Сингапур бош вазирининг маоши 1,4 млн долларга оширилади
Сингапурда дунёдаги энг юқори маош олувчи сиёсатчилар қаторига кирувчи вазирларнинг маоши 15 октябрдан яна оширилади. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Лоуренс Вонг маълум қилди.
Унинг айтишича, бош вазирнинг йиллик маоши 64 фоизга ошиб, 2,2 миллион Сингапур долларидан 3,6 миллион долларга (тахминан 2,85 миллион АҚШ доллари) етказилади.
Сингапурда сиёсий раҳбарларга юқори маош тўлаш иқтидорли мутахассисларни жалб қилиш ва коррупциянинг олдини олиш мақсадида амалга оширилади. Бироқ бу масала баҳсли ҳисобланади. 2025 йилда Сингапурда медиан иш ҳақи ойига 5775 Сингапур долларини ташкил этган.
Вонг парламентдаги нутқида сиёсий маош масаласи нозик ва ҳиссий мавзу эканини таъкидлади.
Бош вазир маошига қўшиладиган маблағни кейинги беш йил давомида хайрия ишларига йўналтиришини маълум қилди.
Вонгнинг таъкидлашича, масала фақат маош миқдори билан чекланмайди.
PoliticalSalaries.com нотижорат ташкилоти маълумотларига кўра, Буюк Британия бош вазири йилига 230 минг доллар, АҚШ президенти Доналд Трамп эса 400 минг доллар маош олади. Ушбу маълумотлар Сингапур бош вазирининг дунёдаги энг юқори маош олувчи давлат раҳбари эканлигини кўрсатади.
Рейтингда Гонконг маъмурияти раҳбари йилига 719 минг доллар даромад билан иккинчи, Швейцария президенти эса 606 минг доллар билан учинчи ўринда туради.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter