Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Навбаҳор Имомова: «Ўзбекистондаги журналистлар ўзлари хоҳлагандек материал тайёрлай олмас эди»

Навбаҳор Имомова: «Ўзбекистондаги журналистлар ўзлари хоҳлагандек материал тайёрлай олмас эди»

Фото: «Uza.uz»

«Америка овози» радиоси мухбири Навбаҳор Имомова ўзи ҳақида, Ўзбекистонга журналист сифатидаги илк сафари таассуротлари, кечаги ва бугунги кун журналистикаси ҳақида «ЎзА» мухбирига ҳикоя қилиб берди:

— Шу диёр фарзандиман. Ўзбекистоннинг энг сўлим гўшаларидан – Бўстонлиқ туманидаги Қўшқўрғон қишлоғида, оддий оилада туғилиб ўсганман. 9 фарзандмиз. Отам ўқитувчи, онам колхозчи бўлган. Ҳаётимнинг илк 13 йили Совет даврига, кейинги 10 йили эса мустақиллик йилларига тўғри келган. Миллионлаб ватандошларим сингари мен ҳам шу жамият маҳсулиман.

Узоқ йиллардан бери чет элда яшаб юрган бўлсам-да, ўзимни Ўзбекистоннинг ажралмас қисми деб биламан. Қарийб 20 йилдан бери хориждаман, олий таълимни чет элда олдим. Аввал Ҳиндистонда, кейин Қўшма Штатларда ўқидим. Мана, журналистика соҳасида 20 йилдан ошиқ вақт мобайнида ишлаб юрган бўлсам, фаолиятимнинг аксарият қисми Қўшма Штатлар билан боғлиқ. Ўзимни глобал фуқаро деб ҳисоблайман. Меҳнатим, касбим, ташкилотим тан олинди. Ўзбекистон томонидан аккрeдитация мен учун шуни англатади. Жудаям бахтиёрман лекин бу синов, буюк маъсулият.

Бир неча кундан бери Ўзбекистондаман. Вазиятни кузатаяпман. Тошкентда ҳамкасбларим орасидаман, танишаяпман, тинглаяпман. Олдинлари келганимда ҳам журналистлар билан учрашар эдим, албатта. Тор доираларда фикр алмашардик. Ўзбекистонлик ҳамкасбларим билан алоқани ҳеч қачон узмаганман. Журналист халқи ҳамиша мулоқотда бўлиши керак. Касбий фаолиятимни Ўзбекистонда бошлаганим учун миллий телерадиокомпания, хусусан, Ўзбекистон радиоси билан ришталарни узмаганман.

Эндиликда ўзгариш шуки, мана бугун Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигидек расмий воситада 30–40 нафар журналист даврасида ўтириб, уларнинг фикрини эшитиш, улар билан юзма-юз гаплашиб, ўз ташкилотим, ўз ишим, касбий принципларим, иш услубим ҳақида гапириб бераяпман.

Ҳар куни журналистлар билан учрашаяпман, ахборот воситаларига бораяпман. Ноҳукумат ва давлат канал ва нашрларидаман. Нафақат эфир учун гаплашаяпмиз, балки эфирдан ташқарида ҳам эркин фикр алмашяпмиз. Умуман олганда, журналистлар илҳомга тўла.

Тан олиш керак, журналистларда илҳом деган нарса ҳар доим ҳам бўлавермайди. Иш – бу иш. Борасиз, дастурингизни тайёрлайсиз, мақолангизни ёзасиз, уйга кетасиз. Лекин журналист халқида илҳомсиз сифат бўлмайди. Бугун мен сезаётган нарса – журналистлар сифатли материаллар тайёрлашни хоҳлашмоқда. Изчил, танқидий, таҳлилий материаллар тайёрлашни исташмоқда. Улар ижтимоий тармоқларда фаол бўлишга, мультимедиа маҳсулотлар тайёрлашга интилишмоқда. Уқувимизни ошириш керак, кўникмаларимизни кўтариш керак, билимимизни бойитиш керак, халқаро тажрибадан ўрганишиб, чет эл журналистлари билан ҳамкорлик қилишимиз керак, дейишяпти.

Аммо хоҳишнинг ўзи етмайди. Биз у ниятдамиз, бу ниятдамиз, деб чексиз мулоқот қилишимиз, истакларимизни алмашишимиз мумкин, лекин аниқ қадамлар қўйишимиз керак. Шу пайтгача хоҳлаганмиз, лекин қадам қўя олмаганмиз. Тўсиқларга учраганмиз. Бугун мен сезаяпман, ўша тўсиқларнинг кўпи йўқ, айримлари фақат тасаввуримизда. Уларни енгиш учун журналистларнинг, энг аввало, ўзларига ишончлари ошиши керак.

Ахборот воситалари раҳбарияти ва ходимлари ўртасида янгича ёндашув, муносабат шаклланиши керак. Бу малака оширишни, бошқалардан ўрганишни талаб қилади. Бир бирини яхшироқ тинглагани сари, мақсадларни аниқлаб олгани сари, ўсиш бўлади.

Ўзбекистондаги муҳим воқеаларни яқингача хорижий ахборот воситаларидан ўрганар эдик. Бугун Ўзбекистонда ўзбек тилида сифатли мақола ва лавҳалар, дастурлар кўпайган.

Ўзбекистонда кучли журналистлар бор. Хорижда ҳам кучли ўзбек журналистлари бор. Улар Ўзбекистонга киролмас, Ўзбекистондаги журналистлар ҳам ўзлари хоҳлагандек материал тайёрлай олмас эди. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги менга илк бор, «Сизнинг материалингизни бермоқчимиз, сизнинг шарҳингизни тарқатмоқчимиз», деб чиққанида, жудаям хурсанд бўлдим. Шокка тушганим йўқ, чунки журналист журналистни тушунади.

«Америка овози» эфирида кетган шарҳларимни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги олиб тарқата бошлади. Хурсанд бўлдик, албатта. «Америка овози» ҳам ўз роли ва қадрини биладиган ташкилот. Биз сифатга ишонамиз. Кучли журналистик принципларга эгамиз.

Хўш, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигидек расмий восита материални қандай бераркан, деб қизиқдик. Гаплаша бошладик, алоқа шаклланди. АҚШ ташқи сиёсати, хусусан, Ўзбекистон билан алоқаларга боғлиқ интервьюларимизни ва таҳлилимизни беришни бошлашди. Энг муҳими, мулоқот йўлга қўйилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг