Шаҳзодалар шаҳрига сафар: Амасия — афсона, тарих ва яшил дарё бўйидаги мўъжиза (фото)
Туркиянинг Токат шаҳридаги сафаримиз қариб, бир олам таассуротлар билан Амасияга йўл олдик. Икки шаҳар оралиғидаги масофа 100 чақиримдан ортиқроқ экан, микроавтобусда бир ярим соатча йўл босиб “Шаҳзодалар шаҳри”га кириб бордик.
- «Дракула» сақланган қалъа, Юлий Цезарнинг машҳур ибораси янграган шаҳар — Токатда қандай сирлар яширинган? (фото)
- Ионлашган ҳаво, фойдали кўршапалаклар, даволовчи хусусиятга эга “ер ости қасри” — Баллижа ғорига кирамиз (фото)
Фарҳод ва Ширин афсонаси
Шаҳарга кираверишда бизни биринчи қарши олган манзил — Фарҳод ва Ширин мажмуаси бўлди.
Алишер Навоийнинг “Хамса”сидаги иккинчи достон — “Фарҳод ва Ширин” ёзилгунига қадар бу севги қиссаси "Хусрав ва Ширин" шаклида машҳур эди. Алишер Навоий ўз достони учун аввалги достонларда иккинчи даражада талқин қилинган Фарҳодни бош қаҳрамон қилиб олади.
Фарҳод ва Ширин ҳақидаги афсона Туркиянинг Амасия шаҳри билан боғланган. Ривоятларга кўра, Фарҳод маҳбубаси Ширин яшаган шаҳарга дарё сувини етказиш учун тоғларни ёриб канал қурган.
Ҳозирда шаҳарнинг шарқий қисмида каналнинг қолдиқлари, Фарҳод ва Ширин ҳайкали ҳамда уларнинг ёнма-ён жойлашган рамзий қабри, “Ошиқлар музейи“ бор.
Яшилирмоқ бўйидаги мўъжиза
Амасия шаҳри Қора денгиз соҳилидан 140 км узоқда, ҳайратомуз манзарали Понтий тоғлари бағрида жойлашган. Шаҳар маркази орқали Яшилирмоқ дарёси оқиб ўтади.

Амасия тарихий шаҳар бўлиб, милоддан аввалги 302 йилда бу ер Понтий қироллиги пойтахти ҳисобланган. Тахминан 300 йилдан кейин шаҳар римликлар ҳукмронлигига ўтган. Милодий 35 йилдан бошлаб — Римнинг Галатия-Понт провинцияси, кейинроқ Каппадокия, Понт провинциялари таркибига кирган.

Ушбу ҳудудда хеттлар, фригийлар, киммерийлар, лидияликлар, форслар ва арманлар ҳам яшашган. Бу ерда буюк олим, тарихчи ва географ, дунёнинг илк харитасини чизган Страбон туғилиб ўсган.
Страбон милоддан аввалги 63 йилларда Амасияда туғилиб, милодий 21 йиллар атрофида шу ерда вафот этган. У кўп саёҳат қилган, кўп ўқиган ва ўша замон учун жуда узоқ умр кўрган. У ўз она шаҳри — Амасия тарихи ҳақида ҳам ёзиб қолдирган.

Яшилирмоқ дарёси соҳилида турклар томонидан ўрнатилган Страбон ҳайкали бор. Бу буюк олимга бўлган ҳурматнинг ёрқин исботи.
Рим ва Византия даврларидан кейин, 1285 йилда шаҳар Илхонлар давлати (мўғул сулоласи) тасарруфига ўтган. XIV асрнинг охирига келиб эса Усмонийлар ҳукмронлигига қўшилган.
Меъморчилиги
1075 йилда Амасия Салжуқийлар томонидан эгалланган. Улардан шаҳарнинг қадим иншоотлардан бири — 1242 йилда қурилган Бурмали масжиди қолган. У шаҳар марказида, катта карвонсарой ортида жойлашган. 17 асрда қурилган ушбу карвонсарой ҳозир ресторан сифатида фаолият юритади.
Дарёга яқинроқ ҳудудда эса 15 асрнинг охирида қурилган қадим савдо иншооти — Бедестен сақланган. Бу ерга қадимда савдо карвонлари келар, Яшилирмоқ водийси орқали Қора денгиз ёки ғарбга ўтиб кетарди. Шаҳзодалар таълим олган шаҳар бўлгани сабаб ҳудудда савдо ҳам, ҳунармандчилик ҳам яхши ривожланган. Катта савдо шаҳари бўлгани учун мактаблар, мадрасалар, шифохоналар бўлган. Жумладан, Амасияда 1308 йилда қурилган руҳий касалликлар шифохонаси — Беморхона бор. Бу ўрта асрлар учун жуда ғайриоддий. Ҳозир у музейга айлантирилган. Бир пайтлар у ерда беморларни мусиқа билан даволашган.
Амасиядаги энг катта масжид — султон Боязид II масжидидир. У 1480 йилларда мадраса, меҳмонхона ва хайрия муассасаси билан биргаликда қурилган кўркам меъморчилик обидаси саналади.
Амасияда диққатни тортадиган яна бир жиҳат — дарё бўйига қараган ўхшаш фасадли уйлар. Бу уйлар Усмонийлар меъморчилигининг ёрқин намунасидир. Ҳозирда улардан меҳмон уйлари, тамаддихоналар ва ресторанлар сифатида фойдаланишади.
Бўлажак султонлар шаҳри
Қизиқарли томони, Усмонлилар даврида тахтга даъвогар шаҳзодалар аввал айнан Амасияда вилоятни бошқариб, давлатчилик тажрибасини орттиришган. Бу гўёки улар учун «синов муддати» вазифасини ўтаган (ёдингизда бўлса, “Муҳташам юз йил” сериалида Султон Сулаймоннинг ўғли Мустафо ҳам Амасия шаҳрига юборилади). Шу тариқа Амасияни турк тарихида муҳим ўрин тутган кўплаб султонлар бошқарган. Улар орасида Константинополни забт этган буюк саркарда Фотиҳ Меҳмед II ҳам бор.
XIX асрнинг охирида машҳур француз археологи Ж. Перро Амасияни «Онадўлу Оксфорди» деб атаган, чунки бу ерда 30 минг аҳолига 18 та ўқув муассасаси хизмат қилган.
Амасия яна нимаси билан машҳур?
Худди Ўзбекистон ўзининг ширин мевалари билан танилгани каби, Туркияда Амасия — олма пойтахти сифатида ҳам машҳур. Бу ернинг олмалари ширин ва серсув.
Куз мавсумида Амасияга борсангиз, албатта маҳаллий олмаларни татиб кўринг. Қолаверса, оздириш хусусиятига эга олма сиркалари ҳам жуда машҳур.
Азон овози
Амасия қоялар орасидаги шаҳар бўлгани сабаб, уни тепаликдан кузатсангиз ҳайратланарли гўзалликка гувоҳ бўласиз. У, шубҳасиз, Туркиянинг энг чиройли жойларидан бири.

Яшил дарё бўйлаб ёйилиб ётган шаҳарда осмонўпар бинолар йўқ, асосан паст қаватли (4–6 қаватли) уйлар. Аксарият уйлар янгидек кўринади. Бироқ минг йиллик масжидлар, мадрасалар, карвонсаройлар, ҳаммомлар бу янги бинолар билан чамбарчас уйғунлашиб кетган.
Азон овози янграган пайтда эса ҳайратимиз янада ортди, товуш бир масжиддан иккинчисига ўтар, шаҳарни ўраб турган баланд қояларга урилиб акс-садо чиқарар, худди қудуқдек жойлашган бутун водийни муаззинлар овози титратарди. Ҳеч қачон, ҳеч қаерда бундай манзарани на кўрган, на эшитмаганман.

Шаҳардаги таомхоналар ҳам ўзгача. Шинам, маҳаллий колоритга эга. Дастурхонга одатдагидек, шўрва, кўфте, кўкатли салатлар ва албатта айрон ҳамда самовардан анъанавий турк чойи тортилди. Шундай жойда, шаҳар кафтдек кўриниб турадиган манзарали ресторан учун нархлар кўп ҳам қиммат эмас, Тошкентнинг ресторанлари даражасида.
Понтий подшоҳларининг қабрлари
Сайёҳлар Амасияга кўпинча Понтий подшоҳларининг дахмаларини кўриш учун келади. Улар ҳақида сафарга чиқмасимдан аввал эшитгандим. Маълумотларига кўра, тоғ қояларида 18 та даҳма бор. Энг машҳур бештаси шундоққина шаҳарнинг тепасида, Харшена қоясининг тик деворида жойлашган. Интернетда Амасия тимсоли сифатида кўрадиганингиз айнан шу манзаралар. Улар чиндан ҳам ҳайратланарли.
Қуйи ҳимоя деворлари устидаги қоя тошига ўйиб барпо этилган бу даҳмалар ўзаро ўтиш йўллари билан боғланган.
Кечаси даҳмалар ҳам, қўрғон ҳам, дарёнинг эски қирғоғи ҳам ёруғликка бурканади. Ғайритабиий манзара: дарё бўйлаб қатор-қатор уйлар, гумбазлар, миноралар, уларнинг устида эса ёритилган қоя “кўзлари” — даҳмалар ва тоғнинг баланд чўққиси.
Амасия археология музейи
Музей ихчам бўлса-да, жуда қизиқарли. Археологик ва этнографик бўлимлардан иборат.
Биринчи қаватда:
– эллинистик даврга оид терракота ва бронза саркофаглар,
– фригия шер ҳайкаллари,
– Рим даври топилмалари,
– энг қимматли экспонат — Хеттлар даврига оид Тешуб ҳайкалчаси.
Иккинчи қаватда:
– Усмонийлар даври ёғоч ўймакорлиги,
– кундалик буюмлар ва қуроллар,
– мўмиёлар зали: XIII асрга оид 8 та мўмиё.
Музей боғида ҳам тарихий эспонатлар жойлашган.

Биз Амасиянинг айрим жойлари ҳақида маълумот бердик, холос. Аслида эса шаҳар ва атроф ҳудудларда кўриш учун яна кўплаб тарихий, маданий ва табиий манзаралар бор.
Амасия — Туркиянинг бориб кўриш керак бўлган ноёб шаҳарлардан бири. Қоя тепасидаги қўрғон, Понтий подшоҳларининг сағаналари, географ Страбон, Шаҳзодалар мактаби, Фарҳод ва Ширин ривояти, қадим Усмонийлар меъморчилиги — буларнинг барчаси яшил дарё ва сеҳрли тоғларнинг қучоғидаги мўъжиза. Бу ерга келмасликнинг иложи йўқ.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter