Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Исроилнинг ҳаракатини 85 давлат қоралади

Исроилнинг ҳаракатини 85 давлат қоралади

БМТга аъзо 85 давлат Исроилнинг ишғол остидаги Ғарбий Соҳилда амалга ошираётган халқаро ҳуқуққа зид ҳаракатларини кескин қоралади.

“Биз Исроилнинг Ғарбий Соҳилда ноқонуний назоратни кенгайтиришга қаратилган бирёқлама қарорини қатъий равишда қоралаймиз. Бундай қарорлар Исроилнинг халқаро ҳуқуқ бўйича мажбуриятларига зид ва улар зудлик билан бекор қилиниши керак. Шу муносабат билан биз аннексиянинг ҳар қандай шаклини қабул қилмаслигимизни билдирамиз”, – деди  Фаластиннинг БМТдаги элчиси Риёз Мансур 85 давлат ва бир қатор халқаро ташкилотлар номидан берган баёнотида. 

Таъкидланишича, Фаластиннинг Исроил томонидан 1967 босиб олинган ерлари, жумладан, Иордан дарёсининг Ғарбий Соҳили ва Шарқий Қуддуснинг мақоми, демографик таркиби ўзгартирилиши номақбулдир.

Тель-Авив маъмуриятининг бирёқлама ҳаракатини танқид қилганлар сафида Австралия, Канада, Буюк Британия, Франция, Германия, Италия, Покистон, Хитой, Россия, Жанубий Корея, Саудия Арабистони, Туркия, Қирғизистон, Тожикистон каби давлатлар, Европа Иттифоқи, Араб давлатлари лигаси, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро тузилмалар бор.

Гап шундаки, бир неча кун муқаддам Исроил ишғол остидаги Ғарбий Соҳилнинг С зонасидаги ерларни рўйхатга олишни бошлади.

Фаластин маъмуриятига кўра, ерни рўйхатга олиш ва Исроил мулки деб эълон қилиш амалда Ғарбий Соҳилни аннексия қилиш ва халқаро ҳуқуққа зид равишда қурилган яҳудий манзилгоҳларига қонуний тус беришни англатади.

Peace Now ташкилотига кўра, С зонаси Ғарбий Соҳилнинг 60 фоизини ташкил этади.

БМТ бош котиби Антонио Гутерриш ҳам Исроилнинг ерни рўйхатга олиш тадбири фаластинликларни мулкидан маҳрум қилишга олиб боришидан огоҳлантирган.

Исроил 1967 йилда босиб олинган Фаластин ҳудудлари – Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусда кўп йиллардан буён ноқонуний яҳудий уйларини қуриб келади. Ҳозирга қадар мазкур ҳудудда 160 та манзилгоҳ қурилган ва 700 минг нафар яҳудий аҳолиси жойлаштирилган.

Тель-Авив ҳукумати халқаро ҳамжамият эътирозига қарамай, Ғарбий Соҳилда ноқонуний манзилгоҳларни кўпайтиришга ҳаракат қилмоқда.

Маълумот ўрнида: Исроил парламенти 2025 йил июль ойида Ғарбий Соҳил “яҳудий халқи тарихий ватанининг ажралмас қисми” экани иддао қилган ҳолда, ҳудудни қўшиб олиш ҳақида ҳужжат қабул қилган эди. Бу ҳаракат халқаро ҳамжамият томонидан кескин қораланган.

БМТ кўп йиллардан буён Тель-Авивнинг оккупация сиёсатини қоралаб келади. Хусусан, БМТ тизимидаги Халқаро суд 2024 йилда Исроилнинг Ғарбий Соҳил ва Ғазо секторини босиб олганини яна бир карра ноқонуний деб эълон қилди ва оккупацияни тўхтатишни буюрди.

Сўнгги вақтларда Ғарбий Соҳилда зўравонлик ҳаракатлари ҳам кучайган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг