Эврика! Олим фақат игна билан қудуқ қазимайди...
Қўлларига махсус қўлқоплар кийган ва ҳимоя кўзойнаклари таққан мактаб ўқувчилари икки хил суюқликни аралаштиришди ва... БУМ! Шу лаҳзада лаборатория столидаги шиша идишлардан ранг-баранг кўпикли фонтан отилиб чиқади. Болалар ҳайрат ва қувончдан чапак чалишади. Экрандаги бу манзара ғарбдаги оммабоп болалар илмий кўрсатувларидан биридан олинган. Ушбу кўрсатув илм йўли фақат қалин китоблар ва зерикарли формулалардан эмас, балки ҳаракат, кашфиёт ва энг муҳими завқдан иборат эканлигини англатмоқчидек гўё.
Биз ёшлигимиздан бир гапни эшитиб улғайдик: «Илм олиш – игна билан қудуқ қазиш». Олимлар билан уюштирилган суҳбатлар, улар иштирокидаги кўрсатувлар, радиоэшиттиришларнинг кириш қисми ҳар доим «олимлик игна билан қудуқ қазишга ўхшайди», деб бошланарди. Илм йўлини танлаган одамлар билан учрашувларда ҳам олимнинг бу машаққатли ва оғир йўлни қандай босиб ўтгани шу қадар драмали тасвирланардики, ичингизда уларга ҳавас эмас, балки оғир меҳнат, азоб кўрган одамга қарагандек ачиниш ҳисси пайдо бўларди. Бу ибора сабр ва чидамни ифодаласа-да, тан олиш керак, замонавий ёшлар учун у бироз ваҳимали ва зерикарли эшитилади. Тасаввур қилинг: қўлида кичкина игна билан қаттиқ ерни кавлаётган инсон, чанг босган хона, қалин кўзойнакли, усти-боши тартибсиз ва дунёдан узилган олим. Бу образ келажак учун ўзини қурбон қилган қаҳрамонни эслатса-да, бугунги замон ёшини ўзига тортмайди. Бундай манзара илм йўлини танламоқчи бўлган ёш қалбда иштиёқ эмас, балки чарчоқ ва қўрқув, зерикиш уйғотиши табиий. Натижада, кўплаб иқтидорли йигит-қизлар олимликни фақатгина «умрини қурбон қилиш» деб тушуниб, бу йўлдан қочадилар. Улар кутубхоналарда соатлаб китоб титкилашдан кўра, телефон экранидаги бир неча сониялик виртуал ҳаётни ва тез келадиган завқни танлашади.
Машаққатнинг жозибадор талқини...
Ғарб таълим тизими ва медиасида илм-фанга оғир мажбурият деб қаралмайди. У ерда болаликданоқ «игна билан қудуқ қазиш» қўрқуви ўрнига, атроф-муҳитни тушуниш ва унга таъсир ўтказиш иштиёқи сингдирилади. Шунингдек, ғарб давлатларида илм-фан оммабоплиги (Science Communication) жуда кучли ривожланган. Телевидение ва ижтимоий тармоқлар учун суратга олинадиган, мураккаб илмий мавзуларни содда, ҳазил-мутойиба ва визуал эффектлар билан тушунтирувчи кўплаб дастурлар мавжуд. Таниқли олимлар, Нобель мукофоти совриндорлари юлдузли шоуларда меҳмон бўлишади, уларнинг чиқишлари худди машҳур актёр ёки хонандаларники каби миллионлаб марта томоша қилинади. Бу эса ёшлар онгида олимликни китобларга кўмилиб ўтирадиган «кутубхоначи» қиёфасидан чиқариб, уни энг нуфузли, замонавий ва жозибали касбга айлантиради.
Бундай ёндашувнинг амалий ифодасини таълим масканларида ҳам кўриш мумкин.
Фото: Headout.com
Масалан, Сан-Францискодаги машҳур «Эксплораториум» каби марказларда «Илтимос, экспонатларга қўл теккизманг!» деган ёзувни умуман топмайсиз. Аксинча, у ерда ҳар бир қурилмани ушлаб кўриш, тугмачаларини босиш, физика ёки кимё қонуниятларини шахсий тажрибада синаб кўриш талаб этилади. Болалар коинот қонунларидан тортиб табиат ҳодисаларигача бўлган жараёнларни худди ўйинчоқдек ўйнаб тушунишади.
Шу билан бирга, «халқчил илм» (Citizen Science) лойиҳалари жамиятнинг ҳар бир аъзосини, жумладан, мактаб ўқувчиларини ҳам катта илмий жараёнларга жалб этади. Масалан, NASA ёки йирик университетлар оддий одамларга коинот суратларидан янги юлдузларни қидириш ёки ўз ҳудудларидаги қушлар миграциясини кузатиш, қуёш панеллари, маҳаллий ўсимликлар, дарахтлар, шевага оид кузатувларини маълумотлар базасига киритиш имкониятини беради. Оддий мактаб ўқувчиси ўзи топган маълумот орқали ҳақиқий илмий мақоланинг ҳаммуаллифига айланиши мумкин. Бундай амалиётлар ёшларга илм фақат узоқ йиллар давомида унвон олиб, кейин шуғулланадиган касб эмас, балки бугуннинг ўзидаёқ жамиятга наф келтириш ва тарих яратиш воситаси эканини исботлайди.
Тарихий «Эврика!» лаҳзалари...
Тарихга назар солсак, энг буюк кашфиётлар замирида фақатгина тинимсиз меҳнат эмас, балки ўша машҳур «Эврика» завқ лаҳзалари ётганини кўрамиз. Кўпчилик Архимедни фақат физика қонунини топган олим деб билади. Лекин унинг ваннадан «Эврика!» (топдим!) деб кўчага югуриб чиққани шунчаки тарихий ҳикоя эмас, балки мураккаб муаммонинг, яъни подшоҳ тожининг ҳажмини ўлчаш ва софлигини аниқлаш вазифасининг ечими тўсатдан онгга келган лаҳзадаги интеллектуал портлашдир. Олим шу даражада завққа тўлганки, кийимсиз кўчага чиқиб, ҳатто ижтимоий нормаларни ҳам унутган. Бу олимликнинг «игна билан қазиш» босқичидан кейин келадиган, ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайдиган завқ олиш мукофоти эди.
Физик олим Альберт Эйнштейн ҳам илмнинг лаззатини ҳаммадан яхшироқ ҳис қилган. Йигирма тўққиз ёшли йигитлик чоғида, яъни 1907 йилда у Берндаги патент бюросида ўтирганида, хаёлига бир фикр келади: «Агар инсон ерга эркин тушаётган бўлса, у ўз вазнини ҳис қилмайди». Кейинчалик у бу лаҳзани «ҳаётимдаги энг бахтли фикр» деб атаган. Бу ерда алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлгани олим ўзини азобланаётган илм жонфидоси эмас, балки коинот сирларини ечаётган «энг бахтли инсон» деб ҳис қилмоқда. Бу фикр кейинчалик машҳур «Умумий нисбийлик назарияси»га асос бўлди. Эйнштейн учун илм дунёнинг гўзаллигини мантиқ орқали англашдан олинадиган эстетик завқ эди.
Агар олимлик фақат «игна билан қудуқ қазиш» бўлганида, Эйнштейн буни ҳаётидаги энг бахтли лаҳза деб атамаган бўларди.
Мия учун «интеллектуал зиёфат»
Хўш, нега «Эврика!» лаҳзаси, янгиликни яратиш, саволларига илм орқали жавоб топиш ҳисси бизга бунчалик катта қувонч бағишлайди? Буни шунчаки оддий ҳиссиёт деб аташ мумкинми ёки миямизда содир бўладиган аниқ биокимёвий жараёнми? Психологлар ва нейробиологлар ушбу феноменни чуқур ўрганиб, жуда қизиқарли илмий хулосаларга келишган.
Нейробиологларнинг аниқлашича, инсон мураккаб жумбоқнинг ечимини топган сонияда, миянинг ички тизимида жуда катта миқдорда кучли допамин портлаши юз беради. Допамин бу завқ, мотивация ва қониқиш гормони бўлиб, кейинги пайтлар психологлар ҳам ушбу модданинг аҳамияти ҳақида бот-бот гапиришмоқда. Допамин фақатгина инсон янги кийим кийганида, саёҳатга чиққанида ёки мазали овқат еганида пайдо бўлмайди. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, янги билимни ўзлаштириш ёки кашфиёт қилиш пайтида мия худди ширинлик еган ёки севимли мусиқасини тинглаган инсон каби роҳатланади. Демак, олимлик инсон ақл-заковати учун берилган энг олий «интеллектуал зиёфат»дир.
Ушбу лаҳзанинг физиологик асоси ҳам жуда ҳайратланарли. Нейрофизиологлар «Эврика» лаҳзасини ЭЭГ (электроэнцефалограмма) қурилмаси орқали кузатганларида, ечим топилишдан бир сония олдин миянинг ўнг ярим шарида юқори частотали гамма-тўлқинлар фаоллашишини аниқлашган. Миянинг бир-бирига боғлиқ бўлмаган узоқ нуқталари ўртасида тўсатдан бундай боғланишни кўприкка қиёслаш мумкин. Яъни, «игна билан қазилган» ва тарқоқ ҳолда ётган маълумотлар занжири бирлашиб, бир сонияда яхлит, гўзал манзара касб этади.
Мутахассислар яна илм билан изчил машғул бўлишни «оқим» (Flow) ҳолати деб атайди. Бу ноёб руҳий ҳолатда олим вақт ва маконни бутунлай унутади, чарчоқ сезилмайди, чунки бажарилаётган жараённинг ўзи инсон учун асосий мақсад ва бахт манбаига айланади. Бундай вазиятда «игна билан қудуқ қазиш» азобли ва зерикарли меҳнат эмас, балки юксак маҳорат кўрсатиш имконияти сифатида қабул қилинади.
***
Илмий изланиш ортидан келадиган «завқ» табиатнинг инсониятга берган бетакрор совғаси. Инсон мияси олимни изланишга, яратишга ундаш учун ҳар бир кашфиётини энг ширин роҳат билан тақдирлайди. Бу юксак завқни ҳаётида лоақал бир бор туйган ёш олим учун илм-фан энди ҳеч қачон «қўрқинчли ва зерикарли меҳнат» бўлиб кўринмайди.
Бугунги замон ёшлари учун илм шунчаки сабр ва чидам мактабигина бўлиб қолмаслиги керак. Олимлик замонавий ёшлар учун интеллектуал драйв, жасорат ва дунёни ўзгартириш имкониятидир. Бўлажак олимларни олдинда фақат кундалик машаққатлар кутмайди. Уларни ҳали ҳеч ким англамаган ҳақиқатни биринчи бўлиб кўриш ҳаяжони ва ўз миясининг чексиз имкониятларини кашф этиш завқи кутади. Ишонинг, кичик бўлсада янгилик яратиш, илм олиш бу ҳар бир инсон ҳаётини умрбод безайдиган бетакрор «Эврика!» лаҳзаларидир.
Барно Султонова


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter