Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ню-Йоркда «динозавр» сотувга қўйилди

Ню-Йоркда «динозавр» сотувга қўйилди

Фото: Sotheby's

«Жоди» лақабли нанотираннус (динозавр) скелети Sotheby's аукционида сотилади. Кимошди савдоси октябр охирида Ню-Йоркда бўлиб ўтади, деб хабар берди Financial Times.

Sotheby's ушбу лотни 6–9 миллион долларга баҳоламоқда. Бироқ FT нашрининг қайд этишича, бундай ноёб топилмаларнинг дастлабки баҳоси кўпинча якуний сотилиш нархидан анча паст бўлиб чиқади.

«Жоди» — фанга маълум бўлган учта нанотираннус скелетидан бири, ушбу динозавр тури алоҳида авлод сифатида расман тан олинганидан кейин сотувга чиқарилган биринчи намунадир. Бўйи қарийб икки метр, узунлиги эса олти метрга тенг ушбу скелет 2019 йилда АҚШ ҳудудида топилган эди.

Олимлар нанотираннуслар борасида бир тўхтамга келиш учун 80 йилдан ортиқ тортишишди. Баъзилар уларни алоҳида тур деб ҳисобласа, бошқалар тираннозавр рекснинг (T. rex) боласи деб билишди. Бу баҳсга 2025 йилда палеонтологлар Линдси Занно ва Жеймс Наполининг илмий иши нуқта қўйди: улар нанотираннуслар тираннозаврлар билан бир даврда яшаган алоҳида мустақил тур бўлганини исботлашди.

Бундан аввал Sotheby's аукционида «Гас» лақабли тираннозавр скелети 50,1 миллион долларга сотилган эди. Бор-йўғи 10 дақиқа давом этган савдода ғолиб чиққан харидорнинг исми сир сақланмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг