Путин Зеленский билан қачон учрашиши айтилди
Россия президенти Владимир Путин, Украина президенти Владимир Зеленский ва АҚШ президенти Доналд Трамп иштирокидаги саммит ўта мураккаб келишув жараёнларидан кейингина амалга ошиши мумкин. Бу ҳақда Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.
«Путин–Трамп–Зеленский саммитини ўтказиш кўпдан буён таклиф этилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг бу борадаги позицияси аниқ: бундай учрашув келишувларни мустаҳкамлаш мақсадидагина ўтказилиши мумкин. Келишувлар эса жайдари битим эмас, бу сон-саноқсиз деталларни ўз ичига олган ўта мураккаб мувофиқлаштирув жараёнидир», — деди Кремль воизи.
Сўнгги кунларда жаҳон матбуотида Россия, Украина ва АҚШ президентлари учрашиши эҳтимоли яна фаол муҳокама этилмоқда. АҚШнинг Axios нашри чоп этган хабар ушбу муҳокамаларни янада кучайтирди.
Axios ёзишича, жорий йил 25 август куни Москвага яширин равишда ташриф буюрган АҚШ Марказий разведка бошқармаси раҳбари Жон Рэтклифф уч давлат раҳбари иштирокида музокара ўтказиш масаласини ҳам кўтарган.
Аввал хабар берганимиздек, Жон Рэтклифф Россия Федерал хавфсизлик хизмати раҳбари Александр Бортников билан учрашувда Украина билан урушда Россиянинг ҳолати аянчли экани ҳақидаги хулосасини ҳам етказган. АҚШ бош жосуси ҳарбий, иқтисодий вазият янада ёмонлашмасдан туриб, Украина билан урушни тўхтатиш юзасидан музокара бошлашга чақирган.
Россия, Украина ва АҚШ раҳбарлари ўртасида учрашув ўтказиш масаласи кўпдан буён халқаро сиёсат кун тартибида турибди. Жумладан, АҚШ президенти Доналд Трамп 2025 йил август ойида икки ой муддат ичида уч томонлама саммитга ўтказилиши ҳақида гапирган, аммо бу режа амалга ошмаган эди.
Жорий йил феврал ойида АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф ҳам давлат раҳбарлари учрашуви ҳақида умидбахш баёнот берган эди.
Жорий йил июн ойида Украина президенти Владимир Зеленский Россия президенти Владимир Путинга очиқ мактуб йўллаб, урушни тўхтатиш учун шахсан учрашув ўтказишни таклиф қилди.
Путин эса бунга жавобан мазкур учрашувда маъно кўрмаётганини айтди.
Аввалроқ Кремль Зеленскийни Путин билан Москвада музокара ўтказишга таклиф қилган, аммо Украина «Москва агрессор давлат пойтахти» ҳисоблангани сабаб бундай форматни рад этганди.
Таҳлилчиларга кўра, бу каби баёнотлар Москванинг ҳозирча урушни тўхтатиш нияти йўқлигини кўрсатади.


Izoh qoldirish uchun saytda ro'yxatdan o'ting
Kirish
Ijtimoiy tarmoqlar orqali kiring
FacebookTwitter