Сув таъминоти ходимини урган шахс қўлга олинди
Сув таъминоти ходимини урган шахс ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.
Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти, Ўзбекистон туманида хизмат вазифасини бажараётган сув таъминоти ходими калтаклангани ҳақида хабарлар тарқалди.
Аниқланишича, жорий йилнинг 9 март куни «Фарғона сув таъминоти» МЧЖнинг Ўзбекистон тумани филиали инспектори Д.С. тумандаги Сочтепа кўчасида жойлашган хонадонлардан бирига борган. Ушбу хонадонда сув таъминоти ҳолатини ўрганиш давомида рўйхатдан ўтказилмаган ҳисоблагич мавжудлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, жарима қўлланилиши ҳақида маълум қилинган вақтда ушбу хонадонда яшовчи фуқаро Фазлиддин Пардаев хизмат вазифасини бажараётган инспектор Д.С.га қаршилик қилиб, жанжаллашган. Жанжал давомида Ф.Пардаев ўша ерда бўлган ёғоч бўлаги билан инспектор Д.С.нинг бош қисмига уриб, унга тан жароҳати етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Гумонланувчи Ф.Пардаев процессуал тартибда ушланган.
Ҳозирда прокуратура томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади прокуратура хабарида.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter