Бухородаги ёнғинда бир неча уй ёниб кетди: тафсилотлар
Жорий йилнинг 6 май куни Бухоро шаҳридаги Деҳча маҳалласида кучли ёнғин содир бўлган. Бухоро вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳолат юзасидан соат 13:27 да «112» тизимидан хабар келиб тушган. Айни шу пайтда ҳаво ҳарорати +34° даражадан юқори бўлган.
Манбанинг «Xabаr.uz»га маълум қилишича, ҳавонинг юқори ҳарорати ҳам ёнғиннинг янаям ваҳимали тус олишига сабаб бўлган.
Маълум бўлишича, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан жалб қилинган 4 та қутқарув бўлинмалари соат 13:37 да манзилга етиб борган. Ёнғин 14:50 да батамом ўчирилган.
Дастлабки маълумотга кўра, яшаш уйининг 170 кв.м. майдонда том ва ички қисми, шунингдек, қўшнисининг 80 кв.м. майдонда уйининг том қисми ёнган.
Ёнғин оқибатида фуқароларнинг тан жароҳати олиш ҳолатлари қайд этилмаган.
— Айни ёнғин содир бўлаётган вақтда шу манзилга яқин ҳудуддан ўтиб кетаётган эдик. Ёнғин жуда кучли, тутуни осмон қадар бўйлаётган эди. Жуда кўп одамлар тўпланишганди. Ҳамма нимадир ёрдам беришга ҳаракат қилди. Аммо, фалокат содир бўлган жойга яқинлашишнинг ўзи ҳам жуда қийин эди. Камда 2-3 та хонадон талофат кўрганди,—дейди ёнғин ҳақида хабар берган манба.
Ижтимоий тармоқлардаги баҳсли муҳокамаларда зиён кўрган хонадонларнинг 2 тадан ортиқ экани айтилмоқда. Расмий маълумотларга кўра эса ёнғин оқибатида 2 та шахснинг хонадони жиддий талофат кўргани қайд этилган.
Ҳозирда ёнғиннинг сабаби ва моддий зарари аниқланмоқда.
Мавзуга қайтамиз.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter