Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Менга вақт етмайди»: Президентнинг Сеулдаги 9 соати

«Менга вақт етмайди»: Президентнинг Сеулдаги 9 соати

Жанубий Корея — вақт қадрини ҳис қилган ва уни тараққиётнинг энг муҳим ресурсларидан бирига айлантира олган мамлакат. Бу ерда «ппалли-ппалли» — «тезроқ, шошилинч» маданияти оддий ҳаёт тарзидан тортиб, иқтисодиёт ва давлат бошқарувигача сингиб кетган. Бироқ бу шошилиш шунчаки тез ҳаракатланиш эмас, замон билан бир қадамда юриш, имкониятни қўлдан бой бермаслик, келажакни бугундан бошлаш фалсафасидир.

Ўзбекистон Президентининг Жанубий Кореяга давлат ташрифи доирасида кечган бир кун эса бу тушунчанинг яна бир жиҳатини кўрсатди. Ташрифни ёритиш учун келган журналистлар, делегация аъзолари ва, энг аввало, давлат раҳбарининг ўзи учун вақт деярли «етмайдиган» кун бўлди.Журналист Азиза Қурбонова ташриф жараёнидаги таассуротлари билан ўртоқлашди:

«…Мен машинада кўп юраман, кўчада бир-бири билан мулоқот қилиб кетаётган ёшларни кўриб ўйлайман: қани энди улар энг бахтли кунлари шу эканини билсалар... Биласизларми, Президент бўлиб мени нима қийнайди? Менга вақт етмайди!»

Сеулда давлат раҳбарининг ватандошларимиз билан мулоқоти чоғида бу сўзларни эшитиб, таъсирландим.

Биз — Ўзбекистон Президентининг давлат ташрифини ёритиш учун келган журналистлар ҳам, делегация аъзолари ҳам, мана билдикки, Президентнинг ўзи ҳам вақт билан ҳисоблашиб ишлаяпти.

Тасаввур қилинг, Сеул Ўзбекистондан 4 соат олдинда. 15 сентябр куни Ўзбекистонда тонгги соат 6:00 бўлган пайтда давлат раҳбарининг Корея Миллий ассамблеясида учрашуви бўлаётган эди.

Президентимиз парламент спикери билан хайрлашаётганида айтган гаплари қулоғимга чалинди:

«Ишларимиз жуда кўп, соат 4 да уйғонишга тўғри келяпти».

«Ишларимиз жуда кўп» деган жумланинг мазмунини кун тартибининг ўзиёқ кўрсатиб турарди. Президентнинг иш дастурида тушга қадар бир нечта муҳим учрашув ва тадбирлар белгиланган. Жумладан, учрашув ва қабуллар, 200 нафарга яқин иштирокчи қатнашган Ўзбекистон — Корея бизнес форумида нутқ сўзлаш, ҳужжатларни имзолаш маросими, Ўзбекистон вилоятларида 5 та қўшма янги лойиҳага старт бериш, шунингдек, Кореянинг 10 та чебол компанияси — кўп тармоқли йирик оилавий бизнес вакиллари билан учрашувлар.

Бу орада яна бир залда Кореяда яшаб, ўқиб ва меҳнат қилаётган 50 га яқин ватандош Президент билан учрашувни кутиб турибди. Бу ишларнинг бошида туриш тугул, уларнинг рўйхатини ўқиб чиқишнинг ўзи «эҳ-ҳа» деган таассурот қолдиради.

Костюм-шим кийган жиддий одамларнинг суҳбатидан қулоғимга чалинган гаплардан бири шундай бўлди:

«Балки, ватандошлар билан учрашув бекор бўлар? Учрашувга кирманг, деб айта қоламиз. Саммитга тайёргарлик кўришлари керак, ҳали тушлик ҳам қилмадилар». Аммо учрашув бекор қилинмади.

Президентнинг тушлик қилмай ишлаётганига биз ҳам гувоҳ бўлдик. Айниқса, хорижий ташрифларда тадбирлар бир-бирига уланиб кетади. Шунга қарамай, давлат раҳбари имкон қадар кўпроқ одам билан мулоқот қилишга ҳаракат қилади.

Кун давомида ниҳоятда кўп одам билан суҳбатлашиш, топшириқлар бериш, нутқ сўзлаш ва учрашувларда иштирок этиш — «нон-стоп» режими ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Президент баъзан томоғи қирилаётгани учун узр сўрайди, «Булар менга сув ҳам бермайди», дея ярим ҳазил, ярим чин гапиради.

Бу сафарги аудитория асосан ёшлардан иборат. Улар орасида «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендиячилари, ўз бизнесини йўлга қўйган ватандошлар ва илмий фаолият билан шуғулланаётган ёшлар бор. Масалан, 50 доллардан бизнес бошлаб, бугун Ўзбекистондан маҳсулот импорт қилаётганлар, ёки университетда 7 нафар корейс талабага ўзбек тилини ўргатишдан бошлаб, ҳозир йилига 70 нафардан ортиқ талабага таълим бераётган олималар.

Президент улар билан ташриф тафсилотлари, Кореяга келиш мақсади, икки давлат муносабатларининг ривожи ҳамда хорижда яшаётган фуқароларга қандай кўмак бериш мумкинлиги ҳақида суҳбатлашади. Ўнга яқин ёшнинг таклифларини тинглайди.

Протокол хизмати бир неча бор давлат раҳбари ёнига келиб эслатади: «9 соат бўлди». Давлат раҳбари эса мулоқотни давом эттиради.

Биз, журналистлар эса бу рақамнинг ўзига эътибор қаратамиз. «9 соат» нимани англатади? Тўхтовсиз ишлаётганига 9 соат бўлдими ёки навбатдаги муҳим тадбир бошланишига 9 соат қолдими?

Учрашувда Кореяда тадқиқот олиб бораётган Елена Чуянова «тез-тез, шошилинч маданият»ни эслатади: 빨리빨리 문화 — «ппалли-ппалли мунхва». Бу тушунча тез ҳаракат қилиш, вақтни бой бермаслик ва тараққиёт суръатидан ортда қолмасликни англатади.

Корея тараққиётида муҳим ўрин тутган бу маданият Президентнинг «шошилмасдан шошилиш» принципини ҳам ёдга солади. Яъни, ҳар бир имкониятдан ўз вақтида фойдаланиш, замондан ортда қолмаслик ва бугунги қарорларни эртанги тараққиёт билан боғлаш.

«Бир дақиқа ҳам вақтларингизни бекорга ўтказманглар. 5 йил ўтади, 10–15 йил ўтади. Ким бошқаради Ўзбекистонни? Сизлар. Тўғри, соғинч қийнайди. Ватан соғинчи аламида кўпроқ илм олинглар, Ватанга садоқат билан хизмат қилинглар».

9 соат «тик оёқда» ўтган кун ҳали якунига етмаган эди. 16 сентябр куни Марказий Осиёнинг беш давлати ва Корея ўртасида саммит бўлиши режалаштирилган. Унга тайёргарлик жараёнида Президентнинг нутқи ва саммит доирасида илгари суриладиган ташаббуслар устида иш давом этмоқда.

Қачон раҳбар дам олади — бу саволга жавоб топиш бутун делегация учун ҳозирча жумбоқ.

«Ўзимниям қийнайман, сизларниям, ишламагунингизча қўймайман. Бизга 40 миллион халқ қараб турибди. Уларни рози қилишимиз керак».

9 соатлик «нон-стоп»нинг сирини билмайман. Аммо мақсади аниқ. Вақтни бой бермаслик. Замондан ортда қолмаслик. Ва 40 миллион инсон ишончини оқлаш.

Тараққиёт фақат катта лойиҳалар ёки юқори технологиялар билан эмас, вақтга муносабатдан ҳам бошланади. «Ппалли-ппалли» маданияти Кореяга вақтни қадрлашни ўргатган бўлса, Ўзбекистон учун бугунги асосий вазифа — ҳар бир дақиқани натижага айлантириш.

9 соатлик мулоқот, учрашув ва музокаралар ортида ҳам аслида битта мақсад ётади, вақтни бой бермасдан, бугун қабул қилинган қарорларни эртанги натижага айлантириш. Зеро, тараққиётни кутиб туриб эмас, унга улгуриб яшайдиган мамлакатгина замон билан ҳамнафас бўла олади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг