Чақмоқ уриб, тирик қолганлар
Бу мавзу жуда қизиқ. Тарихда бир неча марта чақмоқ урганига қарамай тирик қолган ва ҳатто машҳур бўлиб кетган одамлар бор...
Рой Салливан
Чақмоқ етти марта урган инсон. У Гиннесс рекордлар китобига кирган. Салливан Шенандоа миллий боғида ўрмон қўриқчиси бўлиб ишлаган ва хизмат пайтида чақмоққа қайта-қайта дуч келган.
Биринчи марта уни 1942 йили чақмоқ урган. Кейин эса турли йилларда яна олти марта бу хавфои ҳодиса такрорланган.
Ҳар сафар Салливан танасининг турли қисмлари куйган, сочлари ёнган, қулоғи шикастланган, аммо тирик қолган. Қизиғи, охирги ҳодисадан кейин ҳатто балиқ тутаётганда айиқ унга ҳужум қилган. Шунинг учун дўстлари ҳазиллашиб, уни «табиатнинг энг омадсиз одами» деб аташган.
Мелвин Робертс
Унинг ҳаётида икки марта чақмоқ уриш ҳодисаси бўлган.
Биринчи марта машинасида кетаётганида чақмоқ автомобилга тушган. Орадан бир неча йил ўтиб, иккинчи марта уйи олдида турганида яна чақмоқ урган. Иккала ҳолатда ҳам Робертс тирик қолган.
Моро Санчес
Кубада яшаган бу фермерга қисқа вақт ичида бир неча марта чақмоқ ургани ҳақида маҳаллий матбуотда хабарлар чиққан. Шундан кейин у уйига махсус чақмоқ қайтаргич ўрнатган ва нохуш об-ҳавода умуман ташқарига чиқмай қўйган.
Билл Дэвидсон
Уни Австралияда қайиқда балиқ овлаётганида чақмоқ урган эди. Юраги бир муддатга тўхтаб қолган, аммо ҳамроҳлари биринчи тиббий ёрдам кўрсатиб, ҳаётини сақлаб қолишган.
Ҳа, илмий маълумотларга кўра, чақмоқ урган айрим одамлар тирик қолади. Замонавий тиббий ёрдам туфайли тирик қолиш эҳтимоли анча юқори, аммо кўпчиликда турли асоратлар қолади. Уларда хотиранинг сусайиши; доимий бош оғриғи, эшитиш ёки кўришнинг ёмонлашиши; асаб тизими шикастланиши, куйиш излари, юрак ритмининг бузилиши юз беради...
Нега баъзи одамларни бир неча марта чақмоқ уради?
Бу «қарғиш» эмас. Мутахассислар мазкур жараённинг бир нечта сабабини кўрсатишади Яъни, бу ҳодиса инсоннинг кўп вақт очиқ майдонда ишлаши, тоғли ёки ўрмонли ҳудудларда бўлиши, баланд жойларда тез-тез юриши, тасодифлар йиғиндиси билан боғлиқ. Шу сабабли ўрмон қўриқчилари, фермерлар, тоғ қутқарувчилари ва электр тармоқлари ходимлари бошқаларга қараганда кўпроқ чақмоқ хавфига дуч келишади.
Рой Салливаннинг етти марта чақмоқ уришидан омон қолиши эса ҳалигача инсоният тарихидаги энг ғаройиб ва энг машҳур ҳолат ҳисобланади.
Акбар Фатҳуллаев


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter