Ўзбекистонда олий таълим: очиқ эшиклардан — сифат босқичига
Яқинда эътиборга молик бир рақам эълон қилинди: бугун Ўзбекистондаги ҳар 25 кишидан бири талаба экан. Аниқроқ айтганда, 2025/2026 ўқув йили бошида мамлакат олий таълим муассасаларида таҳсил олаётганлар сони 1 миллион 535 минг нафарга етган.
Мамлакатимизда олий таълимга кириш ва талабалар сони бўйича рекордлар ўрнатилмоқда ва янгиланмоқда. Хусусан, 2025/2026 ўқув йилида Ўзбекистондаги олий таълим ташкилотларига 409,7 минг нафар талабаликка қабул қилинди. Бу аввалги ўқув йилига нисбатан 28 минг нафарга ёки 7,3 фоизга кўпдир.
Фото: Yuz.uz
Маълумотларга кўра, магистратурага қабул қилинганлар сони бир йил ичида 21,6 минг нафардан 36,8 минг нафарга етган. Бу 70,4 фоизлик ўсиш дегани. Магистратуранинг умумий қабулдаги улуши ҳам 5,7 фоиздан 9 фоизга кўтарилди.
Умуман олганда, сўнгги беш йилда олий таълимга қабул қилинганлар сони 235,9 минг нафардан 409,7 минг нафарга етиб, қарийб 74 фоизга ошган. Айниқса, қизлар улушининг кўпайиши, магистратура қабулининг кескин ўсиши ва талабаларнинг умумий сони 1,5 миллиондан ошгани Ўзбекистонда олий таълим қамрови кенгайишда давом этаётганини кўрсатмоқда.
2025/2026 ўқув йили бошида Ўзбекистонда 215 та олий таълим ташкилоти фаолият юритган.
Булар шунчаки рақамлар эмас, балки жамиятимизда юз бераётган катта ўзгаришлар ифодасидир. Ваҳоланки, яқин-яқингача ёшларнинг аксарияти университет остонасидан ҳатлаб ўтишни тасаввур ҳам қилолмасди. Талабалик саноқлиларга насиб этувчи бахт, олий маълумотли бўлиш кўпчилик учун армон эди.
Бугун таълимда ўзгаришлар катта: хусусан, янги олий таълим муассасалари очилди, хусусий сектор кириб келди, қабул имкониятлари кенгайди, таълим жараёнларини рақамлаштириш бошланди, университетларнинг халқаро алоқалари ривожланмоқда. Натижада талабалар сони миллионлик чегарадан ошиб, университет ҳаёти жамиятнинг кенг қатламларини қамраб олган жараёнга айланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси олий таълим тизимини ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг мустаҳкам интеграциясини таъминлаш асосида таълим сифатини яхшилаш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида қабул қилинган. У соҳанинг узоқ муддатли мақсадларини белгилаб берди. 2019 йилда қабул қилинган янги таҳрирдаги «Таълим тўғрисида»ги қонун эса таълим тизимидаги муносабатларни янги талаблар асосида тартибга солди.
Албатта, олий таълимдаги ҳақиқий натижа фақат талабалар сони ёки университетлар кўпайиши билан эмас, балки битирувчиларнинг билими, кўникмаси ва меҳнат бозоридаги рақобатбардошлиги билан ўлчанади. Тизим олдидаги асосий вазифалардан бири олий таълим эшикларини кенгроқ очиш эди. Энди эса бошқа босқич: яратилган имкониятлар қандай натижа беряпти, университетлар қандай мутахассис тайёрлаяпти ва битирувчилар замонавий иқтисодиёт талабларига қанчалик мос келяпти — шулар бош масалага айланди.
Яқинда Президентимиз халқаро таълим стандартлари асосида ўрта махсус, касбий ва олий таълим дастурларини жорий этиш, нуфузли хорижий университетлар билан академик ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишиб чиқди.
Тақдимот маълумотларига кўра, Ўзбекистонда олий таълим билан қамров даражаси 9 фоиздан 44 фоизга, талабалар сони эса 270 минг нафардан 1,7 миллион нафарга етган (1,5 млн — марра эмас).
«Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» миллий тадқиқот университети ҳамда Ўзбекистон Миллий университети нуфузли халқаро рейтингларда дунёнинг энг яхши мингта олий таълим муассасаси қаторидан ўрин олди. Олийгоҳлардаги 157 та таълим дастури халқаро аккредитациядан ўтказилди.
Таъкидланишича, 2030 йилга қадар камида 5 та олийгоҳни умумий рейтинг бўйича, яна 10 тасини фан йўналишлари кесимида дунёнинг энг яхши 500 та университети қаторига киритиш мақсад қилинган. Шунингдек, 100 та олийгоҳ дастурини халқаро аккредитациядан ўтказиш, камида 150 та техникумда халқаро таълим дастурларини жорий қилиш режалаштирилган.
Олий таълим муассасалари битирувчилари ва педагогларининг камида 30 фоизини хорижий тил, касб ва мутахассислик бўйича халқаро сертификатлар билан таъминлаш, техникумларнинг 2,5 минг нафар ҳамда олийгоҳларнинг 20 минг нафар педагогини хорижда малака оширишга юбориш вазифалари белгиланган.
Хусусий университетлар тизимга рақобат олиб кирди
Энг катта ўзгаришлардан бири — нодавлат секторнинг фаол шакллана бошлаганидир. Бир неча йил аввал мамлакатда олий таълим асосан давлат университетлари атрофида қурилган эди. Бугун эса манзара анча ўзгарган: хусусий университетлар, хорижий олий таълим муассасаларининг филиаллари ва янги таълим моделлари пайдо бўлди.
Фото: Camuf.uz
Хусусий сектор университетлар ўртасидаги рақобатни кучайтирди. Рақобат ҳар қандай тизим учун муҳим ҳаракатлантирувчи кучдир. Энди университетлар нафақат талабани қабул қилиш, балки унинг ишончини оқлаш, сифатли таълим бериш ва меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассис тайёрлаш учун ҳам ҳаракат қилмоқда.
Рақамлаштириш — масофаларни яқинлаштирди
Мамлакатимизни қамраб олган рақамлаштириш эпкинлари олий таълимга янгиланишлар, одамларимиз ҳаётига қулайликлар олиб кирди.
Илгари абитуриентлар ҳужжат топшириш учун бошқа шаҳарларга бориши, навбат кутиши ва кўплаб қоғозбозлик жараёнларидан ўтишига тўғри келарди. Бугун эса бу жараёнларнинг катта қисми онлайн амалга оширилмоқда. Бу нафақат вақт ва маблағни тежайди, балки чекка ҳудудлардаги ёшлар учун ҳам олий таълим имкониятларини янада яқинлаштиради.
Рақамлаштириш университет бошқарувини ҳам ўзгартирмоқда. Аввал кўплаб жараёнлар қоғоз шаклида амалга оширилган бўлса, бугун маълумотларни электрон тарзда йиғиш, таҳлил қилиш ва қарор қабул қилиш имкониятлари кенгаймоқда. Бу нафақат талабалар учун қулайлик яратади, балки университет раҳбариятига ҳам таълим жараёнини яхшироқ бошқариш имконини беради.
Замонавий университет учун рақамлаштириш — бу фақат технология эмас. Бу бошқарув маданиятининг ўзгаришидир.
Қизларнинг олий таълимдаги иштироки — улкан ижтимоий воқелик
Ўзбекистон олий таълимидаги энг муҳим тенденциялардан яна бири — қизларнинг таълим жараёнидаги иштироки ортиб бораётганидир.
2025/2026 ўқув йилида олий таълим муассасаларига қабул қилинган талабаларнинг 55,4 фоизини қизлар ташкил этди: 409,7 минг нафар янги талабанинг 226,8 минг нафари — қизлар. Умуман олганда, 2023/2024 ўқув йилидан буён олий таълимга қабул қилинаётган қизлар сони йигитлар сонидан юқори бўлиб келмоқда.
Бу рақам ортида фақат таълим статистикаси эмас, балки жамиятдаги муҳим ўзгаришлар ҳам кўринади.
Бугун кўплаб оилалар қиз фарзандининг олий маълумот олишига аввалгидан кўра кўпроқ эътибор қаратаётгани қувонарли ҳолат. Чунки таълим нафақат касб эгаллаш, балки инсоннинг мустақил қарор қабул қилиши, ўз салоҳиятини намоён этиши ва жамиятдаги ўрнини белгилашига хизмат қилади.
Қизларнинг олий таълимдаги иштироки ортиши келажакда меҳнат бозори, илм-фан ва бошқарув соҳаларида ҳам янги имкониятларни очади.
Бу жараённи фақат таълим соҳасидаги натижа сифатида эмас, балки мамлакатнинг ижтимоий ривожланишидаги муҳим ўзгариш сифатида баҳолаш мумкин.
Олий таълимдан ишга
Олий таълим сифатини баҳолашда энг муҳим мезонлардан бири — битирувчининг кейинги тақдиридир. Ўтган ой президент Шавкат Мирзиёев учун ўтказилган тақдимотда шу масала кун тартибида бўлди.
Маълумотларга кўра, 2026 йилда республикамиз олийгоҳларини 320 минг нафар талаба битирди.
Юқорида таъкидланганидек, сўнгги йилларда ёшларни олий таълим билан қамраб олиш кўлами сезиларли кенгайгани туфайли меҳнат бозорига кириб келаётган битирувчилар сони ҳам ортиб бормоқда. Уларнинг бандлигини таъминлашда битирувчилар билан индивидуал ишлаш, уларни иқтисодиёт тармоқларидаги бўш иш ўринларига йўналтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, олийгоҳларда карьера марказлари имкониятларидан самарали фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади.
Битирувчиларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилаётган «Келажакка қадам» дастури доирасида 2025 йилда 6 мингдан ортиқ лойиҳага 378 миллиард сўм ажратилди ва қарийб 8 минг нафар ёшнинг бандлиги таъминланди. 2026 йилда эса 8 мингдан зиёд лойиҳани молиялаштириш учун 500 миллиард сўм йўналтириш ҳамда 10 мингга яқин ёшни иш билан таъминлаш режалаштирилган.
Битирувчилар бандлигини ошириш мақсадида «TalabaExpo-2026» касб кўргазмаларини ҳудудларда кенгайтириш, вазирликлар, маҳаллий ҳокимликлар ва иш берувчилар масъулиятини кучайтириш назарда тутилган. Барча жараёнлар career.edu.uz платформаси орқали мониторинг қилиниб, битирувчилар билан ишлашнинг ягона вертикал тизими жорий этилади.
Шунингдек, барча олийгоҳларда карьера марказлари фаолияти тўлиқ йўлга қўйилиб, уларнинг самарадорлиги «Битирувчи сифати индекси» асосида баҳоланади. Энг яхши натижа кўрсатган 20 та олийгоҳ карьера марказига 500 миллион сўмдан маблағ ажратилади. Жорий йилда олийгоҳ ва факультетлар миқёсида меҳнат ярмаркалари ҳамда иш берувчилар иштирокида мингдан ортиқ учрашувлар ўтказилади.
2026/2027 ўқув йилидан барча олийгоҳларда «Тадбиркорлик асослари» фани жорий этилиб, талабаларнинг стартаплари, спин-офф корхоналари, ишлаб чиқариш билан интеграцияси ва дуал таълим механизмларини кенгайтириш чоралари амалга оширилади. Бу орқали кадрлар тайёрлаш меҳнат бозори эҳтиёжларига янада яқинлаштирилиб, иш берувчиларнинг битирувчиларни иш билан таъминлашдаги иштироки кучайтирилади.
Фото: Президент матбуот хизмати
Хулоса ўрнида
Олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳақиқий самараси университетлар сони ёки қабул кўрсаткичлари билан эмас, балки иқтисодиёт учун рақобатбардош мутахассислар, янги ғоялар ва инновацияларни яратиш салоҳияти билан белгиланади. Шу маънода, Президент Шавкат Мирзиёевнинг қуйидаги фикри соҳанинг стратегик аҳамиятини аниқ ифодалайди:
«Одамларимиз яхши яшаши учун иқтисодиётимиз кучли бўлиши керак! Бунинг учун янги товар, янги хизмат, янги технология керак! Сифатли таълим тизими орқалигина буларга эриша оламиз! Бошқа йўлимиз йўқ!».


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter