Жанубий Кореяда сўнгги 15 йилда биринчи марта туғилиш кўпайди
2025 йилда Жанубий Кореяда сўнгги 15 йил ичида туғилишнинг энг юқори ўсиш суръати қайд этилди. Бу ҳақда Жанубий Корея Маълумотлар ва статистика вазирлиги эълон қилган ҳужжатларга асосланиб The Guardian нашри хабар берди.
Ўтган йили мамлакатда 254,5 минг нафар чақалоқ дунёга келди — бу 2024 йилга нисбатан 6,8 фоизга кўп демакдир. Туғилиш коэффициенти эса 0,75 дан 0,8 га кўтарилиб, 2021 йилги даражага қайтди.
Экспертлар туғилиш ўсишини «эхо-бумерлар» микроавлоди билан изоҳлашмоқда — бу айни пайтда репродуктив фаоллик чўққисига чиққан 1991–1995 йилларда туғилган авлоддир. «Эхо-бумерлар» Корея ҳукумати оилани режалаштириш сиёсатидан воз кечган даврдаги қисқа муддатли туғилиш ўсиши натижасида дунёга келган.
Яна бир муҳим омил — пандемиядан кейин илк бор никоҳлар сонининг кўпайишидир. Турмуш қургандан кейинги дастлабки икки йил ичида фарзанд кўриш кўрсаткичи 10,2 фоизга юқорилади. Демографларнинг фикрича, кечроқ ёшда оила қураётган жуфтликлар фарзанд кўришни кўпроқ режалаштирмоқдалар.
Ижобий тенденцияга қарамай, ўлим кўрсаткичи туғилишдан қарийб 109 минг кишига кўпроқ бўлиб қолмоқда. Жанубий Корея ҳамон Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) давлатлари ичида туғилиш коэффициенти 1,0 дан паст бўлган ягона мамлакатдир. Демографларнинг огоҳлантиришича, «эхо-бумерлар» эффекти тахминан 2027 йилда ўз кучини йўқотади — ўшанда репродуктив ёшга 1996 йилдан кейин туғилган кам сонли авлод вакиллари етиб келади.
Экспертларнинг фикрича, паст туғилишга сабаб бўлувчи муаммолар ҳамон сақланиб қолмоқда. Уларнинг асосийлари сирасига уй-жойнинг қимматлиги, таълим харажатларининг юқорилиги, корхоналарда кичик ёшли фарзанди бор ходимларга нисбатан салбий муносабат ва ёшлар ўртасидаги ишсизлик киради. Сўнгги 20 йил ичида мамлакат ҳукумати туғилишни қўллаб-қувватлаш чораларига, жумладан, нафақалар, уй-жой субсидиялари ва болалар муассасаларини ривожлантиришга юзлаб миллиард доллар маблағ йўналтирган.
Маълумот учун: Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистонда 879 599 нафар чақалоқ дунёга келган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter