Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Трамп Исроилнинг Туркияга доир эътирозига қулоқ солмади

Трамп Исроилнинг Туркияга доир эътирозига қулоқ солмади

Трамп Эрдўғонни бир неча марта “дўстим” деб атади.

Фото: AA

АҚШ президенти Дональд Трамп Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг Туркияга F-35 қирувчи учоқларини сотишга доир эътирозини рад этди. Бу ҳақда Туркия оммавий ахборот воситалари хабар берди.

“Менга нимани кимга сотиш борасида биров кўрсатма беришига йўл қўймайман”, – деган Оқ уй хўжайини учоқда журналистлар билан суҳбатда.

У Туркияни “ажойиб иттифоқчи”, президент Ражаб Тоййиб Эрдўғонни эса минтақада, жумладан, Сурияда катта ишларни қилган “дўст” деб атаган.

Туркия Исроилнинг мухлиси эмаслигини тан олган Трамп Вашингтон ва Анқара ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкам эканини урғулаган.

Трамп жорий йил июль ойида Анқарада бўлиб ўтган НАТО саммитида ҳам Туркияга F-35 қирувчи учоқларини сотишга рухсат бериш борасида ижобий мужда йўллаган эди.  

Туркия 2019 йилда Россиянинг С-400 ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини сотиб олиши ортидан АҚШ томонидан F-35 дастуридан четлатилган эди. Бу қарорни адолатсиз деб атаган Туркия ҳукумати ушбу масалада Вашингтон билан музокаралар олиб бораётгани маълум.

Расмий Тель-Авив эса Туркияга қирувчи учоқлар сотилишига қарши.

Бир йил аввал ҳам Исроил ҳукуматининг юқори мартабали мулозими АҚШ Конгрессидан Туркияга F-35 қирувчи учоқларини сотишни ман этишни сўраган эди. Тель-Авивга кўра, Анқаранинг минтақавий сиёсати истиқболда Исроил давлати хавфсизлигига таҳдид туғдиради.

Сўнгги вақтларда Туркия ва Исроил ўртасида дипломатик таранглик кучаймоқда.

Исроил 2023 йил 7 октябрдан буён Ғазо секторида амалга ошираётган қонли урушни Туркия раҳбарияти кескин танқид қилиб келмоқда. Эронга уюштирилган ҳужумни ҳам Туркия қаттиқ қоралади.

Ғазо уруши сабаб Туркия Исроил билан савдо алоқалари тўхтатилишини эълон қилди.

Ғазода тинч аҳоли орасида қурбонлар сони ошиб бориши фонида Анқара ва Тель-Авив дипломатик зиддияти ортмоқда.

Ҳатто Исроилнинг кейинги ҳарбий нишони Туркия бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминлар муҳокама этилмоқда.

Таҳлилчиларга кўра, сўнгги вақтларда Туркиянинг Яқин Шарқдаги нуфузи ошиб бораётгани Исроилга ёқмаётир. Ўтган йил апрель ойида Нетаняҳу АҚШ президенти Дональд Трампга Сурияда Туркиянинг таъсири ошиб бораётганидан шикоят қилгани ва Анқарага босим ўтказишни сўрагани маълум. Аммо ўшанда ҳам Трамп Нетаняҳунинг раъйини қайтарган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг