Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Чорсу» бекатига сув киришига дренаж тизимидаги камчиликлар сабаб бўлди — «Тошкент метрополитени» ДУК

«Чорсу» бекатига сув киришига дренаж тизимидаги камчиликлар сабаб бўлди — «Тошкент метрополитени» ДУК

Фото: Ижтимоий тармоқлар

«Тошкент метрополитени» ДУК «Чорсу» бекатига 3 май куни сув кириши шаҳар ирригация ва дренаж тизимларининг ўз вақтида тозаланмаганлиги оқибатида юзага келганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 3 май кечки пайт Тошкент шаҳрида кузатилган кучли ёғингарчиликка шаҳарнинг аксарият ҳудудларидаги ирригация ва дренаж тизимлари дош беролмай, кўп жойларда сув тўпланиб ноқулайликларни келтириб чиқарди. 

Муносабатда таъкидланишича, метрополитен иншоотлари белгиланган тартибда доимий техник назоратдан ўтказиб борилади ҳамда фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан тегишли мутасадди ташкилотлар ва шаҳар ҳокимлигига илгари ҳам бир неча бор расмий мурожаатлар киритилган.

Ҳозирги вақтда вазият метрополитен ходимлари томонидан тўлиқ назоратга олинган, зарур чоралар кўрилган ҳамда бекат инфратузилмасининг хавфсиз ва барқарор фаолиятини таъминлаш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.

Маълумотга кўра, «Чорсу» метро бекатида вазият тўлиқ барқарорлашган. Поездлар ҳаракати белгиланган жадвал асосида узлуксиз амалга оширилмоқда. Бекат ҳудудига сув оқиб кириш ҳолати тўлиқ бартараф этилган.

Шунингдек, бекат ички қисми ҳамда кириш-чиқиш йўлаклари метрополитен ходимлари томонидан тўлиқ тозаланиб, йўловчилар учун хавфсиз ва қулай шароитлар қайта тикланган.

Бунгача ФВВ метрога кирган сувнинг катта қисми ирригация-дренаж тизими орқали табиий равишда чиқиб кетганлигини билдирганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг