Самарқандда хонадонда газ баллони портлади: 4 киши жабрлангани айтиляпти
Бир муддат олдин айрим нашрларда Самарқанд вилояти Иштихон туманида маиший газ баллони портлагани, ҳодиса оқибатида эса камида 4 киши жабрлангани ҳақида хабарлар тарқалган ва ўз навбатида ушбу бахтсиз ҳодисанинг тафсилотлари маҳаллий ҳокимият томонидан яширилаётгани айтилган эди.
Воқеадан 2 кун, ОАВда эълон қилингандан сўнг эса ярим соат ўтиб, «Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти филиали жабрланувчилар сони ва аҳволи ҳақида маълум қилинмаган баёнотини эълон қилди.
Унда айтилишича, Самарқанд вилояти Иштихон тумани «Деҳқонобод» МФЙда 2026 йил 10 феврал куни маиший газ баллони билан боғлиқ ҳолат содир бўлган.
«Дастлабки маълумотларга кўра, истеъмолчига белгиланган тартибда тўлдирилган маиший газ баллони етказиб берилган. Газ баллони техник кўрикдан ўтказилган бўлиб, соз ҳолатда топширилган ва қабул қилиш жараёнида газ сизиб чиқиш ҳолати аниқланмаган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тегишли мутасадди ташкилотлар иштирокида комиссия тузилиб, барча ҳолатлар атрофлича ўрганилмоқда», – дейилади расмийлар ахборотида.
Бироқ, «Дарё» нашрининг ўз манбаларига таяниб ёзишича, 10 феврал куни Тоғайбий қишлоғи турғунига берилган газ баллони дастлаб газ сизиб чиқаётгани учун алмаштириб олинган. Бахтга қарши, янги берилган газ баллони ҳам носоз бўлган. Буни сезмаган хонадон эгаси уни бирор мосламага уламасдан хонага киритиб қўйган. Хона эса носоз баллон сабаб газга тўлган ва портлаш содир бўлиб, ёнғин чиққан. Оқибатда уйнинг эгаси (эркак), унинг келини ва яна икки набираси (қизлар) куйиш аломатлари билан касалхонага ётқизилган.
Нашр манбаси жабрланувчиларнинг аҳволи оғирлигини айтган.
«Дарё», шунингдек, портлашдан сўнг қишлоққа келган Иштихон тумани ҳокими Фазлиддин Рўзиев жабрланувчиларнинг даволанишига ҳам, уйини қайта тиклашга ҳам ёрдам кўрсатилишини ваъда қилгани, лекин ҳодисани интернетга чиқариб юбормасликни қатъий тайинлаганини ёзмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter