Буюк Британия бош вазири ниҳоят хатони тан олди
Буюк Британия бош вазири Энди Бёрнем қиролликнинг Европа Иттифоқидан чиққани, яъни “брексит” ҳодисаси кутилган натижа бермаганини тан олиш вақти келганини айтди.
«Мен ҳар бир ҳодисани ўз номи билан аташга ҳаракат қиламан. Биз эришган “брексит” иш бермади. Биз қўлга киритганимиздан кўра кўпроқ бой бердик», — деган Энди Бёрнем Лондонда ташқи сиёсатга бағишланган йиғилишда.
Сиёсатчи мамлакатнинг 2016 йилги референдум ортидан ЕИ таркибидан чиққанини Ҳанс Кристиан Андерсеннинг «Қиролнинг янги кўйлаги» эртагидаги мотив билан муқояса қилган. Машҳур эртакда ҳукмдор яланғоч эканини очиқ айтишга ҳеч ким журъат этмайди.
Инглиз ҳукумати раҳбарининг тан олиб айтишича, “брексит” ортидан Европада парокандалик кучайган.
«Брексит изоляционизм ва протекционизм ҳаракати глобал миқёсда кучайган бир вақтда доминонинг илк қулаган донаси бўлди. Душманларимиз ҳам айни шуни кўзлаган эди. Хусусан, Россия НАТО ичида парокандалик кайфиятини кучайтириб, Европани кучсизлантиришни мақсад қилган эди», — деди Бёрнем.
Унга кўра, “брексит” тарафдорларининг Буюк Британия ЕИдан чиқса, ўз чегаралари, қонунлари ва иқтисодиёти устидан назоратни қўлга киритади деган ваъдаси ҳам бажарилмади.
ЕИ билан савдо кескин қисқариши сабаб қироллик ялпи ички маҳсулоти 4-8 фоиз миқдорида зарар кўрди.
Бош вазир Энди Бёрнем ҳозирги шароитда қироллик ЕИ билан алоқаларни янада яқинлаштириши лозимлигини уқтирган.
Маълумот ўрнида: Буюк Британияда 2016 йилда ўтказилган референдумда 51,89 сайловчи ЕИ таркибидан чиқишни, 48,11 фоизи эса қолишни ёқлаб овоз берган эди. Пировардида Буюк Британия 2020 йилнинг 31 январидан расман ЕИ таркибидан чиқди.
ЕИдан чиқиш нафақат иқтисодий, балки сиёсий хатарларни ҳам кучайтирди. Жумладан, Англия, Шотландия, Уэлс ҳамда Шимолий Ирландиядан таркиб топган Бирлашган Қироллик парчаланиб кетиши ҳақида тахминлар ўртага чиқди.
Хусусан, Шотландия, Уэлс ва Шимолий Ирландия Буюк Британиядан мустақил бўлиш ҳуқуқи тўғрисидаги қўшма меморандумни имзолади.
Таҳлилчиларга кўра, “брексит”дан бир неча йил ўтиб, Евроиттифоқ ва Буюк Британия яна яқинлашмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter