Олимп чемпионидан чангалзор қиролигача – Тарзаннинг ғаройиб тақдири
Жонни Вайсмюллер дунёдаги энг машҳур Тарзанлардан бири эди. Аммо унинг ҳақиқий ҳаёти кино сценарийсидан ҳам қизиқроқ: гўдаклигида полиомиелит билан оғриган заиф бола – беш карра Олимпиада чемпиони – Ҳолливуд юлдузи – беш марта уйланган эркак – ҳаётининг охирида эса бойлигидан айрилган ва оғир синовларга гирифтор бўлган афсонавий актёр...
Тарзан эмас, аввал олимп чемпиони эди
Жонни Вайсмюллер 1904 йил 2 июнда Австро-Венгриянинг Фрейдорф қишлоғида, ҳозирги Руминия ҳудудида туғилган. Унинг чақалоқлигида оиласи АҚШга кўчиб келади. Болалигида полиомиелит билан касаллангач, болага жисмоний машқ қилиш тавсия этилади. У сузишни танлайди ва бу қарор бутун ҳаётини ўзгартириб юборади.
Вайсмюллер сувда шундай тезкор сузардики, қисқа фурсатда оддий спортчи эмас, дунё рекордчисига айланди. Унинг 50 дан ортиқ жаҳон рекордини ўрнатгани қайд этилган.
1924 йили Жонни Париж Олимпиадасида 100 ва 400 метр эркин усулда ҳамда 4×200 метр эстафетада олтин медални қўлга киритди. Сув полоси бўйича АҚШ терма жамоаси билан бронза медалга ҳам эга чиқди.
1928 йили Амстердам Олимпиадасида эса яна икки олтин медаль қўшилди. Натижада унинг Олимпиададаги ҳисоби 5 та олтин ва 1 та бронза медални ташкил этди.
Лекин чемпион бўлиш учун ўз шахсини яширган
Вайсмюллернинг фуқаролиги масаласи Олимпиадага саралаш пайтида муаммо туғдирган. У АҚШ паспортини олиш учун укасига тегишли туғилганлик ҳақидаги ҳужжатлардан фойдалангани ҳақида маълумотлар бор. Шу боис Жоннининг 1924 йилги Олимпиадада АҚШ номидан қатнашиши атрофида кейинчалик ҳам баҳслар пайдо бўлган. Қизиғи, бу сир унинг спортдаги улкан шуҳрати ортида йиллар давомида сирлигича қолган.
Вайсмюллернинг спортдаги энг катта ютуқларидан бири – 100 метрли эркин сузишни бир дақиқадан кам вақтда босиб ўтган биринчи инсон сифатида тилга олинишидир.
Жонни профессионал спортдан мағлубиятсиз кетди. Лекин унинг олдида ҳали дунёдаги энг машҳур ўрмон қаҳрамони – Тарзан бор эди.
«Қизни кўтара оласанми?»
1930-йилларнинг бошида Ҳолливуд янги Тарзанни қидираётган эди. Бўй-басти келишган, бақувват, спортчи ва камера олдида табиий кўринадиган Вайсмюллер идеал номзод эди. Унинг ўзи кейинчалик экран синовини эслаб, студия оддийгина топшириқ берганини айтди: дарахтга чиқа оласанми, қизни кўтара оласанми? Унинг жавоби амалда исботланди: «Уддалайман».
1932 йилда Жонни Вейсмюллер бош ролни ўйнаган «Маймун одам Тарзан» фильми экранга чиқди. Ва шу заҳоти унинг иккинчи ҳаёти бошланди.
Собиқ спортчи Тарзанни шунчалик маҳорат билан яратдики, одамлар Жоннини унутди. 1932–1948 йиллар мобайнида Вайсмюллер Тарзан тимсолидаги 12 та фильмда роль ўйнади. Унинг Тарзани аввалги экран талқинларидан кўра жисмонан анча кучли ва камгап қаҳрамон эди. Машҳур «Тарзан ҳайқириғи» эса кино тарихида алоҳида ҳодисага айланди. Аммо бу қичқириқ тўлиқ табиий ҳолда ёзиб олинмаган. Овоз режиссурасида Вайсмюллернинг овози махсус қайта ишланган ва кино тарихида қолган машҳур ҳайқириқ пайдо бўлган.
Унинг энг машҳур ҳамкори Жейн ролини ижро этган Морин О’Салливан эди. Мазкур жуфтликнинг экрандаги муносабати шу қадар машҳур бўлдики, образлари бир-биридан ажралмас даражага етди.
Тарзаннинг ўғли Бой ролини эса Жонни Шеффилд ижро этган. Вайсмюллер унинг сувдан қўрқмаслигини кўриб, сузишни шахсан ўргатган. Улар бир неча йил давомида жуда яқин муносабатда бўлишган.
Экранда Тарзан, ҳаётда эса...
Тарзан ролидан кейин Вайсмюллер яна бир машҳур қаҳрамон – Жангли Жимни ўйнади. У 16 та «Jungle Jim» фильмида ва кейин телевизион сериалнинг 26 та қисмиda иштирок этди.
Аммо Тарзаннинг шуҳратини қайтариш осон эмас эди. 1950-йилларда у актёрликдан аста-секин четлашди ва бизнес билан шуғулланишга киришди. Аммо тадбиркорлик ишлари муваффақиятли кечмади.
Вайсмюллер ўзининг фильмларидан тахминан 2 миллион доллар ишлаганини айтган. Аммо бу бойликнинг катта қисмидан жудо бўлган. У, ҳатто тадбиркор сифатида ўзини омадсиз ҳисоблаб, кино бизнесида қолгани яхшироқ бўлишини айтган.
Гап шундаки, Вайсмюллер ўз бойлигини дабдабали ҳаёт, кемалар ва бошқа харажатларга сарфлаб юборган эди. Кейинчалик бассейн қурилиши компанияси, соғлом озиқ-овқат дўконлари ва бошқа бизнеслар билан шуғулланди, аммо улар катта муваффақият келтирмаган.
Шахсий ҳаёти ҳам кинодан қолишмасди
Жонни Вайсмюллер беш марта уйланган. Иккинчи рафиқаси мексикалик машҳур актриса Лупе Велес эди. Уларнинг никоҳи жанжаллар, ажрашишлар ва ярашишлар билан кечган ва 1939 йилда расман тугаган.
Учинчи рафиқаси Берил Скоттдан уч фарзанди – Жон Скотт, Венди Энн ва Хайди Элизабет туғилган. Хайди 1962 йилдаги автомобиль ҳалокатида вафот этган. Бу фожиа Вайсмюллер ҳаётидаги энг оғир зарбалардан бири бўлди.
Тарзаннинг охирги йиллари
Ҳаётининг сўнгги йилларида Вайсмюллер аввалги шуҳратидан анча узоқда эди. У 1970-йиллар бошида Лас-Вегасдаги “Caesars Palace” меҳмонхонасида меҳмонларни кутиб олувчи оддий вакил сифатида ишлаган.
Жонни Вайсмюллернинг ҳаётида ғалати бир қарама-қаршилик бор эди: миллионлаб одамлар уни экранда ўлмас Тарзан сифатида эслашарди, аммо ҳақиқий ҳаёти жуда мураккаб эди – касаллик, Олимпиададаги улкан ғалаба, Ҳолливуддаги шон-шуҳрат, муваффақиятсиз бизнес, оилавий фожиалар ва кексаликдаги оғир кунлар...
Аммо 1920-йилларда бассейнда рекорд ўрнатган йигит ҳам, 1930–40-йилларда дарахтдан дарахтга сакраган Тарзан ҳам битта одам эди. Вайсмюллер Олимпни, Ҳолливудни забт этди. Тарзанга айланди. Аммо ҳаётий курашларда бошқа барча инсонлар каби оддий одам эди. Ва эҳтимол, унинг энг катта мероси ҳам шу: Олимпиада чемпионининг номи спорт тарихида қолди, Тарзаннинг ҳайқириғи эса кино тарихида абадий яшади.
Жонни Вайсмюллер 80 ёшга ҳам етмади, у 1984 йил 20 январда Мексиканинг Акапулько шаҳрида 79 ёшида вафот этди.
Акбар Фатҳуллаев


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter