Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Япония боғчасида бир кун (видео)

Япония боғчасида бир кун (видео)

Японияда яшайдиган ҳамюртимиз Баҳодир Искандаров Facebook саҳифасида Япониядаги ҳаёт, японларнинг қадриятлари ҳақида тез-тез ибратга лойиқ маълумотлар билан бўлишади. Яқинда ҳамюртимиз «Япон боғчасида бир кун» мавзуида видеоролик тайёрлади. Ва бу видеоролик юз нафардан зиёд фолловерлар томонидан улашилди. Сабаби мактабгача таълим тизимимиз ҳам японлардан ўрганадиган жиҳатлари бор...

Баҳодир Искандаров «боламизни боғчага бериб ўзимиз ҳам қайта тарбияланаяпмиз», дейди.

– Япон боғчаларининг менга энг ёққан томони «Ренракучō» яъни, ота-она ва боғча ўртасида маълумот алмашиниш учун ёзиладиган кундалик бўлди. Эрталаб 09:00 – 18:00 гача болангиз билан бўлган воқеалар, нима еганию нима ичгани, кайфияти, соғлиғи, бошини қаергадир уриб олгани кабиларни боғчадаги ўқитувчилари қўлда ёзиб беришади. Кейин ота-она 18:00 дан 09:00 гача бўлган жараённи ёзади. Соат нечада ухлаганидан тортиб, неча марта ҳожатхонага кирганигача. Шундай қилиб, бола 24 соат назорат остида бўлади.

Боғчада боланинг ейдиган таомининг номлари ва таркибини ҳар ойда сизга кўрсатишади. Розилигингиз ва имзоингизни олгачгина ўша овқатни болага едиришади. Яна бир муҳим жиҳати: болаларнинг спорт билан шуғулланиши, сайрга олиб чиқилиши, ҳайвонот боғига бориши, экин майдонига бориб экин экиши каби дастурлар давлатдаги бутун мактабгача таълим муассасаларида аниқ бир тизимга солинган! Яъни сиз билан менинг фарзандим бошқа-бошқа шаҳарлардаги боғчаларга борган бўлиши мумкин, лекин улар бир-хил шеър ва қўшиқни айтиб, бир-хил режимда катта бўлаётган бўлади...», қайд этади муаллиф.

Видеода  япон боғчасининг яна жуда кўп ўрганиш мумкин бўлган жиҳатлари эътиборга олинган. Ўйлаймизки, бу лавҳалар кўпчиликни беэътибор қолдирмайди, ҳатто ўрганиш ва тадбиқ қилиш фойдадан ҳоли бўлмайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг