Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Россияда мигрантларнинг патент олиши ва уни узайтиришига янги шарт қўйилди

Россияда мигрантларнинг патент олиши ва уни узайтиришига янги шарт қўйилди

Фото: business-online.ru

Россия президенти Владимир Путин меҳнат мигрантларига ўзини ҳамда Россияда яшаётган қарамоғидаги оила аъзоларини яшаш минимумидан кам бўлмаган даражада таъминлаш мажбуриятини юкловчи қонунни имзолади.

Қонунга кўра, хорижий фуқаролар патент олганда нафақат ўзлари, балки вояга етмаган барча фарзандлари учун ҳам жисмоний шахслар даромад солиғи (НДФЛ) бўйича белгиланган қатъий аванс тўловини амалга ошириши шарт бўлади.

Мазкур талаб тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ҳолда жисмоний шахслар учун уй-рўзғор ва шахсий хизматлар кўрсатаётган хорижий фуқароларга ҳам татбиқ этилади.

Агар ушбу талаблар бажарилмаса, мигрантнинг патенти ёки ишлаш рухсатномаси узайтирилмайди. Шундан сўнг, Россияда вақтинча қолиш учун бошқа қонуний асос бўлмаса, улар вояга етмаган фарзандлари билан бирга 15 кун ичида мамлакатни тарк этиши керак бўлади.

Шунингдек, қонунга мувофиқ, хорижий фуқаронинг вояга етмаган фарзандларининг Россияда вақтинча бўлиш муддати ота-онасига берилган (узайтирилган ёки қайта расмийлаштирилган) патент амал қилиш муддатидан ошмаслиги белгиланди. Бироқ бу муддат 18 ёшга тўлгунга қадар амал қилади ва бунинг учун НДФЛ бўйича қатъий аванс тўлови тўланган бўлиши лозим.

Фарзандлар 18 ёшга тўлгач, Россияда қолиш учун бошқа қонуний асос мавжуд бўлмаса, улар 30 кун ичида мамлакатни тарк этиши ёки шу муддат ичида патент олиш учун ариза бериб, тегишли аванс тўловини амалга ошириши керак бўлади.

Янги қонунга кўра, Россия Ички ишлар вазирлигига хорижий фуқароларнинг даромади ва НДФЛ бўйича қатъий аванс тўлови амалга оширилганини текшириш ваколати берилди. Шунингдек, вақтинча яшаш рухсатномаси ёки яшаш гувоҳномасини олган хорижий фуқароларнинг солиқ органларида рўйхатдан ўтган-ўтмаганини ҳам давлат миграция ахборот тизими орқали назорат қилиш мумкин бўлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг