Навоийда отаси томонидан оғзига пайпоқ тиқилган чақалоқ вафот этди
Навоий вилояти Хатирчи туманида 5 ойлик чақалоқ отасининг зўравонлиги қурбони бўлди.
Ҳодиса 10 январь куни содир бўлган. Ота бола йиғламаслиги учун унинг оғзига пайпоқ тиққан. Натижада чақалоқда ўткир ҳаво етишмаслиги кузатилиб, у кўкариб кетган. Шундан сўнг онаси болани шошилинч равишда шифохонага олиб борган. Бироқ шифокорлар боланинг ҳаётини сақлаб қола олишмаган, у тўрт кун ўтиб тиббиёт муассасасида вафот этган.
«10 январь куни тахминан тун яримида бемор ниҳоятда оғир аҳволда олиб келинди. У клиник ўлим ҳолатида эди, нафас олиши ва юрак уриши йўқ эди. Биз юрак-ўпка реанимациясини ўтказдик, шундан сўнг юрак фаолияти тикланди. Тўрт кун давомида бола реанимация бўлимида стандарт протокол асосида даволанди, зарур мутахассислар томонидан кўрикдан ўтказилди. Аммо 14 январь куни соат тахминан 22:00 да биологик ўлим қайд этилди. Шундан сўнг ички ишлар органлари ходимлари чақиртирилди, жасад экспертизага юборилди», — деди шифокор Урал Раҳматуллаев «Zamon» дастурига берган интервьюсида.
Маҳалла вакилларининг маълум қилишича, бу эркакнинг иккинчи никоҳи бўлган. Биринчи оиласида ҳам у фарзандларига нисбатан зўравонлик қилган. У билан бир неча бор профилактик суҳбатлар ўтказилган.
Навоий вилояти ИИБ маълумотига кўра, мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан оғир тан жароҳати етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ота ҳибсга олинган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter