Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Педиатр Нодира Акрамовна қабулини йиллаб кутаётганлар учун барча ҳақиқатларни очиб ташлади

Бугунги кўрсатувимиз қаҳрамони — кўплаб ёш оналарнинг севимли шифокори, маслаҳатчиси, «Yashfina» интегратив клиникаси асосчиси, педиатр Нодира Акрамовна.

Бугун ота-оналар фарзанди саломатлиги ҳақида ижтимоий тармоқлардан жуда кўп маълумот олади. Аммо турли манбалардаги қарама-қарши тавсиялар баъзан уларни тўғри қарор қабул қилишда қийин аҳволга солиб қўяди. Айниқса, витаминлар, биологик фаол қўшимчалар, антибиотиклар, гормонал препаратлар, аллергия ва иммунитет масаласида эҳтиёткорлик жуда муҳим.

Нодира Акрамовна кўп йиллик педиатрлик тажрибаси давомида классик тиббиёт билан бир қаторда беморга комплекс ёндашувни ҳам қўллаб келаётган тажрибали шифокорлардан.

Интегратив тиббиётни халқ табобати ёки фақат БАДлар билан даволаш деб тушуниш нотўғри. Бу ёндашувда беморнинг шикоятлари билан бирга унинг овқатланиши, уйқу режими, кундалик ҳаёти, таҳлил натижалари ва бошқа муҳим омиллар ҳам биргаликда баҳоланади.

Бугун болалар учун турли витамин ва минераллар жуда кўп тарғиб қилинмоқда. «Иммунитетни кўтаради» деган ваъдаларга ишонган айрим ота-оналар эса шифокор билан маслаҳатлашмасдан фарзандига турли препаратларни бермоқда. Аслида витамин ва минералларнинг етишмаслиги каби ортиқча миқдори ҳам организм учун муаммо келтириб чиқариши мумкин. Шунинг учун уларни боланинг ёши, саломатлиги ва эҳтиёжига қараб танлаш муҳим.

Суҳбатимиз давомида ўзбошимчалик билан БАД ёки йод препаратларини қабул қилиб, салбий оқибатларга дуч келган беморлар ҳақида ҳам сўз борди. Айтиш жоизки, «табиий» ёки «витамин» деган ном препаратнинг мутлақо зарарсиз эканлигини англатмайди.

Суҳбат мобайнида болаларга баъзи ҳолатларда кенг қўлланадиган дексаметазон каби гормонал препаратлар масаласи ҳам эътибордан четда қолмади. Бундай дорилар тиббиётда муҳим ўрин тутади, аммо уларни фақат аниқ кўрсатма асосида ва шифокор назоратида қўллаш керак. Антибиотиклар масаласида ҳам худди шундай ёндашув зарур. Вирусли инфекцияларда антибиотик самара бермайди, бактерия сабаб бўлган айрим касалликларда эса у зарур даволаш воситаси бўлиши мумкин.

Шунингдек, шифокор билан болаларда ичак микрофлораси, иммун тизими ва асаб тизими ўртасидаги боғлиқлик ҳақида ҳам гаплашдик. Замонавий тиббиётда ичак ва мия ўртасидаги ўзаро алоқа кенг ўрганилмоқда. Аммо боладаги ҳар қандай неврологик ёки хулқ-атвор муаммосини фақат ичак билан боғлаш тўғри эмас. Бундай ҳолатларда комплекс текширув талаб этилади. Аммо ичаклар — иккинчи мия деган гапда ҳам жон бор.

Аллергия, атопик дерматит, ортиқча вазн ва ширинликка мойиллик ҳам бугун кўплаб ота-оналарни ташвишга солмоқда. Бу муаммоларга ирсият, овқатланиш тартиби, атроф-муҳит, уйқу, камҳаракатлик ва бошқа омиллар таъсир қилиши мумкин. Болани кескин парҳезга ўтказиш ёки барча ширинликларни бирданига тақиқлаш ўрнига, оилада соғлом овқатланиш ва ҳаракатланиш одатларини шакллантириш муҳим.

Суҳбатимизнинг энг жиддий мавзуларидан бири болаларда қон босимининг кўтарилиши бўлди. Масалан, ўсмир болаларда қон босими кўтарилса, буни шунчаки «ўсиш даври» билан изоҳлаш тўғри эмас. Айниқса, турли текширувларда жиддий ўзгариш аниқланмаган, аммо айрим гормонлар юқори бўлган ҳолатларда сабабни чуқур ўрганиш талаб этилади. Бундай вазиятда боланинг умумий ҳолати, қабул қилаётган дорилари, суюқлик ва туз алмашинуви ҳамда бошқа кўрсаткичлар комплекс баҳоланиши керак.

Нодира Акрамовна билан бугунги болаларнинг 10–15 йил аввалги авлоддан фарқи ҳақида ҳам суҳбатлашдик. Экран қаршисида кўп вақт ўтказиш, камҳаракатлик, нотўғри овқатланиш ва уйқу тартибининг бузилиши болалар саломатлигига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.

Аутизм, Даун синдроми ва гиперактивлик каби ҳолатлар ҳақида жамиятда турли қарашлар мавжуд. Аммо уларнинг кўпайишини битта омил билан изоҳлаш ёки илмий далилсиз хулоса чиқариш тўғри эмас. Бундай ҳолатлар мураккаб сабабларга эга бўлиб, ҳар бир болага индивидуал ёндашув талаб қилади.

Суҳбатимиз давомида клиниканинг келгусидаги режалари, шифокорларни танлаш мезонлари, замонавий ота-оналарнинг энг катта хатолари, тиббиёт тизимида ўзгартириш зарур бўлган жиҳатлар ва фарзандлар саломатлиги учун энг муҳим тавсиялар ҳақида ҳам фикрлашдик.

Ушбу суҳбат орқали бугун Нодира Акрамовнанинг қабулига ёзилиш учун йиллаб навбат кутаётган ота-оналарга ўзлари ишонган, энг асосийси ўз устида ишлашдан сира чарчамайдиган севимли шифокорларидан ғойибона маслаҳат олишларига оз бўлсада ёрдам бера олган бўлсак, демак xabar.uz жамоаси ўз мақсадига эришибди. Келгуси суҳбатимиз айнан қайси мутахассис билан бўлишини истардингиз? Савол ва таклифларингизни ёзиб қолдиринг.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг