6 март куни инсон Ойга парвоз қилиши мумкин
NASA ярим асрдан кўпроқ вақт ичида биринчи марта Ой атрофида бошқариладиган парвозга тайёргарлик кўрмоқда. Тўрт нафар астронавт «Артемида-2» дастури доирасида 10 кунлик экспедицияга йўл олади, деб хабар берди агентлик.
Жамоа ракетани учириш бўйича тайёргарлик машқларини якунлади ва стартолди якуний синовларига ҳозирланмоқда. Ушбу синовлар давомида мутахассислар ташувчи ракетани ёқилғи билан тўлдиришади ва тўлиқ тескари саноқни амалга оширишади. Агар жараёнлар муваффақиятли якунланса, старт 6 мартга белгиланади, деди агентлик вакили Лори Глэйз.
Экипаж таркибига уч нафар америкалик — Рид Уайзман, Виктор Гловер ва Кристина Кох ҳамда канадалик астронавт Жереми Ҳансен киритилди.
NASA аниқлик киритишича, Кристина Кох — Ой томон парвоз қиладиган илк аёл. Аёллар орасида орбитада узлуксиз энг кўп вақт бўлиш рекорди (328 кун) айнан унга тегишли. Виктор Гловер эса бундан аввал Халқаро космик станцияда олти ойга яқин вақт ишлаган ва орбитал мажмуадаги узоқ муддатли экспедиция таркибига кирган биринчи афроамерикалик бўлган эди.
Экипаж Ер йўлдошига «Orion» кемаси ўрнатилган «Space Launch System» ташувчи ракетасида йўл олади. Астронавтлар капсула ичида 10 сутка қолишади.
Таъкидлаш керакки, Ойга парвоз давомида унга қўниш режалаштирилмаган: кема унинг орқа томонини айланиб ўтади ва Ерга қайтади. Агентликнинг ҳисоблашича, ушбу миссия янги маълумотларни олиш ва одамларни Ой юзасига тушириш режалаштирилган кейинги «Артемида-3» экспедициясига тайёргарлик кўриш имконини беради.
Маълумот учун: инсон охирги марта 1972 йил декабр ойида «Аполлон-17» миссияси давомида Ойга учган эди. Ўшанда астронавтлар йўлдош юзасида жами 75 соат вақт ўтказишган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter