Трамп америкалик сайловчиларига 5 минг доллардан тарқатмоқчи
АҚШ президенти Доналд Трамп ноябрдаги оралиқ сайловларда Республикачилар партияси ғалаба қозонса, мамлакатдаги ҳар бир вояга етган фуқарога 5 минг доллардан тўлов беришини маълум қилди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Трамп Далласдаги партия йиғилишида Палата ва Сенатда республикачилар кўпчиликни қўлга киритса, иқтисодий натижалар ҳисобига аҳолига махсус тўлов амалга оширилишини айтди.
«Мен АҚШнинг ҳар бир вояга етган фуқаросига 5 минг доллар миқдорида дивиденд тўлайман», – деди Трамп. У бу тўловни «Трамп дивиденди» деб атади.
АҚШ Конгрессига оралиқ сайловлар 2026 йил 3 ноябр куни бўлиб ўтади. Унда Вакиллар палатасининг барча 435 аъзоси ва Сенат таркибининг тахминан учдан бир қисми сайланади.
The Guardian ҳисоб-китобига кўра, АҚШда 235 миллиондан ортиқ вояга етган фуқаро бор. Агар уларнинг барчасига 5 минг доллардан берилса, умумий харажат 1 триллион доллардан ошади.
Трамп, шунингдек, демократлар сайловда ғалаба қозонса, мамлакат солиқ имтиёзлари, хавфсизлик ва иқтисодий фаровонликдан айрилиши мумкинлигини ҳам айтган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter