяди.
Муаммо шундаки, аксарият ОАВлар ва журналистлар ҳар бир янги тадқиқотни умумий билимлар тўпламидан ажратган ҳолда, ягона сенсация сифатида тақдим этади...
Парацетамол ва шов-шувли сарлавҳалар
Биргина мисол, 2025 йилнинг сентябрь ойида АҚШ Озиқ-овқат ва фармацевтика соҳаси ходимлари ҳомиладорликда парацетамол қабул қилиш болада аутизм хавфини ошириши мумкинлиги ҳақида огоҳликка чақирди. Инқилобий сарлавҳалар зудлик билан дунё бўйлаб тарқалди.
Аммо мутахассислар фанга чуқурроқ назар ташлаганида, мутасаддилар фақат айрим тадқиқотларни танлаб олиб, юзлаб бошқа ишончли манбаларни эътиборсиз қолдиргани аён бўлди. Бир неча ой ўтиб, олимлар мавжуд барча маълумотларни умумлаштириб, йирик шарҳ эълон қилишди: парацетамол ва аутизм ўртасида тўғридан-тўғри аниқ боғлиқлик йўқ. Аммо бу вақт ичида минглаб ҳомиладор аёллар энг хавфсиз ҳисобланган оғриқ қолдирувчи доридан беҳуда ваҳимага тушиб, унинг ҳомилага салбий таъсири борлигига ишониб улгуришган эди.
Ҳар йили дунё бўйлаб қанчадан-қанча илмий мақолалар, тадқиқотлар нашр этилади. Биргина 2025 йилнинг ўзида дунё бўйича 7 миллиондан ортиқ илмий мақола чоп этилди — бу кунига 19 000 тадан зиёд демакдир. Бунчалик улкан ахборот уммонида пухта методологияга эга тадқиқотлар билан бир қаторда, шошма-шошарлик билан қилинган ва тасдиқланмаган хулосалар ҳам сузиб юрибди.
Хўш, тадқиқотга таяниш хавфли бўлса, ҳақиқатни қандай аниқлаш мумкин? Бу саволга 1976 йилда маълумотлар таҳлилчиси Жин Гласс жавоб топди. Ўша даврда психотерапиянинг фойдаси ҳақида қарама-қарши қарашлар кўп эди. Айрим олимлар шунчаки овозларни санаш усулидан фойдаланишган: психотерапия ёрдам берди деган тадқиқотлар сонини, ёрдам бермади деганлари билан солиштиришган. Аммо бу усул ишончсиз эди, чунки у таъсирнинг кучини эътиборга олмасди.
Жин Гласс ва унинг турмуш ўртоғи 370 дан ортиқ тадқиқотларни йиғиб, уларнинг натижаларини ягона стандарт ўлчовга келтириш ва оралиқ ўртача қийматни ҳисоблаш усулини ишлаб чиқишди. Бу турли валюталарни долларга ўгириб, умумий суммани ҳисоблашга ўхшарди. Гласс бу усулни мета-таҳлил (таҳлиллар таҳлили) деб атади.
Шу тарзда тизимли шарҳ тушунчаси мустаҳкамланди. Бу шунчаки битта тадқиқотга суяниш эмас, балки дунё бўйлаб шу мавзудаги барча эълон қилинган ва қилинмаган манбаларни йиғиб, уларнинг сифатини саралаш ва ягона, холис хулосага келишдир.
Асоссиз маслаҳат ва 50 минг чақалоқ фожиаси
Тизимли шарҳнинг қанчалик муҳимлигини тиббиёт тарихидаги энг аянчли хатолардан бири яққол кўрсатиб беради.
1957 йилда машҳур педиатр Бенжамин Спок ўзининг бестселлер китобида ота-оналарга чақалоқларни чалқанча эмас, балки қорни билан ухлатишни тавсия қилди. Ўнлаб йиллар давомида миллионлаб ота-оналар ушбу маслаҳатга амал қилишди. Фақат 1980-1990 йилларга келибгина, бу ҳолат гўдакларнинг тўсатдан ўлими синдромига сабаб бўлаётгани аниқланди.
Фожианинг энг ёмон томони шундаки, агар олимлар алоҳида мақолаларни кутиб ўтирмасдан, мавжуд далилларни илгарироқ синтез қилишганида, қорни билан ухлатиш ва гўдаклар ўлими ўртасидаги хавфли боғлиқлик 1970 йилдаёқ маълум бўларди. Тадқиқотчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, далиллар ўз вақтида умумлаштирилганда, камида 50 000 нафар чақалоқнинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин эди.
Бу воқеадан сўнг тиббиётда Cochrane Collaboration каби халқаро тизимли шарҳлар тармоғи шаклланди. Бугунги кунда шифокорлар қўллайдиган ташхис ва даволаш кўрсатмалари айнан шундай аниқ далиллар пойдеворига таянади.
Бу тажриба бошқа соҳаларда қандай ишламоқда?
Далилларни синтез қилиш фақат тиббиёт билан чекланиб қолгани йўқ: Буюк Британиянинг «Таълим жамғармаси» (EEF) минглаб педагогик тадқиқотларни синтез қилиб, мактаблар учун энг самарали методикаларни аниқлади. Масалан, ўқувчиларга «метакогниция»ни (қандай қилиб тўғри ўрганишни тушуниш) ўргатиш бир ўқув йилида қўшимча 8 ойлик прогресс бериши исботланди.
Иқлим ва экологияда эса иқлим ўзгариши бўйича экспертлар гуруҳи минглаб экологик тадқиқотларни бирлаштириб, инсон омилининг глобал исишга таъсирини шубҳасиз далиллар билан исботлаб берди.
Келажак ва Сунъий интеллект
Тизимли шарҳларнинг ягона катта камчилиги — уларга кетадиган вақтдир. Битта тизимли шарҳни тайёрлаш ва барча тадқиқотларни қайта текшириш ўртача 2-3 йил вақт олади.
Бугунги кунда сунъий интеллект ушбу жараённи тезлаштириш учун синовдан ўтказилмоқда. Келажакда AI миллионлаб мақолаларни саралаб, бир сонияда ишончли синтезни тақдим этиши мумкин. Аммо ҳозиргача мавжуд AI воситаларида галлюцинация (сохта маълумот тўқиш) хавфи юқорилигича қолмоқда.
***
Янгиликлар лентасидаги навбатдаги «сенсация» ёки «инқилобий кашфиёт»ни ўқиганингизда тўхтаб, ўзингизга савол беринг: «Бу шунчаки алоҳида олинган битта тадқиқотми ёки бутун илмий ҳамжамиятнинг умумлаштирилган хулосасими?»
Фанга ва ўз саломатлигимизга оид тўғри қарорлар қабул қилиш учун шов-шувли сарлавҳалар ортидан қувмай, мавжуд билимларнинг тўлиқ манзарасига қарашни ўрганишимиз керак.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter