Совуқ антициклон кириб келяпти
Бугундан бошлаб мамлакатимиз ҳудудига совуқ антициклон кириб кела бошлайди. Шу муносабат билан атмосфера ҳавоси сифати ёмонлашиши кутилмоқда. Ҳаво айланишининг сустлиги ва ҳарорат инверсияси шаклланиши эҳтимоли туфайли ифлослантирувчи моддалар атмосферанинг ерга яқин қатламида тўпланиб боради.
Айни пайтда ҳудудда ҳарорат инверциясининг шаклланишига олиб келувчи метеорологик шароитлар кузатилмоқда. Бу кечаси +5…+7 даража ва кундузи +16…+18 даража бўлган кескин ҳарорат фарқи билан боғлиқ. Тошкент шаҳри нам ва нисбатан салқин ҳаво массаси таъсирида қолмоқда. Эрталабки соатларда туман, юқори намлик ва деярли шамолсиз об-ҳаво кузатилиб, бу ҳаво алмашинувининг жуда секин кечишига сабаб бўлади. Натижада чиқиндилар шаҳар ҳудудида сақланиб қолади.
Атмосферада шаҳарга хос бўлган одатий ифлослантирувчи моддалар тўпланади. Уларнинг асосий манбалари автотранспорт, иситиш тизимлари, ёқилғини ёқиш ҳамда саноат чиқиндиларидир. Бундай шароитда ифлослантирувчи моддаларнинг тарқалиши суст кечади ва ҳавода чанг ҳамда майда дисперсли заррачалар концентрациясининг ортиши кузатилиши мумкин.
Бундай вазият яқин уч кун давомида сақланиб туриши мумкин. 10 мартга келиб совуқ антициклон мамлакатимиз ҳудудини тўлиқ қамраб олади. Ҳаво ҳарорати барқарорлашиши, шамол тезлигининг ошиши ҳамда ёғингарчилик кузатилиши натижасида атмосфера ҳавосидаги ифлослантирувчи моддалар тарқалиши кутилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter