Трамп Эронга ядровий зарба бериши мумкин – Такер Карлсон
Америкалик журналист Такер Карлсон Трамп маъмурияти яқин кунларда Эронга ядровий зарба бериш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкинлигини билдирди. Унинг иддаосича, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху Вашингтонни шундай қадамга ундаяпти.
Бу ҳақда Карлсон X ижтимоий тармоғида ёзган.
Журналистнинг таъкидлашича, эҳтимолий зарба нишони Эрон марказидаги «Пикакс» тоғида жойлашган ерости ядровий объекти бўлиши мумкин. Карлсон Исроил разведкаси мазкур ҳудудда уранни бойитиш ишлари қайта бошланган деб ҳисоблаётганини даъво қилди.
Унинг фикрича, объект қалин гранит қатлами остида жойлашгани сабабли одатий қуроллар билан уни йўқ қилиш қийин. Шу боис журналист ядровий қуролдан фойдаланиш варианти муҳокама қилинаётганини иддао қилган.
Карлсон Нетаняху Исроилдаги парламент сайловларидан кейин юзага келган сиёсий вазият сабаб АҚШнинг Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларини давом эттиришдан манфаатдор эканини ҳам айтган.
Журналистнинг маълум қилишича, Трамп ҳозирча эҳтимолий зарба бўйича якуний қарор қабул қилмаган. У вице-президент Жей Ди Вэнс ва махсус вакил Стив Уиткофф билан маслаҳатлашмоқда. Карлсоннинг сўзларига кўра, улар Эрон билан дипломатик келишувга эришиш тарафдори.
Айни пайтда Карлсоннинг ядровий зарба тайёрланаётгани ва Нетаняху томонидан босим ўтказилаётгани ҳақидаги иддаолари мустақил манбалар орқали тасдиқланмаган.
Эслатиб ўтамиз, Доналд Трамп 31 август куни журналистларнинг саволига жавобан Эронга қарши ядровий қурол қўллаш эҳтимолини рад этган эди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter