Украинада уруш бошланганига 4 йил тўлди. Европанинг замонавий тарихидаги энг йирик ва қонли тўқнашув
Бугун, 24 феврал куни Россия Украинага қарши уруш очганига тўрт йил тўлди. 2022 йилнинг шу кунида бошланган ҳарбий ҳаракатлар Европанинг замонавий тарихидаги энг йирик ва қонли тўқнашувга айланиб, миллионлаб инсонлар тақдирини ўзгартириб юборди.
Украинадаги уруш 1461 кундан буён давом этмоқда, бу Россиянинг Улуғ ватан урушидан 43 кун кўп, яна 107 кундан сўнг давомийлиги бўйича Биринчи жаҳон урушидан ўтиб кетади.
Орадан тўрт йил ўтди, вазият эса мураккаблигича қолмоқда. Президент Владимир Зеленский ўз чиқишларида Украина таслим бўлмаслигини ва халқаро ҳамжамиятдан, хусусан АҚШдан ҳарбий ёрдам кутаётганини таъкидламоқда. Шу билан бирга, 2025 йил охиридан бери АҚШ воситачилигида тинчлик музокараларига уринишлар кузатилмоқда, бироқ ҳозирча томонлар келишувга эришгани йўқ.
Бугун БМТ Хавфсизлик кенгаши ва Европа парламенти урушнинг тўрт йиллиги муносабати билан махсус йиғилишлар ўтказиши кутилмоқда. Париж, Рига ва бошқа йирик шаҳарларда Украинани қўллаб-қувватлаш мақсадида тинчлик маршлари бўлиб ўтмоқда. Европа Иттифоқи эса Украинага янги молиявий ёрдам пакетларини ажратиш ва Россияга нисбатан қўшимча чекловлар жорий этиш масаласини кўриб чиқмоқда.
Тўрт йилдан буён давом этаётган уруш нафақат минтақавий, балки глобал хавфсизлик тизимини ҳам синовдан ўтказмоқда.
Уруш қурбонлари
Украинадаги уруш қурбонлари бўйича аниқ ва расмий ягона рақам йўқ, чунки томонлар ўз йўқотишларини тўлиқ очиқламайди. Бироқ халқаро ташкилотлар ва мустақил таҳлилчилар қуйидаги маълумотларни тақдим этмоқда:
Тинч аҳоли (фуқаролар)
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мониторинг миссияси маълумотларига кўра:
- Ҳалок бўлганлар: Камида 15 172 киши (бу фақат тасдиқланган ҳолатлар, реал сон бундан анча юқори бўлиши мумкин).
- Ярадорлар: 41 378 нафардан ортиқ киши.
- Болалар: Уруш оқибатида камида 763 нафар бола ҳалок бўлган.
Ҳарбий йўқотишлар (тахминий ҳисоб-китоблар)
Халқаро тадқиқот марказлари (хусусан, CSIS) ва экспертларнинг 2026 йил феврал ҳолатидаги тахминлари:
Украина: Президент Владимир Зеленский 2026 йил феврал ойи бошида 55 000 нафар украиналик аскар ҳалок бўлганини маълум қилди. Мустақил таҳлилчилар (CSIS) эса ҳалок бўлган ҳарбийлар сони 140 000 гача бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Россия: CSIS ҳисоб-китобларига кўра, Россия ҳарбийлари орасида ҳалок бўлганлар сони 325 000 нафарга етиши мумкин. Умумий йўқотишлар (ярадорлар ва бедарак кетганлар билан бирга) 1,2 миллиондан ортиқ деб баҳоланмоқда.
Умумий манзара
Тўрт йиллик уруш давомида иккала томондан ҳалок бўлган, яраланган ва бедарак йўқолган ҳарбийларнинг умумий сони 1,8 миллион кишига яқинлашган бўлиши мумкин. Бундан ташқари, 70 000 га яқин инсон (ҳарбий ва тинч аҳоли) бедарак кетганлар рўйхатида қолмоқда.
Иқтисодий зарар
Reuters хабарига кўра, Украина иқтисодиётини тиклаш учун кейинги ўн йил ичида 588 миллиард доллар керак бўлади.
Жаҳон банки, БМТ, Еврокомиссия ва Украина ҳукумати 23 феврал куни берган қўшма баёнотга кўра, бу миқдор ўтган йилги прогнозга нисбатан 12 фоизга кўпдир. Харажатларнинг ошиши қисман зарар кўрган ёки вайрон бўлган энергетика инфратузилмаси ҳажмининг 21 фоизга ўсгани билан боғлиқ. Таъкидлаш жоизки, ушбу тадқиқотга жорий йилнинг январ ва феврал ойларидаги вайронагарчиликлар киритилмаган.
Уруш бошланганидан бери бешинчи марта ўтказилган ҳисоб-китобларга кўра, Украинага етказилган тўғридан-тўғри зарар 195 миллиард долларга етди. «Зарар кўлами жуда катта ва ўсишда давом этмоқда», — дейилади ҳисоботда. Вайронагарчиликлар асосан фронт олди ҳудудлари ва йирик мегаполисларда, жумладан, Киевда кузатилмоқда.
Хабарга кўра, Украинада уй-жой фондининг 14 фоизи шикастланган ёки вайрон бўлган. Фақатгина тураржойларни тиклаш учун тахминан 61 миллиард доллар талаб этилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter