Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Нетаньяху Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғини Исроилга қўшиб олмоқчи

Нетаньяху Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғини Исроилга қўшиб олмоқчи

Фото: «Ksro.com»

Исроил бош вазири ва мудофаа вазири Биньямин Нетаньяху агарда 9 апрель куни бўлиб ўтадиган парламент сайловларида яна бир бора мандатга эга бўлса, Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғидаги босиб олинган Фаластин ерларини Исроилга қўшиб олмоқчи. Бу ҳақда «Euronews» хабар берди.

Шарҳловчиларнинг фикрича, Нетаньяхунинг бу қарори Яқин Шарқни барқарорлаштириш ва иккита давлат тузишга қаратилган шу пайтгача амалга оширилган барча саъй-ҳаракатларни узил-кесил йўққа чиқаради.

«Мен суверенитетимизни (Исроилнинг — таҳр.) кенгайтирмоқчиман, жойлаштирилган блоклар ва ўраб олинган аҳоли манзиллари ўртасида фарқ кўрмаяпман. Назаримда, бунақанги ҳар бир блок Исроил ҳудуди саналади ва Исроил назорати остида турибди. Биз, Исроил ҳукумати бу ҳудудлар учун жавобгармиз ва мен уларни Фаластин маъмуриятига бериб қўймоқчи эмасман», — таъкидлади Нетаньяху.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2016 йилги 2334-резолюцияси Исроилдан Иордан дарёси ғарбий қирғоғида аҳоли жойлаштириш фаолиятини тўхтатишни талаб  қилсада, яҳудий давлати ҳаракатини тўхтатган эмас. Исроил ярим аср аввал ғарбий қирғоқ назоратини қўлга киритганидан бери бу ерда 120 та маскан барпо этди ва уларда ҳозир 400 минггача аҳоли яшамоқда.

Ўз навбатида, ўтган шанба куни Лас-Вегасда Республика яҳудийлар коалицияси йиғилишига келган АҚШ президенти Яқин Шарқ бўйича бош маслаҳатчилари — АҚШнинг Исроилдаги элчиси Дэвид Фридман ҳамда куёви Жаред Кушнердан «қисқа тарихий сабоқ» олганидан сўнг Исроилнинг Жўлон тепаликларини аннексия қилишини (ўз таркибига қўшиб олишини) тан олишга қарор қилганини айтди.

Бироқ Дональд Трамп тўлиғича Нетаньяху тарафида эмас. Унинг фикрича, 9 апрель сайловларида амалдаги вазир ва унинг асосий рақиби — Бени Ганц ўртасида даҳанаки кураш кечади ва уларнинг иккаласига ҳам «гап йўқ».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг