Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ОАВ: Жанубий Корея ТИВнинг минглаб ходимлари маълумотлари тарқалиб кетди

ОАВ: Жанубий Корея ТИВнинг минглаб ходимлари маълумотлари тарқалиб кетди

Фото: РИА Новости

Жанубий Кореяда Ташқи ишлар вазирлигининг 10 минг нафар ходими маълумотлари сиздирилгани айтилмоқда.

Жанубий Корея Миллий дипломатия академиясининг (KNDA) онлайн таълим тизимига амалга оширилган киберҳужум оқибатида амалдаги ва нафақадаги дипломатларни ўз ичига олган тахминан 10 минг нафар ходимнинг шахсий маълумотлари сиздирилган бўлиши мумкинлиги маълум қилинди.

Yonhap агентлиги хабар беришича, исми ошкор этилмаган Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлиги вакили 2026 йил феврал ойида онлайн таълим тизимига шубҳали кириш ҳолати аниқланганидан сўнг тизим дарҳол ўчирилганини билдирган.

Вакилга кўра, киберҳужум натижасида амалдаги ва собиқ дипломатлар ҳамда бошқа ходимларга тегишли маълумотлар ташқи шахслар қўлига ўтган бўлиши мумкин. Ҳужумчиларнинг шахси ҳали аниқланмаган. Шахсни тасдиқловчи маълумотлар, мобил телефон рақамлари ёки уй манзиллари каби махфий шахсий маълумотлар ўғирланганини тасдиқловчи далиллар ҳозирча аниқланмаган.

Шу билан бирга, масъуллар айни вақтда киберҳужумни амалга оширган шахс ёки гуруҳни аниқлаш учун етарли техник имкониятларга эга эмасликларини билдиришган. “Хориждаги хакерлик гуруҳлари иштирок этган бўлиши эҳтимолини ҳам инкор этмаяпмиз. Бу ҳолатни миллий хавфсизликка дахлдор масала сифатида баҳоламоқдамиз”, – деди Ташқи ишлар вазирлиги вакили.

Айни пайтда ушбу киберҳужум юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг