Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўлим билан шартлашган аёл: Ниагара шаршарасидаги хатарли томоша

Ўлим билан шартлашган аёл: Ниагара шаршарасидаги хатарли томоша

foto:internet ochiq manba

Ўлим билан шартлашган аёл: Ниагара шаршарасидаги хатарли томоша

1901 йил 24 октябрь. Ниагара шаршараси атрофида минглаб одам тўпланди. Барчанинг нигоҳи дарёда оқиб келаётган ғалати бочкага қаратилганди. Бочканинг ичида эса 63 ёшли аёл бўлиб, у Энни Эдисон Тейлор эди. Бир неча дақиқадан кейин бочка дунёдаги энг машҳур ва хавфли шаршаралардан бири – Ниагаранинг Horseshoe Falls қисми устидан пастга қулади.

51 метр! Оддий одам учун бу ўлим билан тенг эди. Аммо Энни бу ишни ажал излаб қилмаётганди. У бойлик ва шуҳрат излаётганди. Бироқ бу қарорининг ортида оддий пул истагидан анча оғирроқ ҳаёт тарихи бор эди.

Бой оиланинг қизчаси

Энни 1838 йил 24 октябрда Нью-Йорк штатидаги Оберн шаҳрида туғилган. Оилада ундан ташқари яна етти нафар фарзанд бор эди. Отаси Меррик Эдсон ун тегирмонига эга бўлиб, оила дастлаб анча фаровон яшарди. Аммо у Энни ҳали 12 ёшга тўлмасидан вафот этди. Бой отадан қолган мерос оилага маълум вақт муносиб яшаш имконини берди.

Энни оддий қиз эмасди. У китоб ўқиш, саёҳатлар ҳақидаги ҳикояларни яхши кўрарди. Кейинчалик ўқитувчилик касбини эгаллади. Унинг ҳаётида бир пайтлар тинч ва оддий келажак бўлиши мумкин эди. Аммо тақдир бошқача режа тузди.

Энни таҳсил олаётган пайтида Дэвид Тейлор исмли йигит билан танишди. Улар бир-бирига кўнгил қўйишди. Энни ҳали жуда ёш эди. Тез орада улар турмуш қуришди. Лекин бу никоҳ унга бахтдан кўра кўпроқ мусибат олиб келди. Уларнинг ягона фарзанди – ўғил дунёга келди, аммо чақалоқ бир неча кунгина яшаб, вафот этди. Энни учун бу биринчи катта фожиа эди. Она бўлиш бахтини ҳис қилишга улгурмай, фарзандидан айрилди. Аммо унинг бошига тушган зарба шу билан тугамади.

Уруш

Боласидан айрилган Энни ҳали бу оғриқдан чиқиб улгурмаганди. Дэвид Тейлор Америкадаги Фуқаролар уруши даврида ҳарбий хизматга кетди. Урушдан эса тирик қайтмади. Ўшанда 1864 йил эди.

Энни ёш бевага айланди. Энди уни уйда кутадиган на фарзанди, на турмуш ўртоғи бор эди. Ўша замонларда ёлғиз аёлнинг ҳаёти ҳозиргидек эмасди. Ижтимоий ҳимоя, пенсия ёки барқарор ёрдам тизими деярли йўқ. Бева аёл ўзини ўзи таъминлаши керак эди.

Энни ўз ҳаётини қайта қуришга қарор қилди. У ўқишга кириб, ўқитувчи бўлишга қарор қилди. Кейин турли шаҳарларда ишлади. Энни мактабда дарс бериш билан бирга рақс ўргатди. Мусиқа билан шуғулланди. Жисмоний тарбия бўйича дарс берди. Ҳатто Мичиган штатидаги Бэй-Сити шаҳрида ўзининг рақс мактабини очди. У, асосан, меросдан қолган маблағга суянарди. Бу сармоя аста-секин тугади.

Энни қариликда қашшоқ бўлиб қолишдан қўрқарди. 62 ёшида у ҳали ҳам пул топиш йўлини қидирарди. Энни Бэй-Ситида рақс мактабини очди, аммо натижа кутилганидек бўлмади. Кейин Сент-Мэрисда мусиқа бўйича сабоқ берди. Техасга равона бўлди. Иш қидирди. Ҳатто Мексика шаҳригача бориб, тирикчилик учун имконият излади. Аммо омади келмади.

У яна АҚШга қайтди. Энни энди бир нарсани жуда яхши тушунган эди: у қариликда ўзини таъминлаш учун катта бир иш қилиши керак. Шунда ақлга сиғмайдиган ғоя туғилди.

«Шаршарадан бочкада тушаман!»

Энни Ниагара шаршарасига одамлар оқиб келишини, бу ерда турли хавфли трюклар қилганлар машҳур бўлиб, пул топаётганини биларди. Унинг ўзида эса бошқаларда йўқ бир нарса бор эди: жасорат. Энни қарор қилди: «Мен Ниагара шаршарасидан бочкада ўтаман». Мақсади аниқ эди – машҳур бўлиш ва шон-шуҳратни пулга айлантириш.

Энни махсус бочка ясатди. Ушбу буюртма метин Кентукки дубидан тайёрланди, темир ҳалқалар билан мустаҳкамланди. Ичига матрас ва ёстиқлар жойлаштирилди. Бочканинг сувда тик туриши учун оғир юк ҳам ишлатилган. Энни ўзини бочка ичига маҳкамлатиши керак эди.

Унинг ёнига ҳаво кириши учун махсус найча ўрнатилди. Бу оддий «трюк» эмасди. Бу ҳаёт ёки ўлим эди.

Аввал мушук...

Энни дарҳол ўзини бочкага солишга журъат қилмади. Аввал бочканинг қанчалик мустаҳкам эканини текшириш учун унга мушук жойлаштирилди. Бочка Ниагарага ташланди. Мушук тирик қолди.

Навбат Эннига келди. 1901 йил 24 октябрь – унинг туғилган куни эди. Энг ҳайратланарли томони шуки, Энни бу ишни тасодифан эмас, 63 ёшга тўлган кунида амалга оширмоқчи эди.

Бочка сувга туширилди. Энни ичига жойлашди. Қопқоқ ёпилди. Унинг ортида чекиниш йўли қолмади. Бочка оқим билан ҳаракатлана бошлади. Шаршара эса тобора яқинлашарди.

Бочка Ниагаранинг улкан сув оқимига кириб борди. Томошабинлар қичқириқлари остида у шаршара четидан учди.

51 метр пастга! Бир неча сониядан сўнг бочка сув остида ғойиб бўлди. Ҳамма жим. Энди битта савол бор: «У тирикми?» Қутқарувчилар бочкага етиб боришди.
Қопқоқ очилди. Энни тирик эди! Унинг бошида жароҳат бор эди, аммо омон қолганди. У тарихда Ниагара шаршарасидан бочкада тушиб, тирик қолган биринчи инсонга айланди.

Ниагара маликаси

Энни бир зумда машҳур бўлиб кетди. Уни «Ниагара маликаси» деб атай бошлашди. Энни хотираларини китоб қилиб чиқарди. Унда ҳаёти ва Ниагарадаги саргузашти ўз тилидан баён қилинганди. Китоб бугун ҳам очиқ манбаларда мавжуд.

Энни ниҳоят ўзини машҳур қилган ишни амалга оширганди. Энди пул келиши керак эди. Аммо...

Машҳурлик бор, пул эса йўқ эди. Энни катта довруқ қозонди, аммо бойиб кетмади. У одамлар билан суратга тушди, дастхат берди, китоб сотди. Лекин катта даромадга эриша олмади. Унинг ҳатто энг қимматли анжоми – машҳур бочкаси ҳам муаммога айланди. Менежери Фрэнк Рассел бочка билан қочиб кетди. Энни уни топиш учун жамғарган маблағларининг катта қисмини хусусий детективларга сарфлади. Бочка топилди. Аммо кейин яна унинг қўлидан кетди.

Тақдир гўё Эннига: «Сенинг шуҳратинг бор, аммо бойлигинг йўқ», деяётгандек эди.

У яна Ниагарага қайтди

Энни ҳаётининг охирги йилларида ҳам пул топишга уринди. У сайёҳлар билан суратга тушди. Бочкаси ҳақида ҳикоялар битди. Қимматли қоғозлар бозорида пул ишлашга ҳаракат қилди. Ҳатто яна бир марта шаршарадан тушиш ҳақида ҳам гапирди. Кейинчалик фолбинлик ва турли «даволаш» хизматлари билан ҳам шуғулланди.

Аммо у энди аввалги Энни эмасди. Йиллар ўтган, ёши қариб қолганди. Соғлиғи ёмонлашган, кўзи хиралашган эди. Унинг ўзи ҳам Ниагарадаги хавфли тушиши саломатлигига таъсир қилганини айтган.

1921 йил февраль ойида Энни Локпорт шаҳридаги камбағаллар шифохонасига тушди. Орадан икки ой ўтиб, 29 апрель куни у вафот этди. 82 ёшда. Аммо энг аччиқ ҳақиқат шуки, Ниагарадан тирик чиққан аёл ҳаётининг охирида деярли пули қолмаган эди. Унинг дафн маросими учун жамоатдан хайрия йиғишга тўғри келди. Энни Ниагарадаги бошқа машҳур таваккалчи Карлайл Грэм ёнига, «Stunter’s Rest» деб аталадиган махсус қисмга дафн қилинди.

Энни Эдисон Тейлор миллионер бўлмади. У катта саройларда яшамади. Оилавий ҳаёти бахтли якунланмади. Аммо у тарихда қолди.

Бу аёлнинг ишини бошқалар ҳам такрорлашга уринди. Аммо баъзи саъй-ҳаракатлар фожиа билан тугади. 1911 йилда британиялик Бобби Лич ҳам бочкада Ниагара шаршарасидан ўтди. У тирик қолди, аммо оғир жароҳатлар олди – тиззалари ва жағи синди. Guinness маълумотларига кўра, 1901–1955 йиллар оралиғида Эннининг ишини такрорлашга уринган 15 кишидан фақат 10 нафари омон қолган.

Акбар Фатҳуллаев

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг