Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Forbes сунъий интеллект миллиардерга айлантирган кишилар рўйхатини тузди

Forbes сунъий интеллект миллиардерга айлантирган кишилар рўйхатини тузди

Чарлз Лян, Лиза Су, Сэм Алтман ва Бретт Адкок.

Сунъий интеллект (СИ) билан шуғулланувчи компаниялар акцияларининг қимматлашуви ҳамда бу соҳага сармояларнинг кўпайиши сабабли янги миллиардерлар пайдо бўлди. Forbes маълумотига кўра, 2023 йилда миллиардерлар рўйхатига 9 нафар топ-менежер қўшилди, ҳаммаси сунъий интеллект билан бевосита ва билвосита шуғулланувчилар.

1. Чарлз Лян, Super Micro Computer, $6,1 млрд

Чарлз Лян Super Micro Computer асосчиларидан саналади, компания IT-инфратузилмалар яратади. Компанияга қарашли серверлар ва тизимлардан СИ ва булутли сервисларга ихтисослашган компаниялар фаол фойдаланмоқда. 2023-молиявий йилда Super Micro Computer рекорд — $7 млрд даромад олди, акциялари эса 1100 фоиздан кўпроқ қимматлашди.

2. Квак Дон Шин, Hanmi Semiconductor, $2,9 млрд

Квак Дон Шин 1980 йилда асос солинган Hanmi Semiconductor компаниясини бошқаради. Компания чиплар учун бутловчи қисмлар чиқаради. Асосий мижозлари — Samsung Electronics ва SK Hynix каби таниқли брендлар. СИ шарофати билан 2023 йилда Hanmi Semiconductor акциялари қиймати 560 фоизга яхшиланди.

3. Сюнсаку Сагами, брокерлик фаолияти, $1,9 млрд

Сюнсаку Сагами — институт раҳбари. Бу институт тадқиқотлари компанияларнинг бирикиши ва сотиб олинишини ўрганишдан иборат. Институт салоҳиятли харидорларни ахтаришда сунъий интеллектдан фойдаланади. Сагами нетворкингчи — тадбиркор кичик ва ўрта бизнес вакиллари ўртасида воситачилик қилади.

4. Иван Чжао, Notion, $1,5 млрд

Notion асосчиларидан бири ва бош директори Иван Чжао пулларини сунъий интеллектга тикиб адашмади. 2015 йилда ҳамма ходимларини бўшатиб юбориб, Сан-Францискодаги офисини ижара (субаренда)га берди ва Японияга кўчиб ўтди. Forbes баҳолашича, Notion компанияси нархи $5 млрд, Иван Чжао бойлиги $1,5 млрдга етган.

5. Бретт Адкок, Fig, $1,4 млрд

Бретт Адкок — Fig компанияси асосчиси ва раҳбари. Fig сунъий интеллектга асосланган «умумий фойдаланиш учун гуманоид» (одамсимон робот) яратиш билан банд. Адкок $2,6 млрдга баҳоланаётган компаниянинг тахминан 50 фоиз акцияларига эгалик қилади. 2024 йил февралида Fig Жефф Безос, Microsoft, Nvidia ва OpenAIдан $675 млн сармоя жалб қилди.

6. Лиза Су,  Advanced Micro Devices (AMD), $1,3 млрд

Лиза Су 2014 йилда раҳбарликка келганидан буён Advanced Micro Devices акциялари 60 каррадан кўпроқ қимматлашди. Бежизга уни «микрочиплар қироличаси» дейишмайди. Компания СИ соҳаси учун яримўтказгичлар чиқаради.

7. Мишел Затлин, Cloudflare, $1,2 млрд

Cloudflare компанияси амалиётлар директори  Мишел Затлин мижозларни ҳимоялаш ва кибертаҳдидларнинг олдини олиш учун сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланмоқда. Унинг компанияси дастурлаш соҳаси мутахассисларига ўз сунъий интеллект моделларини яратиш учун хавфсиз булутли муҳит тақдим этиб келмоқда. Cloudflare акциялари 2023 йилда 65 фоиз қимматлашди, компаниянинг атиги 2 фоиз акциясига эга Затлин Forbes миллиардерлари рейтингига кирди.

8. Сэм Алтман, OpenAI, $1 млрд

Сэм Алтман — OpenAI бош директори. 2022 йилда у ChatGPT чат-ботини ишга тушириб, чин маънода сунъий интеллект соҳасида инқилоб ясади. Нега сунъий интеллект соҳасининг энг таниқли кишиси соҳа миллиардерлари орасида атиги 8-ўринда, деган савол туғилади. Жавоби шуки, Сэм Алтман $80 млрддан қимматроққа баҳоланувчи OpenAI компаниясининг биронтаям акциясига эга эмас.

Нашр маълумотига кўра, Алтман $1 млрдни 2014 йилдан 2019 йилгача Y Combinator стартапини бошқариб қўлга киритган бўлиши мумкин. Қолаверса, унинг қўлида Reddit, Stripe ҳамда ядровий синтез билан шуғулланувчи Helion стартапи акциялари бор. TIME журнали Сэм Алтманни йил бош директори дея эътироф этганди.

9. Ҳарви Жонс, Nvidia, $1 млрд

Ҳарви Жонс — сармоядор ва тадбиркор, Nvidia таъсисчилари кенгаши аъзоси. Компания акциялари энг йирик бенефициарларидан биридир. Унинг бойлиги ҳам $1 млрд.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг