Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

My.gov.uzдан тоғлар орасидаги IT Villajгача

My.gov.uzдан тоғлар орасидаги IT Villajгача

Фото: Сунъий интеллект

Хизмат сафарларининг бирида Самарқанд вилояти Оқсой қишлоғида барпо этилган замонавий таълим марказини кўриб, ҳайрон қолгандим. Наҳотки, интернет чекка қишлоқдаги тоғлар орасигача етиб келган, дастурлаш, робототехника каби фанларни ўқитишда муаммо бўлмаса.... Ёзги таътил бўлишига қарамай Нуробод ва Пастдарғом туманларидан 600 га яқин ўқувчи махсус автобуслар орқали бу ерга қатнаб таҳсил олишаётганди.

«ICT Week Uzbekistan» АКТ ҳафталиги доирасида «Ягона интегратор — UZINFOCOM» ҳамкорлигида ташкил этилган IT Villaj бугун нафақат таълим маркази, балки чекка ҳудудларда рақамли кўникмаларни шакллантиришнинг амалий намунасига айланган.

Фото: Хаbar.uz

Аввалига буни шунчаки таълим лойиҳаси деб қабул қилгандим, кейинроқ англадимки, бу айти мактаби рақамли Ўзбекистоннинг қандай қурилаётганини кўрсатувчи кичик бир модел экан. Чунки рақамли давлат фақат электрон хизматлар ёки янги платформалардан эмас, балки ана шундай чекка ҳудудларда ёшларга таълим беришдан бошланади.

Тоғ бағридаги IT маркази ҳақидаги таассуротларим совумасдан бу орада Самарқанд ва Бухоро вилоятларидаги бирламчи тиббиёт муассасаларида бўлдим. У ерда Давлат тиббиёт электрон дастури (DMED) тизими қандай ишлаётганини кузатдим. Энди беморларни қабул қилиш ва электрон тиббий карталарни юритиш ягона база орқали амалга оширилмоқда. Шифокор қабули, қўйилган ташхис ва даволаш жараёнларининг барчаси рақамли тизимда тўлиқ акс этмоқда.

Бир пайтлар «келажакда сиз навбатга турмайсиз, телефон орқали қабулга ёзиласиз, кўчага чиқмасдан давлат хизматларидан фойдаланасиз», дейишса, бунга ишониш қийин эди. Ахир оддий маълумотнома олиш, мулкни расмийлаштириш ёки шифокор қабулига ёзилиш учун узун навбатларда соатлаб кутишга тўғри келарди. Турли ҳужжатлар, кўп босқичли келишувлар ва инсон омилига ҳаддан ташқари боғлиқ жараёнлар бюрократиянинг одатий кўриниши эди. Бу эса нафақат вақт йўқотиш, балки давлат хизматларининг самарадорлиги ва очиқлигига ҳам салбий таъсир кўрсатарди.

Бугун эса бу тасаввур аста-секин ҳаётимизга айланмоқда. Бутун дунёда давлат бошқарувининг самарадорлиги рақамли технологияларни қай даражада жорий этгани билан баҳоланмоқда. Ўзбекистон ҳам бу жараёндан четда қолгани йўқ. Сўнгги йилларда давлат бошқарувини рақамлаштиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, «Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегияси ҳамда электрон ҳукумат тизимини ривожлантиришга оид қарорлар асосида кўплаб давлат хизматлари электрон шаклга ўтказилди. Бу эса фуқаролар учун хизматларни тезкор, шаффоф ва қулай қилиш билан бирга, бюрократик тўсиқларни босқичма-босқич қисқартиришга хизмат қилмоқда.

Рақамли давлат: ягона рақамли экотизим сари

Рақамли ҳукумат деганда кўпчилик уни фақат электрон давлат хизматлари портали ёки мобил иловалар билан боғлайди. Аслида эса бу бир-бири билан ўзаро интеграциялашган рақамли платформалар ва ахборот тизимларидан ташкил топган яхлит бошқарув механизми. Унинг асосий мақсади давлат идоралари фаолиятини соддалаштириш, фуқаролар учун хизматларни тезкор ва шаффоф кўрсатиш ҳамда инсон омилини камайтиришдан иборат.

Ўзбекистонда рақамли давлат экотизимининг муҳим бўғини сифатида фаолият юритаётган my.gov.uz портали орқали давлат хизматларидан уйдан чиқмаган ҳолда фойдаланиш мумкин. Айниқса, ID-карталар жорий этилганидан сўнг фуқароларнинг электрон идентификацияси анча соддалашди. Жорий йилнинг апрель ойида эълон қилинган расмий маълумотларга кўра, my.gov.uz портали фойдаланувчилари сони 15 миллион нафарга етгани мазкур хизматларга бўлган талаб ва ишонч тобора ошиб бораётганидан далолат беради.

Портал орқали доимий яшаш жойи ҳақида маълумотнома олиш, меҳнат дафтарчасидан кўчирма юклаш, кредит тарихи, пенсия ва нафақага оид маълумотларни текшириш, оила таркибига ўзгартиш киритиш, ижро ҳужжатлари бўйича қарздорликни аниқлаш, автотранспорт воситаларига оид айрим рухсатномаларни расмийлаштириш каби ўнлаб хизматлар электрон шаклга ўтказилди.

Рақамли трансформация давлат бошқарувининг бошқа соҳаларини ҳам қамраб олмоқда. Хусусан, xarid.uz платформаси давлат харидларини очиқ ва рақобатли муҳитда амалга оширишга хизмат қилади. Давлат харидлари тизими нима учун рақамлаштирилиши кераклигини оддий ҳаётий мисолда тасаввур қилиш мумкин. Айтайлик, уйингизни таъмирлаш учун уста қидиряпсиз. Биринчи учраган устани ёлласангиз, у қанча нарх айтса, шунга кўнишингизга тўғри келади. Ишнинг сифати қандай бўлиши ёки нарх бозорга мос келадими-йўқми буни билишнинг имкони йўқ.

Энди бошқа ҳолатни тасаввур қилинг. Сиз таъмирлаш ҳақида эълон берасиз. Бир неча уста ўз таклифи, нархи ва аввалги ишларини кўрсатади. Сиз эса уларни таққослаб, энг мақбул таклифни танлайсиз. Натижада ҳам маблағ тежалади, ҳам иш сифати ошади.

Давлат харидларининг рақамли тизими ҳам худди шу тамойил асосида ишлайди. Фақат бу ерда гап бир хонадон эмас, балки давлат бюджети ҳисобидан амалга ошириладиган миллиардлаб сўмлик харидлар ҳақида кетмоқда. Хarid.uzex.uz платформаси давлат ташкилотлари ва тадбиркорларни ягона рақамли майдонда учраштириб, харид жараёнини очиқ ва рақобатли ташкил этишга хизмат қилади.


Бунинг аҳамиятини биринчи навбатда солиқ тўловчилар ҳис қилади. Чунки давлат харид қилаётган ҳар бир жиҳоз, қурилиш материали ёки хизмат бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Харидлар очиқ рақобат асосида амалга оширилса, маблағлар тежалади, ортиқча харажатларнинг олди олинади. Бу эса тежалган маблағларни мактаблар, шифохоналар, йўллар ва бошқа ижтимоий лойиҳаларга йўналтириш имконини беради.

Рақамли платформа тадбиркорлар учун ҳам тенг имконият яратади. Энди давлат буюртмасида қатнашиш учун таниш-билишга эмас, рақобатбардош таклифга эга бўлиш муҳим. Шу боис чекка ҳудуддаги кичик корхона ҳам йирик давлат буюртмасини ҳалол рақобат орқали ютиб олиш имконига эга.

Платформага сунъий интеллект технологияларининг жорий этилиши эса тизимнинг яна бир муҳим босқичидир. Масалан, агар бирор маҳсулот бозор нархидан бир неча баробар қиммат нархда харид қилиниши режалаштирилса, алгоритм бундай номутаносибликни автоматик равишда аниқлаб, масъулларга огоҳлантириш беради. Бу инсон омили таъсирини камайтириш, давлат маблағларидан оқилона фойдаланиш ва харид жараёни шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.

e-kontrakt.uz орқали талабаларнинг тўлов-шартномалари автоматик шакллантирилса, soliq.uz ахборот тизими эса солиқ ҳисоб-китоблари, ҳисоботларни тақдим этиш ва тўловларни амалга ошириш жараёнларини рақамлаштириб, солиқ тўловчилар учун қулай ва шаффоф муҳит яратди.

Рақамлаштириш — коррупцияга қарши жим кураш

Бугунги кунда коррупцияга қарши кураш деганда кўпчиликнинг хаёлига ҳуқуқбузарларни аниқлаш, уларни жавобгарликка тортиш ёки жазолаш келади. Бироқ халқаро тажриба шуни кўрсатмоқдаки, коррупцияга қарши энг самарали кураш уни содир бўлгандан кейин эмас, балки унга имконият яратадиган омилларни бартараф этишдан бошланади. Шу маънода рақамли технологиялар коррупцияга қарши энг самарали ва «жим» кураш воситаларидан бирига айланмоқда.

Масалан, электрон навбат тизими шифокор қабули ёки давлат хизматига мурожаат қилишда «таниш-билиш орқали навбатдан ташқари кириш» ҳолатларини чеклайди. Электрон рецептлар шифокор томонидан ёзилган дори воситалари ҳақидаги маълумотларни ягона базада сақлайди. Бу сохта рецептлар расмийлаштириш ёки беморни муайян дорихонага йўналтириш каби ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Сўнгги йилларда блокчейн технологияси ҳам давлат бошқарувида тобора кенг қўлланилмоқда. Унинг асосий афзаллиги шундаки, маълумотлар бир марта киритилгандан кейин уларни яширинча ўзгартириш ёки ўчириш деярли мумкин эмас. Шу боис блокчейн ер кадастри, давлат реестрлари, давлат харидлари ва молиявий операцияларда маълумотларнинг ишончлилиги ҳамда яхлитлигини таъминлашда истиқболли технология сифатида баҳоланмоқда.


Сунъий интеллект эса катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиш орқали оддий инсон илғамайдиган ноодатий ҳолатларни аниқлаш имкониятини беради. Масалан, қисқа вақт ичида бир хил компаниянинг кетма-кет тендерларда ғолиб чиқиши, шубҳали молиявий операциялар ёки солиқ ҳисоботларидаги ғайритабиий фарқлар алгоритмлар томонидан автоматик равишда аниқланиб, қўшимча текширув учун белгиланиши мумкин. Бу эса ҳуқуқбузарликларни эрта босқичда аниқлаш имконини оширади.

Янги технология — янги тафаккур

Рақамли ҳукуматни ривожлантириш фақат замонавий дастурлар ёки электрон платформаларни яратиш билан чекланмайди. Бу жараён киберхавфсизликни мустаҳкамлаш, шахсий маълумотларни ишончли ҳимоя қилиш, рақамли саводхонликни ошириш ва давлат хизматчиларини янги иш усулларига мослаштириш каби вазифаларни ҳам қамраб олади.

Бугун давлат хизматларининг тобора кўпроқ қисми электрон шаклга ўтаётган бир пайтда фуқароларнинг шахсий маълумотларини ҳимоя қилиш устувор масалага айланмоқда. Шу боис рақамли инфратузилмани ривожлантириш билан бир қаторда, киберхавфсизлик тизимларини такомиллаштириш, ахборот хавфсизлиги стандартларини кучайтириш ва давлат ахборот тизимларининг барқарор ишлашини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.

Яна бир муҳим жиҳат — рақамли саводхонлик. Масалан, орамизда ҳануз айрим фуқаролар электрон хизматлардан мустақил фойдаланиш ўрнига анъанавий усулни маъқул кўради. Ҳатто my.gov.uz орқали бир неча дақиқада бажариш мумкин бўлган хизматлар учун ҳам ҳужжатлар папкасини кўтариб идорама-идора юриш ёки узун навбатларда туришни афзал биладиган ҳолатлар учраб туради. Улар учун рақамли хизматлар, электрон идентификация ёки онлайн ариза юбориш жараёни мураккаб бошқотирмадек туюлади. Бу эса рақамли инфратузилма яратилган тақдирда ҳам унинг имкониятларидан тўлиқ фойдаланишга тўсқинлик қилиши мумкин.

Рақамли давлатни барпо этиш фақат технологияга эмас, балки инсон омилига таянади. Бу борада фуқароларда рақамли кўникма ва фойдаланиш маданиятини шакллантириш муҳим ўрин тутади.
Шу билан бирга, ислоҳотлар давлат хизматчиларидан ҳам янги ёндашувни талаб этмоқда: энди улар оддий ижрочи эмас, балки маълумотларни таҳлил қилувчи ва рақамли платформаларда ишлайдиган мутахассисга айланиши зарур.

Барно Султонова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг