Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Дунёда очарчилик бошланса, Ўзбекистон ўзини боқа оладими?

Дунёда очарчилик бошланса, Ўзбекистон ўзини боқа оладими?

Иллюстратив фото

Бугунги глобаллашув даврида давлатнинг қудрати нафақат унинг қуролли кучлари ёки олтин захиралари, балки ўз аҳолисини тўлиқ боқа олиш салоҳияти билан ҳам ўлчанмоқда. Озиқ-овқат мустақиллиги шунчаки иқтисодий кўрсаткич эмас, бу — миллий хавфсизликнинг асосий устунидир. Хўш, дунё харитасида қайси давлатлар ушбу синовдан муваффақиятли ўтмоқда ва Ўзбекистоннинг бу борадаги ўрни қандай?

Тасаввур қилинг, дунёда катта инқироз юз берди ва барча савдо йўллари ёпилди. Қайси давлат ўз халқини оч қолдирмай, барча зарур маҳсулотлар билан таъминлай олади? Nature Food журналининг тадқиқоти кутилмаган натижаларни юзага чиқарди. Олимлар еттита асосий маҳсулот гуруҳини (дон, мева, сабзавот, гўшт, сут, балиқ ва дуккаклилар) ўрганиб чиқишганда, атиги битта мамлакат бу имтиҳондан «аъло» баҳо билан ўтди.

Бу на АҚШ, на Хитой ва на Россия. Бу Жанубий Америкадаги кичик Гайана давлати — биз бу ҳақда олдин ҳам ёзганмиз. Фақатгина Гайана ўз аҳолиси учун еттита гуруҳнинг барчаси бўйича етарли маҳсулот етиштириб, ҳатто ортиқчасини экспорт қилишга ҳам улгурмоқда.


Мавзу доирасида: Озиқ-овқат мустақиллигига эришган ягона мамлакат (видео)


Ҳатто энг йирик аграр гигантларнинг ҳам «нозик жойлари» бор. Масалан, АҚШ, Канада ва Россия мева-сабзавот импортига қарам, Хитой ва Ветнамда сут маҳсулотлари танқис. Бу шуни англатадики, глобал дунёда тўлиқ озиқ-овқат мустақиллиги — ноёб ҳодиса.

Мамлакатларнинг озиқ-овқат мустақиллиги харитаси 

Хитой ва Ветнам еттита тоифадан олтитаси бўйича ўзини таъминлаб, бу кўрсаткичга жуда яқин турибди. Бироқ, айтилганидек, ҳар икки мамлакатда ҳам сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришда танқислик кузатилмоқда, бу эса тармоқдаги таркибий чекловлар билан боғлиқ.

Канада ва АҚШ каби юксак тараққий этган мамлакатлар еттита тоифадан фақат тўрттасини ишлаб чиқара олади — гўшт, сут маҳсулотлари, дон ва дуккаклилар етиштириш уларнинг кучли жиҳатлари.

Бу кўп жиҳатдан география ва иқлим билан белгиланади. Шимол мамлакатларида вегетация даврининг қисқалиги янги маҳсулотлар етиштиришни чеклаб қўяди. Натижада, ҳатто юқори ривожланган аграр тизимлар ҳам ички ресурслар ҳисобига мувозанатлашган рационни тўлиқ таъминлашга қодир эмас.

Яқин Шарқ ва Шимолий Африка энг кам ўз-ўзини таъминлайдиган минтақалар қаторига киради. Бунинг асосий сабабларидан бири сув ресурсларининг танқислигидир: дунё аҳолисининг қарийб 6 фоизи ушбу минтақага тўғри келади, бироқ қайта тикланадиган чучук сув захираларининг 2 фоиздан камроғи мавжуд бўлиб, бу қишлоқ хўжалиги ривожланишини жиддий чеклайди.

Балиқ ва денгиз маҳсулотлари глобал озиқ-овқат занжирининг энг заиф бўғини бўлиб қолмоқда. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) маълумотларига кўра, жаҳон аквакултурасининг қарийб 91 фоизи Осиё ҳиссасига тўғри келади. Бундай концентрация кўплаб мамлакатларнинг, ҳатто гўшт ёки ўсимлик маҳсулотлари билан ўзларини мустақил таъминлай олсалар-да, денгиз маҳсулотлари импортига қарамлигига олиб келади.

Манба: Nature Food

Ўзбекистон ўзини боқа оладими? Еттита асосий маҳсулот бўйича таҳлил

Харитадаги рангларга кўра (кўк ранг — етарли даражада ишлаб чиқариш, қизил ва пушти ранглар — танқислик ёки импортга боғлиқлик), Ўзбекистондаги ҳолат қуйидагича:

Мевалар (Fruits) ва Сабзавотлар (Vegetables): Бу йўналишларда Ўзбекистон тўлиқ мустақил (кўк ранг билан белгиланган). Мамлакатимиз нафақат ички эҳтиёжини қоплайди, балки экспорт салоҳиятига ҳам эга.

Гўшт маҳсулотлари (Meat): Ўзбекистон гўшт етиштириш бўйича ҳам ўзини таъминлай олиш имкониятига эга давлатлар қаторига киритилган.

Донли ва крахмалли маҳсулотлар (Starchy staples): Бу тоифада ҳам кўрсаткичлар ижобий (кўк ранг), яъни асосий истеъмол маҳсулотлари билан ички бозор таъминланган.

Сут маҳсулотлари (Dairy): Ўзбекистон — ўзини таъминлай оладиган давлатлар қаторида.

Дуккаклилар, ёнғоқлар ва уруғлар (Legumes, nuts and seeds): Гарчи харитада Ўзбекистон қизил рангда кўрсатилса-да, бу борада ҳам имкониятларимиз унчалик ёмон эмас. Ўзбекистонда дуккаклилар (мош, нўхат) кўп етиштирилади, бироқ ўсимлик ёғи олинадиган айрим уруғлар ёки баъзи турдаги ёнғоқлар бўйича Ўзбекистон импортга таянишга мажбур. Бу кўпроқ бизнинг иқлим шароитимиз билан боғлиқ омил.

Балиқ (Fish): дунёнинг аксарият мамлакатлари қаторида, Ўзбекистоннинг заиф нуқтаси сифатида балиқ маҳсулотлари кўрсатилган (тўқ қизил ранг). Бу мамлакатнинг денгизга чиқиш имконияти йўқлиги ва ички сув ҳавзаларида балиқ етиштириш ҳажми истеъмолга нисбатан камлиги билан изоҳланади.

Ўзбекистоннинг еттита асосий маҳсулот бўйича кўрсаткичлари

Ўзбекистон ва дунё гигантлари кўрсаткичлари солиштирилганда:

  • Гайана: 7 та тоифа (Мутлақ етакчи)
  • Хитой / Ветнам: 6 та тоифа
  • Ўзбекистон / Россия / Бразилия / Австралия: 5 та тоифа
  • АҚШ / Канада: 4 та тоифа
  • Ҳиндистон / Покистон: 3 та тоифа.
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг