Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

АҚШлик журналист Виктор Готевбега «Олтин қалам» миллий мукофоти топширилди

АҚШлик журналист Виктор Готевбега «Олтин қалам» миллий мукофоти топширилди

АҚШдаги «Diplomatic Watch» журнали бош муҳаррири Виктор Готевбега «Олтин қалам» миллий мукофоти топширилди. У жорий йилда мазкур нуфузли танловнинг «Хорижлик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали» номинацияси ғолибларидан бири деб топилган эди.

Виктор Готевбе Ўзбекистон ҳақида қатор таҳлилий мақолалар муаллифи ҳисобланади. У ўз материалларида мамлакатимизда амалга оширилаётган сиёсий ислоҳотлар, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ўрни, глобал жараёнлардаги иштироки ва илгари сураётган ташаббусларини ёритиб келади.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси делегациясининг АҚШга сафари доирасида Вашингтон шаҳридаги Ўзбекистон элчихонасида мукофотни топшириш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистоннинг АҚШдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Фурқат Сидиқов, хорижий давлатлар дипломатик корпуси вакиллари, жамоатчилик ва экспертлар ҳамда журналистлар иштирок этди.

Маросимда сўзга чиққан Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Шуҳрат Орипов «Олтин қалам» миллий мукофоти учун халқаро танлов доирасида 2021 йилда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан «Хорижлик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали» номинацияси таъсис этилганини алоҳида таъкидлади.

Қайд этилганидек, ушбу номинация хорижий журналистларнинг мамлакатимиз ҳаёти, ислоҳотлари ва халқаро ташаббусларига бўлган қизиқишини рағбатлантириш, шунингдек, Ўзбекистон ҳақидаги холис ва таҳлилий ахборотлар қамровини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Виктор Готевбе ўз навбатида Ўзбекистон томонидан кўрсатилган юксак эътибор ва эътирофдан мамнунлигини билдирди.

«Очиғини айтсам, мен жуда ҳайратда қолдим. Бундай бўлишини умуман кутмагандим. Бу мен учун кучли илҳом, рағбат ва алоҳида фахр», — деди у.

Тантанали маросимда Виктор Готевбе ҳамда «The Hill» газетасининг жамоатчи мухбири Жеймс Дурсога Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг фахрий аъзолик гувоҳномалари ҳам топширилди.

Жеймс Дурсо АҚШ сиёсати, хусусан, Вашингтоннинг Марказий Осиё давлатлари билан муносабатлари, Афғонистондаги вазият ва минтақавий жараёнларга бағишланган таҳлилий мақолалари билан танилган. Унинг Ўзбекистонга оид материаллари ҳам халқаро ахборот майдонида мамлакатимиз ҳақидаги таҳлилий контентни бойитишга хизмат қилмоқда. Журналист 2024 йилда «Олтин қалам» миллий мукофоти соҳиби бўлган.

Шунингдек, тадбир доирасида айни пайтда АҚШда фаолият юритаётган журналист Отабек Эшмаматов ҳамда «Kun.uz» веб-сайтининг АҚШдаги махсус мухбири Шоҳрух Мажидовга Ўзбекистон Журналистлар уюшмасига аъзолик гувоҳномалари топширилди.

Мазкур маросим Ўзбекистон ҳақидаги ахборот ва таҳлилий материалларни халқаро аудиторияга етказишда хорижий журналистлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, мамлакатимизнинг халқаро медиа маконидаги ўрни ва нуфузини ошириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг