Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бухородаги Шоҳруд ариғи: тарих ва маданият ўртасидаги узилиш

Бухородаги Шоҳруд ариғи: тарих ва маданият ўртасидаги узилиш

Фото: Xabar.uz

Ишдан пиёда қайтдим. Ҳаво тоза ва ёқимли. Тарихий манбаларда “Руди зар”, “Олтин ариқ”, “Шаҳар ариғи” дея турли номлар билан аталган Бухоро шаҳри ичидан оқиб ўтувчи Шоҳруд ариғи (ариқ тарихига кейинроқ тўхталамиз) бўйлаб юрар эканман, атрофида салобат тўкиб турган Бухоро давлат университети, Бухоро шаҳридаги Президент мактаби, Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Бухоро вилояти академик лицейи, вилоят маънавият ва маърифат Кенгаши биноларини ҳам бир-бир босиб ўтаман. Ариқнинг бетон қоплама устунлари устида одамлар, хусусан, талабалар, турнақор тизилишиб турибди. Ким музқаймоқ емоқда, ким салқин ичимликлардан баҳраманд, яна бири фаст-фуд таомларни паққос туширмоқда. Хуллас, бу ҳудудда жонли ижтимоий муҳит мавжуд.

Ариққа ирғитилган маданият

— Ҳе-ей, безбетларча лавашингни қоғозини отвординг-а, уят-е!, — деб юбордим шундоқ одамлар кўз олдида егулигининг ўрама қоғозини ариққа ирғитиб юборган талаба йигитга қараб.

Кутилмаган ва етмаганига бегона бир одамнинг пўписали танбеҳидан ўзини ўнглаб ололмаган талаба, шоша-пиша узр сўраб қолди. Аммо, унинг ёнида чўнқайиб ўтириб олган шериги муносабатимга қасддан кулгандек қўлидаги тунука идишли “энергетик”ни ариққа ирғитиб юборди.

— Нима, хўжайинмисиз, ариққа?! — деди.

— Қандай ўйласанг! ... Керак бўлса, ҳар бир ҳудудга... унинг тозалигини, экологиясини асраш учун сен ҳам “хўжайин” бўл! Уқдингми?! — қўполлашдим мен ҳам асабийлашиб.

Бу орада воқеага гувоҳ бошқалар ҳам  ёшларнинг “маданият”ни унутиб қўйишаётгани ҳақида  гапириб-гапириб ўтишди.

— Бўлди, опа! Камчилик мендан ўтди, — дея лаваш ўрам-қоғозини ариққа ирғитган талаба шеригини ортиқча гапирмасликка чақириб, бетон ариққа оҳиста тушиб, энгашиб, ташлаган қоғозини олган кўйи хатосини тузатди.

Бошқа ёшлар ҳам бўлиб ўтган қисқагина тортишувдан хулоса чиқардими, қўлларидаги отиб юборилишга шай чиқиндиларини олиб, бироз нарида турган чиқиндилар қутисига қараб кетишди.

Айнан шу — ёнидан Шоҳруд ариғи оқиб ўтувчи ҳудуд саналган Бухоро давлат университети Талабалар турар жойи манзилида кун давомида талабалар ва ёшлар оқими кузатилади.

Йўлимда давом этар эканман, Бухоро давлат техника университети қаршисидаги айланма катта йўл чорраҳасига туташ манзилда Шоҳруд ариғининг ҳолати кўз ўнгимда яна бир оғриқли манзарани очди. Бир пайтлар тиниқ суви билан атрофга ҳаёт бағишлаб оққан бу ариқ суви қуйқалашган, ранги ўзгарган эди. Тубигача ахлат ва турли чиқиндилар тўпланиб қолган ҳолда суст ва оғир оқарди. Оқимдаги сув эмас, инсоннинг бепарволиги оқибатлари оқиб ўтаётгандек туюларди.

Чорраҳа атрофидаги ҳаракатли ҳаёт: талабаларнинг шошилинч қадамлари, автомобилларнинг узлуксиз оқими, шаҳарнинг кундалик шовқини, ҳамма-ҳаммаси табиийдек кўринса-да, шу манзара ичидаги ариқ ҳолати ўзига хос зиддият яратади. Бир томонда билим ва тараққиёт,  ёшлар ва катталар, иккинчи томонда эса табиатнинг энг оддий қисми ҳам асраб қолинмаётгани намоён бўлади.

Ариқ бўйлаб йиғилган пластик идишлар, маиший чиқиндилар ва турли қолдиқлар сувнинг табиий ҳаракатини ҳам секинлаштирган. Оқимнинг қийинлашиб, қуйқаланиб кетиши эса фақат экологик муаммо эмас, умумий маданият ва жамоавий масъулиятнинг қай даражада эканини ҳам кўрсатади. Бу манзарани кўрган ҳар қандай кишида, табиийки, савол туғилади: бундай ҳолатга бефарқ қарашга ҳаққимиз борми?

Бу йирик манзил  табиий равишда маданий ва экологик онгнинг шаклланиши учун ҳам муҳим майдон бўлиб хизмат қилмоқда. Аммо, айнан, шу жойларда Бухоро вилоят Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси, шунингдек, Бухоро шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан ариқнинг тез-тез, ҳатто, мунтазам тозаланишига қарамасдан, инсон омили билан боғлиқ беэътиборлик оқибатида чиқиндилар ташланиши ҳолатлари ҳар куни кузатилади. Бу кўплаб меҳнат ва ресурс сарфланиб, амалга оширилган тозалаш ишларининг самарасини пасайтирмай қўймайди. Тарихий муҳитнинг софлигига салбий таъсир кўрсатади.

Бундан англаш мумкинки, айрим пайтларда амалий иш бор бўлса-да, ижтимоий масъулиятнинг ҳамда экологик маданиятнинг етишмаслиги муаммога айланмоқда.

Гоҳ-гоҳда ариқнинг худди шундай ҳолатини сайёҳлар оқимига тўла Бухоро шаҳрининг эски шаҳар қисмидан ўтувчи манзилида ҳам кузатиш мумкин.

Тарихга кўра, Бухоро воҳасининг шаклланишида Зарафшон дарёсининг ўрни беқиёс ҳисобланган. Шунинг учун ҳам тарихчи олимлар “Бухоро — Зарафшон дарёсининг инъоми” деб тарифлашган.

“Руди зар”дан Шоҳрудгача

Ёш тарихчи олим Ҳалим Тўраевнинг билдиришича, Зарафшон дарёси Бухоро воҳаси ҳудудига киргач, ундан 35 та магистрал канал ажралиб чиққан. Ушбу каналлар воҳани обод қилиб, ривожланишида муҳим аҳамият касб этган.

«Шоҳруд ариғи бой тарихга эга. Маълумки, дунёдаги илк цивилизациялар дарё ва сув ҳавзалари бўйида вужудга келган. Масалан, Қадимги Мисрда Нил ҳавзаси бўйида, Икки дарё оралиғи (Месопатамия)да Дажла ва Фрот дарёлари ўртасида, Ҳиндистонда Ҳинд ва Ганга дарёлари бўйида қадимги аҳоли манзилгоҳлари, шаҳар-давлатлар вужудга келган. Шу ўринда, Бухоро воҳасининг шаклланиши, қадимги аҳоли манзилгоҳлари, қишлоқ ва шаҳарларнинг тараққий этишида Зарафшон дарёсининг ўрни беқиёс ҳисобланади. Бевосита Бухоро шаҳрининг пайдо бўлишида Зарафшондан қуйилиб келган Шоҳруд ариғи ҳам муҳим аҳамият касб этган.

Шоҳруд ариғи қадимги Эроннинг Семнан вилоятида жойлашган қадимий ер ости сувларини бошқариш тизимидир. Канал эрамизнинг III-VII асрларигача давом этган Сосонийлар даврида қурилган, деб тахмин қилинади. Шоҳруд ариғи Мозори Шариф дарвозаси ёнидан оқиб ўтган. Ушбу ариқ тоғ сувларини қишлоқлар ва шаҳарларга етказади. Тахминан, 40 километр узунликдаги  ариқ бутун тарихи давомида қишлоқ хўжалигини таъминлаш учун муҳим рол ўйнаган. Каналнинг муҳандислиги ва қурилиши гидравлик тизимлар ва сувни бошқариш техникаси ҳақидаги қадимги форс билимларини акс эттиради» , — дейди Талъат Ҳалимов.

Суҳбатдошнинг сўзига кўра, Шоҳруд ариғининг бир қисми бўлган қанот тизими минг йиллар олдин мавжуд бўлиб, сувни бошқаришнинг мураккаб ва барқарор усулини ифодалайди. XVI асрда Шоҳруд ариғи орқали ишончли сув таъминоти деҳқонларга буғдой, арпа, мева ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш имконини берган. Қийин шароитларда маҳаллий иқтисодиёт ва озиқ-овқат хавфсизлигига ҳам ҳисса қўшган.

Бу қадимий ариқ Бухоро шаҳарсозлигининг ажралмас бўлаги ҳисобланади. У Зарафшон дарёсининг бир қисми ва шаҳарнинг энг қадимий қатламларидан тортиб, то ўрта аср шаҳристонигача бўлган ҳудудлар орқали оқиб ўтган. Археологик ва қадимий маълумотларга кўра, у Бухоро марказий рельефида муҳим йўналишга эга бўлган. Муаррих Наршахий Бухоро ва унинг атрофида ўн иккита анҳор бўлганини ёзиб, уларнинг сўнггисини айнан, “Руди зар” деб атаган, яъни шаҳарни суғорувчи асосий манба сифатида қайд этган. Унинг таъкидлашича, серсув бу дарёни халқ қазиган.

Бухоро цивилизациясини суғорган қадимий гидротизим

Ўзбекистон Миллий педагогика университети доценти, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Шавкат Бобожонов эса ариқ Бухоро шаклланишидан анча аввал ҳозирги Улуғбек ва Абдулазизхон мадрасалари, Токи Заргарон, Мир Араб мадрасаси, Минораи Калон ҳамда Масжиди Калон ҳудудлари орқали оқиб ўтганини баён қилади.

«Шу ариқ икки соҳили бўйлаб шаҳар аста-секин ривожланган ва дастлаб, уч манзилгоҳ пайдо бўлган. Бири дарёнинг ўнг соҳилидаги ҳозирги Арк қўрғони, қолган иккитаси эса Пойи Калон ансамбли ва ўрта аср шаҳристони ҳудудларидир. “Руди зар” суви Қалобод томондан шаҳар ҳудудига кириб келган. Бу ерда ёғочдан барпо этилган тўғон тизими мавжуд бўлиб, ёз мавсумида сув кўтарилганда, тўғондаги айрим ёғоч тўсиқлар босқичма-босқич очилган. Натижада дарё оқими Пойкентга йўналтирилиб, сув миқдори назорат қилинган ҳолда тақсимланган. Сувнинг асосий йўналиши Қоракўл томонга бурилгани шаҳарни сув тошқинларидан ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилган. Шу билан бирга, дарёнинг шаҳар ичидаги кириш-чиқиш нуқталарини бошқариш учун ўша даврда мураккаб гидротехник қурилмалар тизими яратилган. Тарихий манбаларда қайд этилишича, дарё шаҳарга Мозори Шариф дарвозаси (ҳозирги Бухоро юридик техникум атрофи) орқали кириб келган ва Талипоч дарвозаси (ҳозирги “Бухоро” савдо мажмуаси яқинидаги девор қисми) орқали чиқиб кетган», — дейди Шавкат Бобожонов.

Бу манбалар Шоҳруднинг қадимги Бухоро марказини шарқдан ғарбга қараб кесиб ўтганини ва унинг шаҳар ҳаётида муҳим гидрографик аҳамият касб этганини кўрсатади. Шу тариқа асрлар давомида Шоҳруд Бухоро аҳолисининг ҳаёт тарзида асосий ўрин тутган. Шоҳруд ва ундан ажралиб чикадиган бошқа ариқларнинг икки томонида пишиқ ғишт ва харсангтошлар билан ётқизилган. Уларнинг айримлари устида кўприклар хам бўлган. Шу билан бирга, у шаҳар иқлимини мўътадиллаштириш имконини берган. Юқори даражадаги иссиқ ҳавода ҳам нисбатан салқин муҳит ҳосил қилган. Бу эса Бухоронинг табиий-экологик барқарорлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилган. Бироқ, вақт ўтиши билан, айниқса, Зарафшон сувларининг бошқа йўналишларга кўпроқ тақсимланиши оқибатида, ариқнинг сув тартиби ўзгарган. Унинг тубида лойқа қатламлар тўплана бошлаган. Кейинчалик, XX асрнинг иккинчи ярмида уни қайта тиклаш ва тозалаш ишлари амалга оширилган.

Суҳбатдошнинг таъкидлашича, 1970–1975 йилларда кенг кўламли реконструкция жараёнлари ўтказилган. Ариқ туби ковланиб, тозаланган, бетон ва темир-бетон иншоотлар билан мустаҳкамланган. Бир қатор кўприклар қурилган. Кейинги йилларда ҳам босқичма-босқич таъмирлаш ва янгилаш ишлари давом эттирилиб, каналнинг гидравлик барқарорлиги сақлаб келинмоқда. Шаҳарнинг қадимий обидалари остидан оқиб ўтувчи ариқ ости 3 метр чуқурликда тозаланиб, ХVІ аср ҳолатига қайтарилган. 150 минг кубометр тупроқ тозалаш ишлари бажарилиб, 4 минг кубометр бетон, 9 минг кубометр темир бетонлар ётқизилган. Шунингдек, канал устида 13 та кўприк қурилган. Ҳозирда канал ости ва устининг кенглиги 2,8 дан 3,2 метргача. 2024 йилда “Сомоний боғи” ҳудудидан ўтувчи ариқнинг барча қисмлари реконструкция қилинган.

“Хўжайинлик” туйғуси ва фуқаролик онги

Кўриб турганингиздек, Шоҳруд ариғи тарихан Бухоронинг сув тизимида муҳим ўрин тутган, маҳаллий аҳоли учун ҳаёт манбаи бўлган.  Бироқ, вақт ўтиши билан, айниқса, бугун унинг атрофидаги одамлар таъсири, назоратсиз чиқиндилар ва етарли экологик эътибор йўқлиги бу табиий оқимни аста-секин заифлаштириб қўйди.

Йўлимда давом этар эканман, бу манзара кўз ўнгимдан узоқ кетмади. Чунки, бу ҳолат биз яшаб турган муҳит, биз яратаётган ва бир вақтнинг ўзида йўқотаётган шаҳар қиёфасидир.

Бу кўриниш тозалик билан чекланиб қолмай, жамиятнинг, айниқса, ёшларнинг умумий маданий савияси ва масъулият туйғусини ошириш кераклигини англатмоқда. Меросни асраш биргина давлат ёки хизмат ташкилотларининг вазифаси эмас, ҳар бир фуқаронинг кундалик маданий бурчи эканини унутмаслик лозим.

Мақола аввалида айтиб ўтганим, беихтиёр бир талабанинг: “Нима, хўжайинмисиз, ариққа?!”, деган сўзлари қулоғим остида жаранглайди. 

Ҳа, шу юртнинг, шу ўлканинг ҳар бир фарзанди экологик маданият, атроф-муҳит ва тарихий бойликларни асраб-авайлаш учун ўзини хўжайин ва ҳақиқий маънода масъул деб билмас экан, вазиятнинг ўзгариши қийин.

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг